Жорий йил 21 ноябрда Олий Мажлис Сенати ташаббуси билан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан ҳамкорликда аҳолига транспорт хизматларини кўрсатиш соҳасида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар, муаммо ва камчиликлар юзасидан жамоатчилик эшитуви ташкил этилди.
Унда Сенат аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, вазирлик ва идоралар, эксперт ва мутахассислар, жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Транспорт вазирлиги маълумотига кўра Интернет жаҳон ахборот тармоғида Тошкент шаҳрида автобусларнинг ҳаракат нуқтасини кузатиш мақсадида “Тошкент транспорти” мобил иловаси ишга туширилган.
Шу билан бирга, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида жамоат транспортларининг оралиқ интерваллари қисқартирилиб, замонавий янги метро бекатлари фойдаланишга топширилган. Автобуслар ҳаракати учун алоҳида йўлаклар ташкил этилган ҳамда автоматлаштирилган тўлов тизимлари жорий этилган.
Ўтган вақт давомида халқаро ва маҳаллий ҳаво йўналишларида йўловчи ва юкларни ташиш сертификатига эга бўлган “Qanot sharq”, “Panorama airways”, “Humo air”, “Centrum air”, “Silk avia”, “Asia Union Airlines” ва “Tashkent air” каби авиакомпаниялар ташкил этилган ҳамда халқимизга хизмат кўрсатишни бошлаган.
Мунозаралар жараёнида соҳада амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга, аҳолига транспорт хизматларини кўрсатиш соҳасида ўз ечимини кутаётган бир қатор масалаларга ҳам эътибор қаратилди.
Жумладан, Ўзбекистон истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси маълумотларига кўра транспорт хизматларини кўрсатишда камчиликлар бўйича аҳоли томонидан 252 та мурожаат келиб тушган.
Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Наманган, Жиззах, Сирдарё, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятлари ҳудудларида жамоат транспортларида автоматлаштирилган тўлов тизимлари жорий этилмаган.
Бундан ташқари, йўловчи ташувчи жамоат транспортлари, автошоҳбекатларда ногиронлиги бор, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар учун автотранспорт воситаларига чиқиш учун махсус мосламаларнинг ўрнатилмаганлиги, темир йўл хизматлари кўрсатишда камчиликлар мавжудлиги жамоатчилик ва аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўляпти.
Муҳокамалар жараёнида Сенат аъзолари, депутатлар ҳамда жамоатчилик вакиллари томонидан аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматларини янада такомиллаштириш учун зарур чоралар кўрилиши юзасидан аниқ таклиф ва тегишли тавсиялар берилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.