Шаҳноза Жолдасова: давлат ёшлар келажагини яратишни ўз зиммасига олмоқда

    Аҳоли томонидан келиб тушган 227 мингдан зиёд таклифдан 64 фоизи ёшларга тегишли бўлгани уларнинг мазкур сиёсий жараёнга катта маъсулият билан ёндашаётганини намоён этади.

    Ниҳол ерга қадалиб, ўзини тутиб олгунича, жиддий эътибор, парваришни талаб этади. Нозиккина танасини енгил шамол ҳам учириб кетиши мумкин бўлган бу даврда уни асраб-авайлаш ниҳоятда муҳим. Бироз каттариб, “қаддини” тутиб кетганидан кейин ҳам ўз ҳолича ташлаб қўйиш ярамайди. Баланд, соғлом ва “навқирон” дарахтга айланиб, вақти келганида мева бериши учун парваришни канда қилмаслик лозим. Жамиятда ёш авлод тарбияси ҳам ниҳол парваришига қиёсланади. Бир болага ўргатилган таълим-тарбия, келажаги учун киритилаётган инвестиция эртага ўз мевасини беради.

    Aйнан шунинг учун Ўзбекистон давлат сиёсатида ёшларнинг барча имкониятлари, қобилияти ва интилишларини тўла рўёбга чиқариш учун қулай шарт-шароит яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Улар турли жабҳаларда қўллаб-қувватланяпти, илм олишидан тортиб, ўз ғояларини амалга оиширишлари, касб-ҳунар эгаллаб, жамиятда муносиб ўрин эгаллашлари учун янги ва самарали тизимлар ишга туширилмоқда.

    Бугун Янги Ўзбекистон давлат ва жамият бошқарувида, қонун ижодкорлиги жараёнида, умуман, барча соҳа ривожида ёшларнинг фикрлари ҳамда саъй-ҳаракатлари катта муҳим эга. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида биринчи имзолаган қонун ҳужжати — 2016 йил 14 сентябрдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун эканида ҳам ўзгача мазмун-моҳият бор. Конституциямизнинг янги лойиҳасида ёшлар ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратилаётгани, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари конституциявий норма даражасида белгиланаётгани эса йигит-қизларнинг юртимиз тараққиётидаги ўрни нечоғлиқ юқори эканидан далолат беради.

    Энг асосийси, ёшларнинг ўзи бу жараёнларга бефарқ эмас. Тенгдошларим Бош Қомусимиз лойиҳасини шакллантириш босқичларида ҳам фаол иштирок этганига гувоҳ бўлдим. Улар юртимиз бўйлаб ўтказилган ҳуқуқий тарғибот тадбирларида қатнашиб, тенгқурларини, жамики ёшларни Конституция билан кафолатланаётган имкониятларимизни қўллаб-қувватлашга чорлади. Амалга оширилган тарғибот ишлари натижасида аҳоли томонидан келиб тушган 227 мингдан зиёд таклифдан 64 фоизи ёшларга тегишли бўлгани уларнинг мазкур сиёсий жараёнга катта маъсулият билан ёндашаётганини намоён этади.

    Имкониятлар ҳамма учун тенг

    Мамлакатимиз аҳолисининг 50 фоиздан зиёдини ёшлар ташкил этади. Бу катта улуш бўлиб, мамлакат ривожидаги асосий имкониятлардан бири сифатида баҳоланади. Яъни, аксарият давлатларда туғилиш кўрсаткичи пасайиб, аҳолининг асосий қатламини катта ёшдагилар ташкил этаётган бир вақтда, биздаги ёшлар кўрсаткичи юқори ва улар катта куч экани қайд этилади.

    Сўнгги йилларда юртимизнинг ана шу кучини мустаҳкамлаш, замонавий ёшларнинг Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этишлари учун кўплаб имкониятлар яратилмоқда. Уларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамият ва давлат ҳаётидаги фаол иштирокини рағбатлантириш мамлакат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Охирги йиллардаги катта ислоҳотлар бунинг яққол исботи.

    Хусусан, атрофида турли жабҳаларда фаолият олиб борувчи ёшларни бирлаштирадиган Ёшлар иттифоқи ташкилоти, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ёшлар парламентлари тузилди. Ёшлар муаммолари ва мурожаатлари билан ишлашнинг янгича механизми жорий этилиб, “yoshlardaftari.uz” электрон платформаси, “1093” қисқа рақамли колл-маркази ёки маҳалла етакчиси орқали онлайн ариза қолдириш ва мурожаат ҳолати тўғрисида маълумот олиш имкониятлари яратилди.

    Ёшлар етакчилари фаолияти йўлга қўйилиши натижасида йигит-қизлар мурожаатларини кўриб чиқиш муддати 30 кундан 5 кунга, ёрдам кўрсатиш 40 кундан 16 кунга қисқаришига эришилди. Етакчилар тавсияси асосида кўрсатиладиган ёрдам турлари 11 тадан 25 тага етди. Бундан ташқари, ёшларни талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарга масофавий ўқитиш мақсадида www.e-kasb.uz платформаси фаолияти йўлга қўйилиб, ушбу платформада минглаб ёшлар мазкур лойиҳани муваффақиятли тамомламоқда.

    Мамлакат тараққиёти, ривожланиш ассоларини илм-фансиз тасаввур этиш қийин. Аммо ёшларга билим бериш баробарида, уларни малакали кадр сифатида тайёрлаш учун кўплаб жиҳатларни қамраб олишга тўғри келади. Шу боис, охирги йилларда нафақат ёшлар таълими ёки иш билан бандлиги масаласида, балки уларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий шаклланиши ва камол топиши учун ҳам қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, маҳаллалардан иқтидорли ёшларни саралаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиши ҳамда истеъдодларини намоён қилишларига шароит яратиш мақсадида 20 та танлов ва мусобақалардан иборат 5 босқичли (маҳалла-сектор-туман-вилоят-республика) “Беш ташаббус олимпиадаси” йўлга қўйилди. Мусобақалар 2 мавсумда ўтказилиб, ёшлар кўчалар кесимида қамраб олинмоқда.

    Бундан ташқари, йигит-қизларни чет тилларини ўрганишга қизиқтириш, уларнинг интилишларини рағбатлантириш мақсадида “Ибрат тиллар оромгоҳи”, “Ибрат мастер класс”, “Ибрат медиа маркази”, “Ibrat quiz” лойиҳалари амалга оширилмоқда. Халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) тўплаган ёшларга имтиҳон топшириш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш тизими ҳам йўлга қўйилган.

    Қолаверса, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан Олий суд билан тузилган меморандумга кўра, жиноят содир этган ва қилмишидан пушаймон бўлган адашган ёшларга “Ёшлар кафиллиги” берилиб, суд залидан қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо турини қўллаш орқали озодликка чиқишлари таъминланиб, уларни соғлом ҳаётга қайтариш чоралари кўриляпти.

    Бугунги кунда кўплаб ёшларимиз халқаро майдонга чиқиб, билим олиш баробарида, турли йўналишларда ўз имкониятларини кўрсата олаётгани ҳам катта ютуқларимиздан. Беш-олти йил олдин хорижга чиқадиган йигит-қизларимиз сони саноқли бўлган. Энди, исталган ёш ўз имкониятини ишга солиб, чет элга чиқиши мумкин, бу борада давлат ҳам уларни сезиларли қўлламоқда. Ҳатто, мамлакатимиз ёшларга оид давлат сиёсатини ўз ташаббуслари билан халқаро майдонда изчил давом эттиряпти. Бу борада Ўзбекистонни дунё давлатлари орасида илдамлар қаторида, дейишимиз мумкин.

    Хусусан, 2017 йилнинг 19 сентябрида Президентимиз Ш.Мирзиёев БМТ Бош Aссамблеяси минбаридан туриб ёшлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи механизмни ташкил этишда БМТнинг “Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги халқаро Конвенциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ғоясини илгари сургани жаҳон ёшлари томонидан ҳам илиқ кутиб олинди. 2021 йилда эса давлатимиз раҳбари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи институтини таъсис этиш таклифини билдирди ва бу юқоридаги ташаббуснинг мантиқий давоми бўлди.

    Шунингдек, Президентимизнинг фаол ташаббуслари билан Марказий Осиё ёшлар форуми, ШҲТга аъзо мамлакатлари Ёшлар Кенгашининг 15-йиғилиши, ШҲТ мамлакатлари ёшлари ўртасида энг яхши стартап лойиҳаси танлови, Туркий давлатлар ташкилотининг IV Ёш лидерлар форуми ўтказилиб, Бухоро шаҳри биринчи туркий дунё ёшлар ташаббуслари пойтахти, 2022 йил туркий дунёда “Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди.

    Бу ташаббуслар, аввало, юртимиз келажак авлодининг ҳар томонлама ривожланиши учун кенг имкониятлар яратиш, жаҳон майдонига чиқиши учун барча эшикларни очишга қаратилгани сир эмас. Йигит-қизларнинг давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида ижтимоий-сиёсий фaоллигини ошириш бўйича кўплаб енгилликлар яратилаётгани замирида ҳам шу мақсадлар ётибди. Мазкур ислоҳотлар самарасида Янги Ўзбекистон заминида ёшларга хос янги иқлим шаклланганига гувоҳ бўляпмиз. Эндиликда, ана шу имкониятларни мустаҳкамлаш ва ёшларнинг келажагини кафолатлаш мақсадида уларни Бош Қомусимизда ягона нормага бирлаштириш зарурати туғилмоқда.

    Берилаётган кафолат — катта ишонч

    Янгилинаётган Конституциямизда ёшлар масаласи алоҳида боб даражасига олиб чиқилиб, унда йигит-қизлар учун махсус моддалар, алоҳида нормалар белгиланмоқда. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституция лойиҳасининг 79-моддадасига мувофиқ, давлат томонидан ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш келтирилган. Мазкур нормани таҳлил қиладиган бўлсак, унда ёшларнинг турли йўналишлар бўйича мавжуд ҳуқуқлари комплекс қамраб олингани, экологик ҳуқуқлар ҳам алоҳида ҳуқуқ сифатида белгиланаётгани кўринади. Бу ўсиб келаётган авлоднинг соғлом ва баркамол вояга етишига шароит яратиб беради.

    Ушбу моддада ёшларнинг ҳуқуқларини таъминлаш билан бир қаторда, уларни қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам жой олган. Давлат ёшларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириши назарда тутилмоқда. Яъни, бугунги кунда иқтидорли йигит-қизларнинг фаоллигини қўллаб-қувватлаш юзасидан ташкил этилаётган ишлар энди қонуний мустаҳкамланади ва тизимли давом эттирилишига кафолат берилади.

    Шуннигдек, ушбу моддага кўра, ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши, таълим олиши, соғлиғини сақлаши, уй-жой олиб, ишга жойлашиши, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш мажбуриятини давлат ўз зиммасига олмоқда.

    Конституцияда она заминимизда камол топаётган йигит-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда уларнинг жамиятнинг барча жабҳаларида фаол иштирок этишига шарт-шароит яратилиши билан боғлиқ махсус нормаларнинг белгиланиши ёшлар мамлакати бўлган Янги Ўзбекистонга мос ва хос норма ҳисобланади. Янгиланаётган Бош Қомусимизда ёшлар масаласи алоҳида боб даражасига олиб чиқилиши эса аҳолимизнинг 18 миллиондан ортиғини ташкил этувчи вакилларини янада руҳлантиради, эртанги кунига кафолат беради. Бугунги ва эртанги кун ёшларининг ҳаётда ўзини тўлақонли намоён этиш имкониятларини таъминлайди.

    Шаҳноза ЖОЛДАСОВА,

    Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг бўлим бошлиғи, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 25.04.23 й, 78-сонида эълон қилинди)

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates