Саёзлашиб бораётган Каспий: уни Орол тақдири кутяптими?

    Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситалари орқали Каспий денгизининг сув сатҳи пасайиб бораётгани, унда экологик муаммолар юзага келаётгани, ноёб жониворлар нобуд бўлаётгани ҳақидаги хабарларга тез-тез дуч келяпмиз. Каспий денгизи нега саёзлашмоқда? Бу минтақа экологик тизимига қанчалик ўз таъсирини кўрсатади? Шарҳимиз давомида ана шу саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

    Тахминан 370 000 квадрат километр майдонга эга Каспий денгизи сайёрамиздаги энг катта кўл бўлиб, Қозоғистон, Озарбайжон, Россия, Туркманистон ва Эрон томонидан биргаликда фойдаланадиган сув ҳавзасидир. Кейинги пайтларда дунё жамоатчилиги эътибори Каспий денгизининг экологик фалокатига қаратилмоқда. Экспертларнинг фикрига кўра, Каспий денгизининг сув сатҳи 2006 йилдан буён 2 метрга пасайган. Энг узун қирғоқ чизиғига эга Қозоғистон бу ўзгаришларнинг кескин оқибатларини кўпроқ бошдан кечирмоқда. Шу боис, мазкур мамлакатда Каспий денгизи сув сатҳининг катта тезликда пасайиб бораётгани ва биохилма-хиллиги борасида хавотирлар кучайиб боряпти.

    Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқида мазкур муаммо ҳақида тўхталиб ўтгани мазкур хавотирлар қанчалик асосли эканидан далолат беради. У ўз нутқида кўплаб муммолар қаторида Каспий денгизига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди, жумладан, шундай деди: “Айни пайтда, Каспий денгизи тезликда саёзлашиб боряпти. Бу энди нафақат минтақавий муаммо, бу глобал хавотирдир.

    Шунинг учун биз минтақавий ҳамкорларимиз ва бутун халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликда Каспий сув ресурсларини сақлаб қолиш учун шошилинч чоралар кўришга чақирамиз”, деди у.

    Кўл нега саёзлашяпти?

    Каспий денгизи сатҳи биринчи марта пасайгани йўқ. Россия Табиий ресурслар вазирлиги XX асрда икки ўзгариш даври бўлганини маълум қилди. Биринчиси, 1930 йилдан 1977 йилгача давом этди. Бу даврда Каспий денгизи сатҳи 3 метрга пасайган эди. Иккинчиси, 1978 йилдан 1995 йилгача бўлган даврни ўз ичига олади. Бу даврда сув сатҳи 2,4 метрга кўтарилган ва аввалги йўқотишларнинг ўрни анча қопланган. 1995 йилдан бошлаб кўл сувининг сатҳи яна пасая бошлаган ва бу ҳолат бугунги кунга қадар давом этяпти. Бу ўзгаришлар олимларни хавотирга солмоқда. Чунки кўлнинг сув сатҳи бундан ҳам пасайиб кетиши мумкин.

    Сўнгги ўн йилликларда олимлар Каспий денгизининг нима учун саёзлашиб бораётгани ҳақида кўплаб назарияларни ишлаб чиқишди. Хусусан, кўлда сув сатҳининг пасайиши денгиз юзасидан сувнинг буғланиши билан боғлиқ, деб қаралмоқда. Яъни, иқлим ўзгариши ва оқибатда ҳаво ҳароратининг кўтарилиши сув ҳароратининг ошишига олиб келади, бу эса денгизнинг ўзида буғланишни кучайтиради.

    Мутахассисларнинг таъкидлашича, шамолларнинг йўналиши ҳам намликнинг буғланишига таъсир қилади. Агар шамол шарқдан, Марказий Осиё чўлларидан эсса, ҳаво сезиларли даражада исийди, Каспий денгизи сувини иситади ва унинг тезроқ буғланишига олиб келади. Агар шамол шимолий ёки шимоли-ғарбий томондан эсса, буғланиш камроқ бўлади.

    Маълумки, Каспий денгизи ёпиқ сув ҳавзаси ҳисобланади. Унинг сув миқдори қай даражада бўлиши сув оқимининг кириб келиши ва унинг сарфига боғлиқ. Унинг асосий сув манбаи Волга дарёси бўлиб, у кўлнинг 80 фоиз сув захирасини таъминлайди. Атмосфера ёғинлари ва озроқ даражада ер ости сувлари оқими ҳам кўлни “тўйинтиради”.

    Иқлим ўзгариши, глобал исиш ёғингарчиликнинг камайишига олиб келади. Ёғингарчилик камайиши Каспий денгизи, қолаверса унга қуйиладиган Волга дарёсининг ҳам сув ҳажмига таъсир этади. Шу боис, Каспий денгизининг саёзлашиб бораётгани асосан Волга дарёси билан боғлиқ.

    “Каспий денгизи 80 фоиз Волга дарёсидан тўйинади. Иқлим ўзгариши оқибатида ёғингарчиликнинг камаяётгани ва дарё бўйлаб тўғонлар қурилаётгани денгизга етарли миқдорда сув оқишига тўсқинлик қилмоқда. Бу сув сатҳининг пасайишининг асосий сабаби”, деб тушунтирди “Save The Caspian Sea” (“Каспий денгизини қутқаринг”) экологик ҳаракати асосчиси Вадим Ни.

    Сўнгги 10-12 йил ичида Волга дарёсининг ҳажми Каспий денгизи сатҳидаги тебранишлар билан таққосланса уларнинг сув миқдори ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик намоён бўлади. Волга дарёснинг сув ҳажми унинг ирмоқлари – Кама, Ока дарёлари ҳавзаларидаги ёғингарчилик миқдорига ҳам боғлиқ.

    Шунингдек, кўлнинг саёз қисмида, айниқса дельта ҳудудларида ўсимликларнинг сув истеъмоли юқорилиги ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда.

    Ноёб жониворлар нобуд бўлмоқда

    Каспий денгизининг саёзлашиши табиий ландшафтни ўзгартирмоқда. Балиқлар кўпаядиган, қушлар уя қурадиган ва миграция пайтида улар учиб келиб, қўнадиган жойлар йўқолиб бормоқда, айрим жойларда соҳил чекинмоқда.

    Денгизга антропоген таъсирни ҳам инкор этиб бўлмайди. Нефть қазиб олиш, шу жумладан унинг тўкилиши Каспий денгизидаги ифлосланишнинг асосий манбаи ҳисобланади. Бундан ташқари, Волга дарёси кўплаб шаҳарлар орқали оқиб ўтади ва унинг суви Каспий денгизига жуда кўп миқдордаги саноат ва маиший чиқиндиларни олиб киради. Бу чиқиндилар таркибида синтетик моддалар, феноллар, нефть маҳсулотлари ва оғир металлар мавжуд. Пластик чиқиндилар муаммоси ҳам тобора кучайиб боряпти.

    Денгизнинг саноат ва нефть чиқиндилари туфайли ифлосланишидан ташқари, Каспий денгизи биохилма-хилликнинг камайиши хавфи остида, чунки балиқлар ва Каспий тюленлари популяцияси камаймоқда.

    Каспий тюлени кўлдаги ягона сутэмизувчи ҳайвон. 2008 йилда Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи уни йўқолиб кетиш хавфи остидаги жониворлар рўйхатига киритди. Мазкур тур Қозоғистон Қизил китобидан ҳам жой олди. XX аср бошларида Каспий денгизидаги тюленлар сони 1,2 миллионтани ташкил этди. Ўтган асрнинг 70-йилларида уларнинг сони 600 мингга камайди. Ҳозирда уларнинг сони 75 000 – 270 000 минг атрофида.

    Сўнгги пайтларда Каспий қирғоқларида ўлик тюленларнинг қирғоққа чиқиб қолаётгани ҳақидаги хабарларга тез-тез кўзимиз тушяпти. Яқинда Қозоғистоннинг Тупкараган туманида қирғоқбўйи тадқиқоти давомида 112 та ўлик Каспий тюлени топилгани хабар қилинди. Бу Қозоғистонда Каспий тюленларининг оммавий қирилиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. Мамлакат Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Балиқчилик қўмитаси 2024 йил ноябрдан 2025 йил майгача топилган ўлик тюленларнинг умумий сони 2194 тани ташкил этганини хабар қилганди.

    Каспий денгизида мазкур жониворларнинг нима сабабдан нобуд бўлаётгани хусусида турли қарашлар мавжуд. Россия Давлат Думасининг Экология, табиий ресурслар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раисининг ўринбосари Александр Коган Миллий янгиликлар хизмати агентлигига (НСН) берган интервьюсида бу борада шундай деди:

    “Каспий денгизининг узоқ муддатли ифлосланиши тюленларнинг организмида токсинлар тўпланишига олиб келмоқда ва бу иммунитет танқислигини келтириб чиқаради. Бу ўтмишда эпизоотиялар (масалан, 2000 йилда) тасдиқлаганидек, уларни касалликларга мойил қилади. Шунинг учун, иммунитетнинг заифлашиши фонида инфекциянинг авж олиши ўта реал сценарийдир. 2022 йил охирида тюленларнинг оммавий нобуд бўлиши табиий газ чиқиши туфайли уларнинг бўғилиб қолиши билан боғлиқ эди (Каспий денгизида кўплаб лой вулқонлар мавжуд). Бу эҳтимолни ҳам эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Бундан ташқари, Каспий денгизи фаол нефть ва газ қазиб олинадиган минтақадир, шунинг учун заҳарли моддаларнинг тўкилиши ёки бошқа техноген таъсирни ҳам инкор этиб бўлмайди. Тўлиқ тадқиқотлар ўтказмасдан битта сабабни эълон қилишга эрта”, деди у.

    Орол фожиаси такрорланадими?

    Экспертлар Каспий денгизи сув ҳажмининг 90 фоиздан ортиғини йўқотган Орол денгизининг тақдирини такрорлаш хавфи остида эмас, деб ҳисобламоқда. Бу иккита кўлнинг чуқурлик даражасидаги катта тафовут билан боғлиқ. Орол денгизи ҳатто ўзининг энг серсув даврида ҳам максимал чуқурлиги тахминан 66 метр бўлган саёз сув ҳавзаси эди. Каспий денгизининг чуқурлиги эса айрим жойларида 1000 метрдан ошади. Кўлнинг сув ҳажми жуда катта бўлгани учун унинг тўлиқ қуриб қолиши мумкинлиги эҳтимоли инкор этиляпти.

    Бироқ, жараёнларда ўхшашликлар бор, албатта. Сўнгги йилларда Каспий денгизи сув сатҳининг пасайиш суръатини Орол денгизининг тез қуриб бориши давридаги пасайиш суръати билан таққослаш мумкин. Икки сув ҳавзаси минтақадаги ёғингарчиликка таъсир қилувчи атмосфера жараёнлари орқали билвосита боғлиқ.

    Орол денгизининг қуриб кетиши жиддий гуманитар муаммоларга олиб келди: очиқ денгиз тубидан туз ва чанг бўронлари, ер усти ва ер ости сувларининг шўрланиши ва қишлоқ хўжалиги ерларининг деградацияси аҳолининг иқтисодий фаровонлиги ва соғлиғига бевосита таъсир кўрсатди. Ҳозирча Каспий минтақасида кўлнинг саёзлашишининг одамлар саломатлигига таъсири билан боғлиқ ҳолатлар аниқлангани йўқ.

    Кўрилаётган чоралар

    2003 йил 4 ноябрда Эроннинг Теҳрон шаҳрида Каспий денгизининг денгиз муҳитини муҳофаза қилиш бўйича Доиравий Конвенция қабул қилинган бўлиб, у бешта Каспий бўйи давлатлари: Озарбайжон Республикаси, Эрон Ислом Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Россия Федерацияси ҳамда Туркманистон Республикаси вакиллари томонидан имзоланган. Мазкур минтақавий халқаро Конвенция 2006 йил 12 августда кучга кирган. Шу боис, ҳар йили 12 август куни Халқаро Каспий денгизи куни нишонланади.

    Конвенция Каспий денгизи муҳитини ифлосланишдан муҳофаза қилиш, унинг биологик ресурсларини ҳимоя қилиш, сақлаш, тиклаш, барқарор ва оқилона фойдаланишни назарда тутади. Бу минтақада экологик ҳамкорлик учун пойдевор қўйди ва беш давлатнинг Каспий денгизининг ноёб экотизимини сақлаб қолиш бўйича оқилона ва самарали ҳамкорликка содиқлигини яна бир бор тасдиқлади. Конвенция тўртта баённомадан иборат: “Нефть ифлосланиши ҳодисаларига қарши курашишда минтақавий тайёргарлик, жавоб чоралари ва ҳамкорлик”, “Каспий денгизини қуруқликдаги манбалар ва фаолиятдан келиб чиқадиган ифлосланишдан ҳимоя қилиш”, “Биохилма-хилликни сақлаш” ва “Трансчегаравий контекстда атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш”.

    2018 йил 12 августда Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги Конвенция имзоланди – бу минтақа учун асосий ҳужжат бўлиб, Каспий денгизининг халқаро ҳуқуқий мақомини ва Каспий бўйидаги давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг асосий тамойиллари ва тартибларини белгилайди.

    Мазкур Конвенциялар доирасида олиб борилаётган ишларга қарамай, Каспий денгизининг суви саёзлашиб, экологик ҳолати тобора ёмонлашиб бормоқда. Буни глобал исиш, антропоген омиллар ва сув ресурсларини самарасиз бошқариш билан боғлаш мумкин. Бу омилларнинг барчаси Каспий денгизи сатҳининг пасайишига олиб келмоқда, бу эса қирғоқбўйи давлатларнинг биохилма-хиллиги ва ижтимоий-иқтисодий ҳолати учун узоқ муддатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Гарчи оқибатлар ҳозирча катта кўламда намоён бўлмаётган бўлса-да, вазият яқин келажакда ёмонлашиши ҳеч гап эмас. Мавжуд вазият ҳамда Орол денгизи тақдири такрорланишининг олдини олиш масъулияти Каспийбўйи мамлакатлардан кўлнинг сув ресурсларини тартибга солиш, экологик барқарорликни таъминлаш бўйича ўз вақтида зарурий чоралар кўришни тақозо этади.

    Шаҳзод Ғаффоров,

    “Yuz.uz” шарҳловчиси

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates