Сенат Раиси: Ҳалигача муаммо ва камчиликлар мавжудлиги туфайли Давлат дастури бўйича қилинган кўплаб ишлар кўринмаяпти

    Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисида эшитилган Давлат дастурининг ижроси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи кенг муҳокама қилинди. Хусусан, Сенат Раиси Т.Нарбаева мазкур масала бўйича ўз фикрларини билдирди.

    – Ҳалигача муаммо ва камчиликлар мавжудлиги туфайли Давлат дастури бўйича қилинган кўплаб ишлар кўринмаяпти, – деди Сенат Раиси Т.Нарбаева. – Хусусан, бажарилмаган бандлар кўпроқ ижтимоий соҳа билан боғлиқ бўляпти. Шу сабабли Давлат дастуридаги муддатида бажарилмаган бандлар бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўз вақтида қабул қилинмаётгани масаласини олдин ҳам бир неча маротаба муҳокама қилганмиз. Лекин шу пайтгача бу борада жиддий ўзгариш сезилмаяпти. Шунинг учун ҳам белгиланган вазифалар ижроси тўхтаб қоляпти.

    Айниқса, “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” каби муҳим дастурларнинг тегишли ҳудудларда ижро этилиши ҳолати маҳаллий Кенгашларда ҳам муҳокама қилиниши керак. Бу жараёнда маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялари фаол бўлиши, ҳар бир масалага доир реал ҳолатни чуқур таҳлил қилган ҳолда ҳудудий ижро тузилмалари олдига вазифалар қўйиши зарур.

    Ўзбекистон Республикаси
    Олий Мажлиси Сенатининг
    Ахборот хизмати