Сенат Раиси Танзила Нарбаева МДҲ ПА аъзо давлатлари парламентлари раҳбарлари билан учрашди

    Аввал хабар берилганидек, шу кунларда Ўзбекистон Республикаси делегацияси Россия Федерациясида расмий ташриф билан бўлиб турибди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги делегация МДҲ ПА Кенгашининг навбатдаги мажлисида ва МДҲ ПАнинг эллик иккинчи ялпи мажлисида иштирок этиш учун Санкт-Петербург шаҳрига келди.

    Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг МДҲ ПА аъзо давлатлари парламентлари раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлари бўлиб ўтди.

    Жумладан, парламентнинг юқори палатаси раҳбари Т.Нарбаеванинг Молдова Республикаси Парламенти Раиси З. Гречаный билан учрашувида Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, мамлакатнинг асосий нуқтаи назарлари тўғрисида батафсил маълумот берилди. Парламентлараро ҳамкорлик, гендер тенглик, ёшлар сиёсати масалалари, пандемия шароитида кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, иқтисодиёт, маданият ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни давом эттириш масалалари кўриб чиқилди.

    — Молдова ва Ўзбекистонни асрлар давомида дўстона муносабатлар боғлаб келган, — деб таъкидлади парламент юқори палатаси раҳбари Танзила Нарбаева. — Президентимиз Ш.Мирзиёев очиқ сиёсат, барча йўналишларда яхши муносабатлар ўрнатиш тарафдори. Ва бугун биз сизлар билан иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ва парламент фаолияти доирасида ҳамкорлик қилмоқчимиз. Икки мамлакат парламентлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш зарур.

    Ўзбекистон парламенти юқори палатаси раҳбари икки мамлакат парламентларининг дўстлик гуруҳини тузиш, минтақалараро даражада алоқалар ўрнатишни таклиф қилди.

    Шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Раиси Т. Нарбаева Арманистон Республикаси Миллий Мажлиси Раиси А.Мирзоян билан учрашди.

    Томонлар савдо-иқтисодий, маданият, таълим соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

    — Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар чуқур тарихий илдизларга эга. Бу Ўзбекистонда қадрланади. Айниқса, сўнгги уч йилда муносабатларимиз ҳар томонлама жадал ривожланмоқда, — деб таъкидлади Сенат Раиси Т. Нарбаева. — Биз Арманистонни асосий стратегик ҳамкорлардан бири сифатида қабул қиламиз. Бироқ икки томонлама муносабатларни кенгайтириш учун барча салоҳият ва имкониятларни рўёбга чиқариш зарур.

    Учрашув чоғида томонлар икки мамлакат парламентларининг фаолият кўрсатаётган дўстлик гуруҳи ишини қайд этди, минтақавий парламентлар доирасида тажриба алмашиш, қонун ижодкорлиги бўйича ихтисослашган қўмиталар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисида келишиб олдилар.

    омонлар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шу жумладан, тегишли парламент ва ҳукумат тузилмаларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш муҳимлигини таъкидладилар.

    Шундан сўнг Ўзбекистон парламенти юқори палатаси раҳбари Т.Нарбаева Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси Раиси С.Гафарова билан учрашди.

    Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик, Ўзбекистон-Озарбайжон парламентлари ҳамкорлигини чуқурлаштириш, шунингдек, ўзаро муносабатларнинг янги истиқболларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

    — Ўзбекистон Озарбайжон билан кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият беради. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар чуқур тарихий илдизларга, миллий анъаналар, урф-одатлар, тил, маданият ва динимиз муштараклиги ҳамда яқинлигига асосланади, — деди Ўзбекистон парламенти юқори палатаси раҳбари Т.Нарбаева. — Халқаро хусусиятга эга турли тадбирларда икки мамлакат парламентлари аъзоларининг иштирок этиши амалиётини давом эттиришни мақсадга мувофиқ, деб биламан.

    Парламентлараро ҳамкорлик бўйича гуруҳлар фаолиятини ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.

    Томонлар Ўзбекистон парламенти ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Озарбайжон парламенти ҳузуридаги таҳлилий-ҳуқуқий тузилмалар ўртасида алоқа ўрнатиш, халқаро парламент ташкилотлари доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (ТТДҲК) парламент тузилмалари доирасида тажриба алмашиш, сайёҳлик ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришга доир ишларни давом эттириш, икки давлат раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларни амалга оширишга кўмаклашиш тўғрисида келишиб олдилар.

    Учрашувлар давомида Сенат Раиси Т.Нарбаева парламент дипломатияси икки томонлама муносабатлар ва бошқа долзарб масалаларни ҳал қилишда муҳим ташқи сиёсий ресурс сифатида эътироф этилишини таъкидлади.

    Шундай қилиб, парламент дипломатияси нафақат ўзаро ишончни мустаҳкамлашга, балки сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга ҳам бевосита таъсир кўрсатади.

    Сенат Раиси Т. Нарбаева МДҲ ПА аъзо давлатлари парламентлари раҳбарларини Ўзбекистонга келишга ва бир қатор халқаро тадбирларда иштирок этишга таклиф қилди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates