Сенат Раиси «COVID-19 пандемияси шароитида глобал хавфлар ва таҳдидлар. Терроризм ва зўравонликка даъват этувчи экстремизм» халқаро конференциясида иштирок этди

    Олий Мажлис Сенати делегацияси аъзолари Россия Федерациясига ташрифи доирасида «COVID-19 пандемияси шароитида глобал хавфлар ва таҳдидлар. Терроризм ва зўравонликка даъват этувчи экстремизм» мавзусида халқаро парламент конференциясида қатнашдилар.

    Тадбирда, шунингдек, МДҲ ПА парламент делегациялари раҳбарлари, ПАСE Президенти Хендрик Дамс, ЕХҲТ ПА Терроризмга қарши курашиш махсус қўмитаси Раиси Рейнхолд Лопатка, Ижро этувчи қўмита Раиси – МДҲ Ижро этувчи котиби Сергей Лебедев, БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси бош ижро этувчи директори Гада Фатхи Вали, шунингдек бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар ва экспертлар иштирок этди.

    Иштирокчилар терроризм ва зўравонликка даъват этувчи экстремизмга қарши курашиш, ушбу жиноятлар қурбони бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда халқаро ҳамкорликнинг ҳуқуқий механизмларини кўриб чиқдилар, террористик таҳдид ва зўравонликка даъват этувчи экстремизмнинг олдини олиш бўйича саъй-ҳаракатларга, COVID-19 пандемияси оқибатлари ва бошқа масалаларга урғу бердилар.

    Конференцияда сўзга чиққан Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева COVID-19 пандемияси жаҳон ҳамжамияти учун жиддий хавфга айланганини, барча мамлакатларнинг миллий иқтисодиёти ва соғлиқни сақлаш тизими издан чиқишига олиб келганини, шунингдек жамиятнинг энг долзарб муаммоларини очиб берганини таъкидлади.

    — Ижтимоий ғалаёнлар умидсиз одамларнинг, айниқса ёшларнинг радикаллашувига замин яратади, — деди Сенат Раиси Т.Нарбаева. — Терроризм ҳам вирус каби давлат чегараларини тан олмайди ва барча мамлакатлар учун бир хил даражада хавф туғдиради. Терроризм ва зўравонликка даъват этувчи экстремизмнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар, албатта, мамлакат қонунчилигига асосланиши ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга мувофиқ бўлиши керак. Бунда миллий қонунчиликда бундай жиноятларнинг таснифи кенг жамоатчилик учун тушунарли бўлиши керак.

    Ўзбекистонда мазкур йўналишда олиб борилаётган ишларни қайд этиб, Ўзбекистон парламенти юқори палатаси раҳбари Т.Нарбаева қуйидагиларни таъкидлади:

    — Сўнгги йилларда парламентлараро алоқалар ривожланиб бораётгани жуда муҳимдир, бу кўплаб соҳаларда, шу жумладан терроризм ва экстремизмга қарши курашишда муаммоларни самарали ҳал этиш имконини беради. Бу масалада фаолияти нафақат экстремизм ва терроризмга қарши курашиш учун зарур қонунчилик базасини яратишга, балки жамиятда бундай ҳодисаларга муросасизлик муҳитини шакллантириш, уларга жамият эътиборини қаратишнинг превентив механизмларини жорий этиш бўйича кенг қамровли фаолият олиб боришга қаратилган парламентнинг ўрни муҳимдир. Таҳдидларнинг халқаро трансчегаравий хусусиятини ҳисобга олсак, давлатлараро ҳамкорлик омили муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон бу йўналишда ҳамкор мамлакатлар биргаликда янада ҳам кўпроқ фаолият олиб бориши тарафдори, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates