Сен шундай кўркамсан, кўкламой фаслим

    Бўш вақтда 16 март 2021 1184

    Яна келдингми баҳорим, гулоблар сепиб, борлиққа ажиб ифор таратиб, осмонингда қуёш юзин яширар, ёмғирлар ёғади дилга хуш ёқиб. Атрофга таралар насимлар иси, далаларда майса уна бошлайди, бойчечак уйқудан турган маҳали офтоб уни эркалаб нурин сочади. Баҳорим, мен сени соғинганим рост.  Хушбўй нафасларинг кўнглим очади, юракда ғуборлар заҳрини ювиб, энг гўзал манзара бўй кўрсатади.

    Сен шундай азизсан мукаррам фаслим. Бағрингда ниш урар кўклам нафаси, тегрангда чархд уриб айланар бугун, баҳорнинг эркатой қалдирғоч қуши. Осмонлари шаффоф, сувлари зилол, боғларида жаннат гуллари бисёр, ой ҳам эгилади мисоли ҳилол, қараган одамнинг учади ҳуши. Гулу-райҳонларнинг муаттар ҳиди борлиққа мушк анбар бўлиб таралар, ёш қизлар сочига таққан гулчамбар, кекса момоларга жуда ҳам ёқар. Наврўзи оламда пишган сумалак, таъмини тотгани келар хорижлик, дейди – қани бир марта бўлса ҳам, менинг юртимда, дошқозонда пишса сумалак.

    Наврўзи олам, буюк бир байрам, эътиқод нуридан диллар шод бўлар, мурувват қилганда сахий инсонлар, кўнгли яримларнинг қалби ёришар. Уруғ қадамоққа шошган деҳқоним, ҳосилинг мўл бўлсин, ризқимиз бутун, пешона терингла, қилган меҳнатнинг роҳатини кўрсин элу-улусинг.

    Сен шундай кўркамсан, кўкламой фаслим, ҳар бир гўзал кунинг юракка татир. Ҳам кўнгилга мадор, ҳам танга қувват, юракни титратган эркатой фаслим, не-не дилларга ўт ёққан, сеҳру-синоатга бурканган фаслим.

    Онам сени севиб кутгувчи эди, райҳонингни кўзга суртгувчи эди, минг бир дуо-ю ташбеҳлар ила ҳатто нафасларинг қучгувчи эди. Бугун ўша калом менинг тилимда, онам ўгитлари яшар дилимда, баҳорим борингдан айланай сенинг, хушбўй ифорларинг жонимда менинг.

    Эзғин хаёлларни тарк этсин кўнгил, кела қол баҳорим сулув Наврўзгул!

    Ёмғир томчилари ювар юзимни, қулоғимга чалинар маъюс бир наво, онамнинг алласи бўлиб таралар, кўнгиллардан ғамни артиган садо. Хуш насимлар эсар, чарақлар қуёш, уфқ мамнун кўтарар ердан бошини. Табиат борлиққа сепини ёйиб, кўз-кўз қилар ҳусну жамолини.

    Биз сезмай қолибмиз баҳор келибди, қадамида гул-у райҳонлар билан. Ариқларда оқар зилол сувлар-у, кўм-кўк майсалари чечаги билан. Ҳаволар хушнафас, тонглар мунаввар, шабнамда чайилар ер заҳалари, азизим замондош оламга бир боқ, дилингни яйратар хуш наволари.

    Азиз асрдошим, қаддингни тик тут. Кўнглингдан чиқаргин ғуборларингни, атрофга бир қара, нафас ол тўйиб, қишга бериб юбор аразларингни. Оппоқ қорлар каби эрисин сингиб, юракнинг доғлари, қалб яралари. Азоблар, армонлар, қайғу ва ғамлар сизлардан кетсинлар, нарироқ, нари.

    Қадрдоним, бунча хомушсан. Нелар ўртамоқда юраккинангни, нечун ҳорғин хаёлга чўмдинг, баҳорга айта қол, истакларингни. Баҳор ифорлари бошинг силайди, сочингни ўйнайди майин саболар. Ёмғир шивалайди кўз ёшинг бўлиб, буни кўриб ўксик кўнглинг кўтарилар. Фақат, сен ўксима, йиғлама сира, ташвишларингдан ҳам бир оз бургил юз, кўзларингни юм-у, самога қара, ўзингни тутиб бер шабодаларга.

    Тилаклар тилайди она табиат, куч ҳам бағишлайди билакларингга. Чучмомолар пойингга поёндоз бўлиб, қулоғингга баҳор байтин шивирлар. Дилинг туғёнини англар гулбаҳор ва осмонга чизар қалбинг аксини, сўнгра у товланар камалак бўлиб, буни кўрган кўзлар қувонар.

    Баҳор келди, борлиқ гулларга тўлди. Яшнади табиат, ястанди олам. Баҳор ифоридан сархушлар бўлиб, ҳатто шеър ёзмоқда менинг неварам. Баҳорим, губаҳорим, майли яшнайвер. Борлиққа эзгулик нурини сочгин, кимники кўнгли кам, муроди етим, унга ҳам борингни қўш-қўллаб тутгин.

    Хастанинг кўнглини дарддан фориғ қил, ночорга кўрсатгин хайру саховат, кексаларнинг аҳволидан ҳол сўрашни, баъзилар қулоғига секингина айт. Қилмасин баҳона, кўрсатмасин важ, майли ҳеч қилмасин сарфу-харажат, аммо узоқдаги жигарларига, жўнатсин бир энлик соғинч тўла хат!

    Фасллар эркаси, фасллар нақши, заминни кўкларга буркаган фаслим, қалбларни қитиқлаб, дилда ажиб ҳислар уйғотган фаслим. Сени соғингандик, сени кутгандик, қадамингда гуллар очилсин энди, фусун ва чиройинг олам аҳлига, кўркамлик, нафосат бахш этсин энди.

    Эзғин хаёлларни тарк этсин кўнгил, кела қол баҳорим сулув Наврўзгул!

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА