Сайёр хизмат нима эканлигини кашф қилдим

    Ижтимоий ҳаёт 17 сентябр 2021 3136

    Тунов куни денг, Давлат хизматлари марказимизга ногиронлиги бор фуқаро номидан унинг қизи бир йиллик нафақа пуллари ҳақидаги маълумотнома олишга келди.

    Мен бундай ҳужжатлар фақат фуқаронинг бевосита ўзига берилишини, иккинчи шахсга маълумотномани бериб юборишга қонунан ваколатим йўқлигини тушунтирдим. Бироз ноқулай ҳолатга тушган аёлнинг юзидан ушбу ҳужжат жуда муҳим эканлигини англадим. Марғилонча лутф билан аҳволи, оилавий шароити ҳақида қизиқдим. Кейин билсам, бемор узоқ йиллардан буён қанд касаллиги билан курашаркан.

    Расман тўғри иш қилган бўлсам ҳам негадир аёлнинг ноумид аҳволда бир нуқтага қараб қолгани ҳеч кўз ўнгимдан кетмади. Тушликкача мижозлар билан ишлаб ҳам фикримни жамлай олмадим. Ўша вазият ҳаёлимдан кетмади. Эҳтимол, аёл бечора марказга қандай қилиб падари бузрукворини олиб келиш масаласи билан бош қотиргандир..., билмадим!

    Хуллас, ногиронлиги бор отахонга тегишли бўлган бир йиллик нафақа маълумотномасини қўлтиғимга қистириб ўша манзилга жўнадим. Бордим. Кўрдим. Шароитлари билан танишдим. Ҳақиқатдан ҳам ота жиддий бемор эди. Имкон қадар камроқ юришга, ҳовлида очиқ ҳаводан баҳра олишга интиларди. Бироз суҳбат қургач, вазиятни тушунтирдим. Маълумотномани қўлига бердим. Билсам унинг қизи ҳали уйга қайтмаган экан.

    Қайтар маҳалда бемор эгнимдаги расмий либосимга ўзгача иштиёқ билан тикиларкан, қўлини дуога очди: Шундай кунлар келгани рост бўлсин, давомли қилсин. Бизга чиройли муомалада бўляпсиз, илоҳим фарзандларингиздан юз чандон бўлиб қайтсин...

    Елкамдан шахсий масъулият ва юк ағдарилиб енгил нафас олдим. Дарвозадан кўчага отланарканман, бугунгача кўрсатган сайёр хизматларимиз орқали минглаб, миллионлаб дуога очилган қўлларни ҳис қилдим. Шу куни сайёр хизмат нима эканлигини ўзимга қайта ва қайта яна кашф қилдим...

    Марғилон шаҳар Давлат хизматлари маркази ходимидан ёзиб олинди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates