Сендан Ватаним бўйин туйдим

    Фикр 18 ноябр 2020 1094

    18 ноябрь —Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун!

    Ҳар гал 18 ноябрь санаси арафасида хаёлимни ажиб туйғулар қамраб олади! Таъбир жоиз бўлса, Мустақил Ўзбекистонимизнинг бу улуғвор рамзининг қиёси йўқдек. Албатта, шундай. Дунёдаги кўплаб мамлакатлар байроғи орасида ўзгача ҳилпираб, эзгулик, бағрикенглик, инсонийлик, улуғворлик нурларини таратиб туриши нақадар фарахли...

    Айниқса, байроғимизга берилган таърифдаги ушбу сатрлар қалбимга беқиёс ифтихорни бахш этади: “Давлат байроғи ва унинг рамзи бугунги Ўзбекистон сарҳадида қадимда мавжуд бўлган давлатлар билан тарихан боғлиқлигини англатади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради!”

    Дарҳақиқат, дахлдорлик ҳисси ҳар биримизда меҳр-муҳаббат, садоқат туйғуларини тарбиялайди. Акс ҳолда, турли халқаро анжуманлар, мусобақаларда юксакка кўтарилаётган муқаддас байроғимизга қараб қувончдан йиғламаган, ғолибларимиз уни боши узра ҳилпиратиб мағрур турмаган, ҳарбийларимиз қасамёд қилар экан, таъзим қилиб, уни кўзларига тўтиё қилмаган бўлар эди!

    Менга қолса бошқалар учун ҳам энг ёқимли, юракка яқин, эзгу мақсад, хайрли амаллар, улкан бунёдкорликлар Ватани — Янгиланаётган Ўзбекистонимизнинг тимсоли бўлган муқаддас байроғимизни баланд кўтаришга, уни ардоқлаш, асраб авайлашга қодир ҳар бир фуқаро энг бахтли инсондир. Бу бахтни ҳис этмоқчи бўлсангиз Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи мағрур ҳилпираётган, юртимиз юрагига қадалган жойларни зиёрат қилинг, бош эгиб таъзим қилинг...

    Барчангизга ушбу қувончли кун муборак бўлсин! Ватаннинг муносиб фарзанди бўлишлик барчамизга насиб этсин!

    Озодбек НАЗАРБЕКОВ,

    Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири