Қирғиз Республикаси делегацияси Олий Мажлис ва Жогорку Кенеш ўртасида ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган.
Учрашувда парламентлараро ҳамкорликнинг долзарб масалалари, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва уни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама этилди.
Томонлар олий даражадаги ўзаро ташрифлар ҳамда халқаро парламент форумлари доирасида кенгайиб бораётган икки томонлама алоқаларнинг изчил суръатини мамнуният билан қайд этди.
Парламентлараро комиссия йиғилишларини ҳудудларда ўтказишнинг ижобий амалиётига алоҳида эътибор қаратилди. Томонларнинг фикрича, бу ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам беради ва жойлардаги ўзига хосликларни ҳисобга олиш имконини беради. Комиссия парламент аъзолари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот учун самарали майдон бўлиши ҳамда икки томонлама кун тартибини аниқ ташаббуслар билан бойитиши муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, мулоқот чоғида Парламентлараро комиссия фаолияти доирасида Самарқандда ўтказилган биринчи Ўзбекистон-Қирғизистон туризм форуми икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришда навбатдаги қадам экани, ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасида туризм ва маданий алмашинув соҳасида муҳим воқеа бўлгани қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш, халқаро парламент тузилмалари доирасида ҳамкорликни кенгайтириш, дўстлик, яхши қўшничилик ва минтақанинг барқарор ривожланишини мустаҳкамлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан ўзаро манфаатдор эканлигини тасдиқлади, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.