Шарафли касб соҳибаси

    Ижтимоий ҳаёт 29 апрел 2021 3742

    Зулфиянинг болалиги, беғубор кунлари Сардоба туманининг илгариги Титов хўжалиги, ҳозирги Пахтаобод шаҳарчасида ўтди.

    — Эсимда, — дейди Зулфия опа Азизқулова. — Асли Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги Маржон булоқ қишлоғиданмиз. Отам Турдибой бобо (агроном) ҳосилот эди.Чўлни, Сирдарёни ўзлаштириш, қуруқ ва шўр, саксовул босган ерларни боғ-бўстон гулистонга айлантириш мақсадида Сардобага, янгитдан ташкил этилган хўжаликка кўчиб келгандик.

    Тўғриси ҳам шундай бўлган. Турдибой бобо, Ҳалима момо сингари чўлга, Мирзачўлга кўчиб келган Маржон булоқликларга ва бошқа жойлардан мажбуран кўчириб келинган одамларга яъни чўлқуварларга осон бўлмаган. Ўша пайтлари, ҳеч ким меҳр қўйган жойини, иссиққина гўшасини ташлаб, шарт-шароити йўқ, кимсасиз ва овлоқ ерларга, бийдай катта чўлларга кўчиб келиб, фалак отиб, яшаб қоламан деб ўйламаган.

    Дастлаб, ердан тўла(хандақ) қазиб, ертўлаларда, кейинчалик катта кичик капа уйларда яшаб, ишлашган, тирикчилигини ўтказишган. «Кўз қўрқоқ, қўл ботир» деб шунга айтишса керак. Қисқа муддатда шўр ва саксовул босган, бўз ерлар ҳам ўзлаштирилган, чигит қадалган. Рўзғор учун керак бўладиган мевали кўчат, сабзавот экинлари экилган. Аста, секинлик билан бўлсада кўникишиб, ўзлари учун бошпана қуришган.

    Зулфия опани отаси Турдибой бобо ўқимишли, зиёли, кўпни кўрган киши бўлганлиги боис, янги хўжаликда бош ҳосилот бўлиб иш фаолиятини бошлаган. У кишининг турмуш ўртоғи Ҳалима момо бир чеккада қараб турмаган. У ҳам бобога елкадош бўлиб, ҳали пахта даласида, кичик, жуссасига мос келадиган кетмонни кўтаргунча эгат оралаган. Ҳали мактабдаги ишига чопган. Ўқитувчи бўлмаган, лекин фаррош бўлган бўлсада, роса ҳурмати яхши, эъзозли аёллардан бири бўлган. Қолган вақтини болаларни тарбиясига бағишлаган.

    — Оиламизни кичкина деб, бўлмасди. Олти қиз, икки ўғил. Отам ва онам билан ўн киши эдик. Каттагина эмас, эди-ю, икки хонали кичкина уйча яъни кулбада яшагандик. Мен оилада тўнғичи бўлганман. Отам ҳам, онам ҳам илмга, бўш вақтларида китоб ва газеталарни мутолаа қилишга қизиқарди. Мойчироқни ёруғида, бир биридан қизиқ, ҳикоя ва романларни ўқиб берарди. Шунданми, ўқишга ҳавасимиз болаликдан орта бошлаган. Ҳозир сингилларим турмушга чиқиб кетишган, фарзандли, неварали, укаларим Улуғбек ва Ғофуржон ҳам. Укам Улуғбекжон туман электр тармоқлари корхонасида, Ғофуржон эса туман пахта тозалаш заводида ишлайди. Эсимда, илк маротаба 1968 йилда тумандаги 6-умум таълим мактабига ўқишга бориб 6-синфгача ўқиганман, Сўнгра ўқишимни 14-мактабда давом этирганман. Синфдошларим ҳам турли туман миллат болалари эди. Иноқ эдик улар билан. Оиламизда шифокор, шифокорлик касбига қизиққанлар йўқ эди. Мени, нимагадир шу касбга меҳрим тушганди. Отам буни пайқади чоғи, мактабни тугатган йилим, Ўрта Осиё тиббиёт педиатрия институтига етаклаб борди. Омадни Қаранг, ўша йили ушбу институтнинг талабаси бўлдим, —дейди Зулфия опа.

    Зулфия опа тиришқоқ, ўқишга чанқоқ талабалардан бўлган. Педиатрия соҳасини сири синоатини ҳам уқишда, ҳам амалиёт жараёнларида мукаммал ўрганди. 1988 йилда Сирдарё вилоят болалар шифохонаси, ҳозирги вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида интернатура босқичини ўтади. Болаларда учраётган сурункали, юқумли ва юқумсиз бўлган касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш борасида билганларини амалиётда қўллаган бўлса, билмаганларини ўша пайтларда бирга ишлаган, малакали шифокорлардан ўрганди. Бу унга катта ҳаёт мактабини ўтаб берди. Бахтни қаранг, ўша йиллари Тошкент қишлоқ хўжалик институтини агрономия факультетини тамомлаётган Боёвутлик талаба Усмонқул акага ҳаёт уни рўпара қилди. Бир бирига меҳри тушди. Турдибой бобо ва Ҳалима момо, жажжи, ўша бир замонлар эркалатган, чироқ ёруғида китоб ўқиб берган ва шифокор бўлсин дея ўқишга етаклаб борган қизлари, бўйи басти келишган, оқила ва дона, ҳар бир ота она орзу қилар даражадаги қиз бўлганлиги, йигит ҳам бамаъни йигитлардан бўлганлиги, унинг устига агроном бўлганлиги боис яхши ниятлар билан бу ёшларга оқ фотиҳа беришди. 1988 йилда туй ҳам ўтди. У энди Сардобани эмас Боёвутни қизига, келинига айланганди.

    Усмонқул ака Боёвут туманидаги 1-Боёвут совхозда агроном бўлса, Зулфия опа ҳозирги, Боёвут туман тиббиёт бирлашмасига қарашли бўлган 1-Боёвут қишлоқ участка шифохонасида участка педиатри бўлиб ишлай бошлади. У ишни маҳалла, маҳаллада яшовчи оилалар, фарзандлари билан танишишдан бошлади. Аста секинлик билан сурункали, ногирон, мавсумий аллергияси бор ва бошқа касалликлари бор болаларни рўйхатини шакллантиришдан ва уларга шунга яраша тиббий хизмат кўрсатишдан бошлади. Эринмади, изланди, интилди, хонадонма –хонадон юриб болаларни тўғри парвариш қилиш, юқумли ва юқумсиз касалликлардан ҳимоя қилиш, соғлом овқатланиш, соғлом турмуш тарзига риоя этиш йўллари ҳақида ўзининг дўстона маслаҳатларини уларга бериш билан бирга, қатор тарғибот тадбирларини ўтказарди. Унинг бу хислати, меҳнаткашлиги ўша пайтлардаги туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбариятини эътиборига тушди ва унга, унинг зиммасига бунданда масъулиятли бошқа вазифа юклатилди. У 2001 йилда 1-Боёвутнинг 2-бўлимига умумий амалиёт шифокори вазифасида ишни бошлади.

    — Биласизми, — дейди Зулфия опа ўта камтарлик билан. — Шифокорлик шарафли касб. Буни юракдан, қалбдан англаган, бор меҳрини шу соҳага бера олган одам чинакам шифокор бўла олади. Чунки шифокорни бита хатоси, турли туман кўнгилсиз хатоларни келиб чиқишига сабаб бўлади. Тўғри, оқ халатни ҳамма ҳам ўз устига ташлаши мумкин. Лекин уни юракдан, қалбдан ҳис қилиб, бор меҳрини, кучини, идрогини, билимини шу соҳага бағишламаса, одамлар корига ярамаса, унда бефойда. Менга буни агроном, яъни ҳосилот бўлган отам, Турдибой бобо ўргатган.

    Ў ота ва устозлари ўгитига амал қилиб кам бўлмади. Нақд ун беш йил шу бўлимда умумий амалиёт шифокори бўлиб ишлади. Бўлимда яшаётган ҳар бир фуқаро, ҳар бир оила унинг ўз оиласига, оиласининг аъзосига айланди.

    Бахтни, бахтиёрликни туйди. Усмонқул ака ва Зулфия опа оиласи, оиладаги муҳит, фарзандларни тарбиялаш борасидаги ишлари оғиздан оғизга ўтди. Ҳам ишда, ҳам оилада улар ибрат кўрсата олишди.

    — Оила бу қўрғон. Бирин кетин фарзандларим Акромжон ва Моҳираойлар туғилди. Ҳозир бир ўғил ва бир қизим бор. Қолаверса, ҳудуддаги болалар ҳам менинг болаларим. Уларга меҳрим бошқача. Чунки кичкиналигидан биламан. Кўрганман, текширганман, зарур пайтларда Тиббий муолажа қилганман. Бу эса бахт, чинакам, айтиб ва таърифлаб бўлмайдиган, — дейди Зулфия опа.

    Зулфия опа зиммасига 2016 йилда 1-Боёвут ҳудудида жойлашган Муқимий қишлоқ врачлик пунктининг мудираси вазифаси юклатилди. У ушбу ишда 2019 йилга қадар ишлади. Уни ўша йили туман тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли марказий поликлиникасига педиатр шифокор вазифасига ўтказишди. Ҳозир опа оила шифокори. Туман марказидаги «Соҳил» ва «Маданият» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи 4 минг 378 нафар аҳолига Тиббий хизмат кўрсатади ва уларга ўз маслаҳат ва тавсияларини беради.

    — Зулфия опа, ўз онамдек бўлиб қолган, — дейди Боёвут туман тиббиёт бирлашмаси дояси Назокат Шойзоқова. — Билмаганларимни ётиғи билан тушунтиради. Жойи келса, ўз ёрдамини қайси томонлама бўлмасин мендан, мен сингари шогирдларидан аямайди. 40 йил бу кичкина муддат эмас. Опамиз ва устозимиз ана шу йиллар давомида соҳада меҳнат қилиб, аҳолини саломатлигини, тинчлигини ўйлаб елди, югурди. Мен сингари, қанчадан қанча соҳа ходимларига устозлик қилди. Устозимизни шогирдлари роса кўп. Масалан айтадиган бўлсам, Назира Мамадалиев, Марғуба Абдуллаева, Матлуба Ризқулова, Нилуфар Абдужалилова, Дилфуза Мамурова, Зилола Холматова. Хуллас санаб саноғига ета олмаймиз.

    Зулфия опа ҳаётида яқинда унутилмас ҳодиса содир бўлди. Соғлиқни сақлаш вазирини махсус буйруғи билан опа «Соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишонига муносиб топилди. Бу опанинг кўп йиллик ҳалол меҳнатлари самараси. Опа бундан ҳам яхшиларига муносиб аёл. Мукофотни Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Акбар Мирзахонов топшираркан, Соғлиқни сақлаш вазири ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда туман Тиббиёт бирлашмаси номидан опага дил сўзларини билдирди. Шогирдлари ва касбдошлари эса опани қутлашди.

    — Зулфияхон ажойиб, қули енгил педиатр, — деди тақдирлаш маросимида иштирок этган Акбархон Мирзахонов. — Биласизлар, менга касбдош. Мендан бир йил кейин ўқишни тугатган. Лекин, бир жамоада бирга ишлаганмиз. У беморга бор меҳрини беради, ширин сўзини канда қилмайди. Унинг бу хислатлари ҳар қанча мақтовга, мукофотларга лойиқ. Оиласини яхши биламан. Усмонқул ака Азизқулов тумандаги «Биомаҳсулот булоғи» масъулияти чекланган жамиятда мудир бўлиб ишлайди, ўғли Акромжон ажойиб шифокор, инфекционист. У Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари. Қизи Моҳираой ўқитувчи. У Бекобод шаҳрида яшайди. 6 нафар набираси бор. Опадан ўрнак оладиган, ўрганадиган жиҳатлар роса кўп.

    Биз опа билан анча суҳбатлашдик, иш, оила, ҳозирги бўлаётган ўзгаришлар ҳақида. Президентимизни тегишли фармон ва қарорларига биноан Сирдарёда жорий этилаётган суғурта тиббиёти, тиббиёт кластери тўғрисида. Опани ўз қарашлари, Фикрлари бор экан. Тўғриси, биз ҳайратландик.

    — Қани, илгаригидек, ёш бўлиб қолсам, — дейди Зулфия опа. — Бугунги тиббиёт кечагисидан, биз ўқишни тугатиб, ишни бошлаган давримиздан анча фарқ қилади. Замонавий тиббий жиҳозлар, интернет алоқалари, хуллас бугунги тиббиёт мукаммаллашган, ривожланган. Муҳими, тараққий этяпти. Қаранг, ишлаш учун барча шарт шароит бор. Ўз устингизда ишласангиз бўлди. Янги жорий этилаётган давлат тиббий суғурта тизими соҳани, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматни оқилона ечими бўляпти. Қувониш керак. Кўрасиз, ўз самарасини беради. Ўшанда эслайсиз мени сўзларимни. Чунки янги тизим ишга тушгач ҳар бир врач ўз устида ишлайди. Муносиб хизмат кўрсатишга ҳаракат қилади. Ўз устида ишламаган, муносиб хизмат қилмаган врач эса кўп нарсалардан бенасиб қолади. Масалан, электрон поликлиникани олайлик, олдинлари поликлиникамиз бўйлаб врач қабулига келган беморлар турна қатор бўлиб, навбат кутиб ўтиришар эди. Энди эса йўқ. Уйдан туриб, врач қабулига ёзилади. Вақт йўқотмайди. Ортиқча овора бўлмайди. Бу ҳам битта қулайлик.

    Тўғриси ҳам шу. Туманда тиббиёт соҳаси анча тараққий этган. Буни туман тиббиёт бирлашмасида ишлаётган тиббиёт ходимлари, қолаверса шифо истаб келаётган фуқаролар билан дилдан суҳбатлашсангиз, бирдан пайқайсиз. Бир сўз билан айтганда, Ғаллаороллик эмас, Боёвутлик Зулфияхон Азизқуловадан ўрганадиган, жиҳатлар роса кўп. Тажриба ҳам шунга яраша. Опа ҳозир 59 ёшда. Ғайрати, шижоати ичига сиғмайди. Бир зум бўлсада элга, юртга ёрдамим тегса, улар корига ярасам деб ўйлайди. Халқ саломатлиги йўлида изланишдан, меҳнат қилишдан чарчамайди. У чинакам шарафли касб соҳибаси. Бу сўзларни ун, юз, ҳатто ундан Кўп айтишга арзийди. Чарчаманг, изланишдан бир зум бўлсада тўхтаманг дегимиз келди Зулфия опага!

    Ғулом ПРИМОВ,

    Сирдарё вилоят

    Соғлиқни сақлаш бошқармаси

    матбуот хизмати раҳбари.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates