Шартнома тузишда нималарга аҳамият қаратиш керак?

    Мамлакатимизда 10 март 2022 5424

    Жамиятнинг кенг жабҳаларида инсонлар доимо бир-бирлари билан шартномавий муносабатларга киришади.

    Биз қуйида шартнома билан боғлиқ қонунчилигимизда ўз аксини топган қоидалар хусусида сўз юритамиз. Зеро, бу инсонларга шартнома муносабатларда ўз ҳуқуқларини эркин равишда амалга ошириш имкониятини юзага келтирсин.

    Хуллас, шартнома нима?

    Икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишуви шартнома ҳисобланади.

    Шартнома тузиш мажбуриятми ёки эркинлик?

    Шуни таъкидлаш лозимки, инсонлар шартнома тузишда эркин бўлиб, уларни шартнома тузишга ҳеч ким мажбур қилмайди. Инсонлар қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган, жумладан, олди-сотди, маҳсулот етказиб бериш каби шартномалар билан биргаликда қонунчиликда назарда тутилмаган шартномаларни ҳам тузишлари мумкин. Асосийси улар қонунчилик ҳужжатлари талабларига зид бўлмаслиги керак.

    Энг кўп тузиладиган шартномалар қайси?

    Бугунги кунда энг кўп шартномалар катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган коммунал, энергия билан таъминлаш, алоқа хизмати, йўловчи ва юкларни ташиш билан боғлиқ соҳаларда тузилади.

    Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бу соҳаларда оммавий шартномалар тузилиб, улар намунавий шаклда амалга оширилади. Бу шаклда шартномалар тузилганда одатда қатъий, яъни уни имзолаган хар бир тараф бажариши лозим бўлган шартлар белгиланади. Бу шартлар инсонлар, яъни истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига тўла мувофиқ келиши керак.

    Айни пайтда бу борада инсонларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида давлатимиз томонидан бир қатор чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, Президентимиз томонидан 2021 йил 14 сентябрда «Шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6313-сонли қарори қабул қилинди.

    Мазкур ҳуқуқий ҳужжат билан шартномавий муносабатларни тартибга солишнинг янги тартиблари белгиланди. Жумладан, коммунал, энергия билан таъминлаш, алоқа хизмати, йўловчи ва юкларни ташиш ва бошқа шу каби катта ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда табиий монополия субъектлари томонидан ишлаб чиқилган оммавий шартномалар монополияга қарши курашиш органи билан келишилганидан сўнг истеъмолчилар билан тузиладиган бўлди.

    Шартнома тузишда нималарга эътибор қаратиш лозим?

    Биз шартнома тузиш таклифини ёки бошқача қилиб айтганда, шартнома лойиҳасини қўлимизга олар эканмиз, уни шошмасдан ўқиб чиқишимиз ва унда нималар акс этганлигига эътибор қаратишимиз шарт.

    Бу борада биз қонун ҳужжатларида шартномаларга нисбатан қандай талаблар қўйилганлиги хусусида сўз юритамиз. Жумладан, хўжалик шартномасида шартнома предметини, етказиб бериладиган товарнинг (ишнинг, хизматнинг) миқдори, сифати, ассортименти ва баҳосини, шартноманинг бажарилиш муддатларини, ҳисоб-китоб қилиш тартибини, тарафларнинг мажбуриятларини, бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда тарафларнинг жавобгарлигини, низоларни ҳал этиш тартибини ҳамда тарафларнинг реквизитларини, шартнома тузилган сана ва жойни, шунингдек, бундай турдаги шартномалар учун қонунчиликда белгиланган ёки тарафлардан бирининг аризасига кўра ўзаро келишувга эришиш лозим бўлган бошқа муҳим шартларни назарда тутиши керак.

    Шартнома тузилганидан сўнг унга ўзгартириш киритиш мумкинми?

    Агар Сиз шартномани имзолаганингиздан сўнг унга бирор бир шартни киритиш лозим деб ҳисобласангиз, буни тузилган шартномага қўшимча киритиш, яъни қўшимча келишув тузиш орқали амалга оширишингиз мумкин.

    Якун сифатида бир қатор жиҳатларга эътибор қаратиш лозим бўлади:

    шартнома тузмоқчи бўлсангиз, аввало, бу борадаги шартномалар намуналарини ўрганишдан бошланг;

    шартноманинг қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини таъминлаш учун юристлардан уни ҳуқуқий экспертизадан ўтказиб беришларини илтимос қилинг;

    шартнома тузилганидан сўнг унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келадиган хато ва камчиликлар аниқланган тақдирда, шартномани қўшимча келишув билан тузатинг.

    Хусинбой Искандаров,

    Хоразм вилояти Тупроққалъа туман

    Юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates