Сенат қўмитасининг 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган давридаги фаолияти юзасидан ҳисоботи тингланди

    Хавфсизлик 21 октябр 2021 2533

    Сенатнинг йигирманчи ялпи мажлисида юқори палата Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган давридаги фаолияти юзасидан ҳисоботи муҳокама қилинди.

    Қайд этилганидек, қўмита томонидан қонунчилик фаолияти доирасида ҳисобот даврида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари иштирокида ва экспертларни жалб қилган ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва маъқуллаш учун Сенатга киритилган 15 та қонун (2020 йилда 8 та, 2021 йилнинг 9 ойида 7 та) ва 20 та масала дастлабки тарзда кўриб чиқилиб, Сенат ялпи мажлиси муҳокамасига киритилган.

    Назорат-таҳлил фаолияти доирасида 14 та тадбир ўтказилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ахбороти 4 марта, мудофаа вазири ҳамда Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси раисининг ахборотлари 1 мартадан, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раисининг ахбороти 1 марта, фавқулодда вазиятлар вазири, Давлат божхона қўмитаси раиси, энергетика вазири ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимининг ахборотлари 1 мартадан эшитилган.

    Сенатга келиб тушган жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари, жойларда аҳоли билан учрашувлар ва сайёр қабуллар ҳамда ижтимоий тармоқлардаги (Facebook, Instagramm, Telegramm messenger ва ҳ.к.) мурожаатларда кўтарилган масалалар юзасидан 3 та парламент сўрови юборилган. Уларнинг натижаси қўмита ва Сенатнинг ялпи мажлисида муҳокама қилинган.

    Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасидаги Давлат дастурлари ижроси бўйича 4 та вазифанинг бажарилиши таъминланган.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномалари ҳамда 2020 йил 20 январдаги Олий Мажлиси Сенатининг биринчи мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган 5 та устувор вазифа бажарилган.

    Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси доирасида Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда жиноятлар кўп содир этилган ҳудудлар мониторинг қилиниб, Қашқадарё, Сурхондарё, Андижон вилоятлари ва Тошкент шаҳрида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳолати, жиноятчиликнинг ошиши сабаблари ҳамда бунга шарт-шароит яратаётган омиллар ўрганилиб, мутасадди раҳбарлар ахборотлари эшитилган ва натижалари юзасидан қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинган.

    Натижада Ички ишлар вазирлиги томонидан жиноятчилик сони ортган Андижон шаҳрининг Ички ишлар бошқармаси бошлиғи вазифасидан озод этилган.

    Мамлакатимизда жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида 4 марта ички ишлар вазирининг ахборотлари эшитилган.

    Қонунлар ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатлар қабул қилинишини ўрганиш фаолияти доирасида 7 та қонунни татбиқ этишга қаратилган қонуности ҳужжатлар қабул қилиниши ҳамда амалда қўлланилиши ҳолати мониторинг қилиниб, натижаси бўйича Сенат Кенгаши қарори қабул қилинган.

    Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш соҳасида Қўмита аъзолари томонидан ҳисобот даврида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 11 926 та (2020 йилда 7 400 та, 2021 йилнинг тўққиз ойида 4 526 та) ёзма мурожаат кўриб чиқилган, шундан 3 407 таси Сенатга келиб тушган мурожаатлардир.

    Назоратга олиниб юборилган 919 та мурожаатдан 170 таси (18%) ижобий ҳал қилинган. Тааллуқлилиги бўйича тегишли ташкилотларга юборилган мурожаатларнинг 722 тасига (78%) ташкилотлар томонидан фуқароларга тушунтириш берилган.

    Сайловчиларни ташвишга солаётган муаммоларни чуқур ўрганиш ва улар ечими юзасидан зарур чоралар кўриш мақсадида 1 646 та учрашув ўтказилган.

    Қўмита аъзолари томонидан Сенат ва жойларда жами 6 947 нафар фуқаро қабул қилинган.

    Шунингдек, тегишли ҳудуд ва сайловчилар манфаатларига тааллуқли муаммоларни ҳал этиш борасида парламент назоратининг сенатор сўрови шаклидан самарали фойдаланиб, мурожаат қилган жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатлари билан боғлиқ масалалар юзасидан жами 113 та сенатор сўрови юборилган.

    Натижада ҳудудларда аҳолини қийнаб келаётган ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси ва йўл қурилиши билан боғлиқ муаммолар ҳал этилган.

    Бундан ташқари, сенаторлар ташаббуси билан мамлакатимиздаги ўнлаб маҳаллаларга ичимлик суви ва табиий газ қувурлари тортилган, аҳолини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш мақсадида янги трансформаторлар ўрнатилган ҳамда янги мактаб ва оилавий поликлиникалар қуриб битказилган.

    Сенат томонидан маъқулланган қонунларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка тушунтириш, фуқароларга давлат дастурларини ижро этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бериш мақсадида телевидение, радио, ижтимоий тармоқлар ва босма даврий нашрларда 16 500 га яқин материаллар эълон қилинган.

    Мажлисда қўмитанинг ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва профилактикаси соҳасида фойдаланилмаётган имкониятлари мавжудлиги қайд этилди.

    Хусусан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг давлат ва жамоат ташкилотлари, шунингдек кенг жамоатчилик билан ўзаро ҳамкорлигини тўғри йўлга қўйиш, ички ишлар органлари ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини маҳаллий Кенгашларда эшитишда ҳамон расмиятчилик ва юзакиликка йўл қўйилаётганлиги боис ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида маҳаллий Кенгашлар назоратини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

    Шунингдек, қўмита аъзолари, маҳаллий депутатлар ҳамда жойларда тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига нисбатан, айниқса, оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилаётган жиноятлар сабабларини ўрганиб олдини олиш, маҳаллий Кенгашлардаги масъул комиссиялар, идора ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда хотин-қизлар, ёшлар, айниқса бандлиги таъминланмаган ёшлар ўртасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар доимий таҳлилини юритиш орқали бундай ҳолатлар келиб чиқиш сабаблари ва омилларини аниқлаш муҳимлиги таъкидланди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    Қайд этилганидек, йўл-транспорт ҳодисаларининг содир этилишига имкон яратаётган шарт-шароитларни бартараф этиш борасидаги фаолиятни янада кучайтириш зарур.

    Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates