Сенат Раиси Қатарда ўтказилган БМТнинг юқори даражадаги конференциясида иштирок этди

    Қатарнинг Доҳа шаҳрида БМТнинг кам ривожланган мамлакатлар (KRM) бўйича юқори даражадаги 5-конференцияси бўлиб ўтяпти.

    Халқаро ёрдамга энг муҳтож бўлган кам ривожланган мамлакатларда ўз салоҳиятини тўлиқ ишга солиш орқали барқарор ривожланишни жадаллаштиришга қаратилган анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этди.

    Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ҳозирги вақтда 46 мамлакат кам ривожланган мамлакатлар тоифасига киритилган, улардан 33 таси Африка давлатлари ҳисобланади. Ушбу рўйхат аҳоли жон бошига ялпи миллий даромад, инсон тараққиёти индексидаги ўрни, иқтисодий ва экологик заифлик индексидаги ўрни каби мезонлар асосида ҳар йили янгиланади.

    Таъкидлаш керак, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда Ўзбекистон бой тажрибага эга. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича ўзига хос йўлига асос солинди. Мазкур жараёнга давлат ҳокимиятининг барча тармоқлари бевосита жалб этилди. 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифалар белгиланди. Мана шу мақсадлар ижроси билан боғлиқ равишда 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган 125 та вазифа тасдиқланган.

    Доҳа конференцияси иштирокчилари 2011 йилда қабул қилинган Истанбул ҳаракатлар дастури қоидаларини баҳолаш, кам ривожланган мамлакатларни халқаро қўллаб-қувватлаш ва бу жараёнга қўшимча ҳаракатларни жалб этиш масалаларини муҳокама қиляпти. Шунингдек, кам ривожланган мамлакатлар ва уларнинг ривожланиш бўйича ҳамкорлари ўртасида таркибий ривожланиш муаммоларини ва қашшоқликни бартараф этиш, халқаро миқёсда келишилган барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва кам ривожланган мамлакатлар тоифасидан чиқишни таъминлашга эътибор қаратиляпти.

    Тадбирда конференция Президенти, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби, Бош Ассамблея раиси, Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаш раиси, кам ривожланган мамлакатлар гуруҳи раиси, ривожланиш бўйича ҳамкорлар вакиллари ва кам ривожланган мамлакатлар ёшлари вакиллари баёнотлар билан чиқди.

    Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева COVID пандемияси, тобора кескинлашиб бораётган глобал зиддиятлар, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги таҳдидлари, иқлим ўзгаришининг фожиавий оқибатлари Барқарор ривожланиш мақсадларининг тўлиқ бажарилишини янада қийинлаштираётганига урғу берди. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, кам ривожланган мамлакатларнинг саноат ва хизматлар тармоқларига киритилаётган инвестициялар ҳажмини кескин кўпайтириш, бу борада UNCTAD ва бошқа халқаро ташкилотлар билан биргаликда инвестиция лойиҳаларининг ягона базасини ва онлайн-харитасини шакллантириш, уларнинг тақдимотларини дунё миқёсида мунтазам ўтказиб бориш, муҳтож давлатлар ташқи бозорларга чиқишида замонавий стандартлар, карантин ва санитария талабларини бажариш, электрон савдо тизимларини ривожлантиришда ҳар томонлама амалий кўмак бериш, кам ривожланган мамлакатларни арзон ва сифатли қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш каби таклифларни илгари сурди.

    2022 йил 17 мартда Нью-Йорк БМТнинг кам ривожланган мамлакатлар бўйича конференциясининг биринчи қисми якунлари бўйича 2022-2031 йиллар учун кам ривожланган мамлакатлар учун Доҳа Ҳаракатлар Дастури маъқулланган эди.

    ДҲДнинг якуний матни БМТ Бош Ассамблеясининг 2022 йил 1 апрелдаги резолюцияси билан тасдиқланган.

    Кам ривожланган мамлакатлар ва уларнинг ривожланиш бўйича ҳамкорлари, жумладан хусусий сектор, фуқаролик жамияти ва барча даражадаги ҳукуматлар ўртасида янгиланган ва мустаҳкамланган мажбуриятларнинг янгидан шаклланишини мақсад қилган ДҲДнинг якуний матни БМТ Бош Ассамблеясининг 2022 йил 1 апрелдаги резолюцияси билан тасдиқланган эди. Анжуманда ушбу дастурнинг амалий ижросини таъминлаш масалалари ҳам муҳокама этиляпти.

    Конференция юқори даражадаги тематик давра суҳбатларини ҳам ўз ичига олган бўлиб, ҳар бир сессиянинг қисқача мазмуни конференциянинг якуний ҳисоботида ўз аксини топади, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.