ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик ижтимоий-иқтисодий тараққиёт кафолатидир

    Фикр 14 сентябр 2022 999

    Давлатлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва бирдамликнинг аҳамияти кундан кунга ошиб бормоқда.

    Айниқса, дунё миқёсида тарқалиб бораётган турли касаллик, маълум бир террор гуруҳларининг ҳаракатлари, моддий ресурсларнинг танқислигию экологик муҳитнинг кескин ўзгаришига ечим топиш янада давлатлараро жипслашувни талаб этади.

    Халқаро ташкилотларга аъзолик ва давлат ўртасидаги келишув ҳамда шартномалар, ижтимоий шерикликнинг халқаро форматига айланди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик» номли мақоласида таъкидланганидек «Бугун биз яшаётган, жараёнлар ўзаро чамбарчас боғланган дунёда хавфли муаммолар гирдобидан чиқишнинг яккаю ягона йўли – конструктив мулоқот ва ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама ҳамкорликдир».

    Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ШҲТ мамлакатлари аҳолиси сайёрамиз аҳолисининг ярмини ташкил қилади ва бугунги кунда ташкилот нафақат минтақавий хавфсизликни ўрнатишда, балки транспорт, «яшил» энергия, инновациялар, рақамли иқтисодиёт, саноат кооперацияси соҳаларида қўшма лойиҳаларни илгари суришда катта роль ўйнайди.

    Кейинги бир неча йил ичида Ўзбекистон билан ШҲТ ўртасидаги ҳамкорлик сифат даражасига кўтарилди, республика ташкилот доирасида кўп томонлама муносабатларни кенг ривожлантирмоқда. Охирги беш йил ичида Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга нисбатан муносабати конструктив жиҳатдан ўзгарди. Буни эса қуйидагиларда кўришимиз мумкин.

    Энг аввало, Тошкент ШҲТнинг барча соҳаларидаги ҳамкорлик жараёнида фаол иштирок этмоқда. Масалан, 2017 йилгача республика вакиллари ташкилотнинг хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги айрим тадбирларида, хусусан, қўшма ҳарбий ва аксилтеррор машғулотларида, шунингдек, айрим маданий-маърифий дастурларда тўлиқ иштирок этмаган.

    Айни пайтда мамлакатимиз нафақат тузилма доирасидаги турли йўналишлар ривожига таъсир кўрсатмоқда, балки ШҲТга аъзо бошқа давлатлар томонидан илгари сурилаётган умумий долзарб манфаатларга жавоб берадиган таклифларни ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда.

    Иккинчидан, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг бошқа кўп томонлама дипломатик платформаларда ҳам ўз ифодасини топган прагматизми ШҲТда иштирок этишига ҳам тегишли. Жумладан, давлатимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар миллий манфаатлар ва мамлакатимизни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини ўзида акс эттириб, ҳудудни барқарор ривожлантиришга қаратилган асосий вазифаларга тўла мос келади. Шу боис ушбу ташаббуслар ташкилотнинг барча аъзолари томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда.

    Сўнги пайтларда давлатимиз раҳбари томонидан ШҲТнинг улкан салоҳиятини инобатга олиб, амалий нуқтаи назардан транспорт, логистика, инновацион ва рақамли ривожланиш, маданий ва халқ дипломатияси каби муҳим соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга йўналтириш зарурлиги таъкидланиб келинмоқда. Яъни, ташкилотнинг муҳим йўналишлар бўйича фаолиятини кучайтириш ва кун тартибини янги долзарб йўналишлар орқали бойитиш истаги Ўзбекистон томонидан илгари сурилган аниқ ва кенг кўламли ташаббусларда яққол намоён бўлмоқда.

    Жумладан, 2017-2021 йилларда юртбошимиз томонидан ШҲТ саммитларида 50 га яқин муҳим ва долзарб ташаббуслар илгари сурилган. Бу жуда юқори кўрсаткич бўлиб, энг муҳими, мазкур таклифлар «йўл хариталари», меъёрий-ҳуқуқий, сиёсий ва концептуал ҳужжатлар ҳамда ҳамкорликнинг янги механизми шаклида изчиллик билан татбиқ этилмоқда.

    Ўзбекистоннинг ШҲТга раислигида қабул қилинадиган асосий тадбирлар ва ҳужжатлар янги Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсати, устувор мақсад ва вазифаларини кенг намойиш этиш ва тарғиб этишга қаратилган.

    Ўзбекистоннинг ШҲТга раислигининг асосий якунлари ҳозирда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган саммитда сарҳисоб қилинади. Саммит, шубҳасиз, йирик сиёсий ва дипломатик форумга айланади ва ташкилотнинг кейинги эволюцияси йўлидаги муҳим қадам сифатида тарихга киради.

    Ўзбекистон томонидан олиб борилаётган фаол, очиқ, прагматик ва конструктив ташқи сиёсат ушбу саммит доирасида муҳим қарорлар ва ҳужжатларни қабул қилиш учун мустаҳкам замин яратади. Шу билан бирга Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотини аввалдан аъзо давлатларнинг мустаҳкам ўзаро ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳалардаги ҳамкорлигининг маскани дейишимиз мумкин. Ушбу масканнинг давомийлигини таъминлашда аъзоларнинг садоқати ва ихтилофлардан қочишга уриниш каби сифатлари кўп томонлама ҳамкорликнинг янги механизмлари шаклида намоён бўлади деган умиддамиз.

    Б.Баҳодиров,

    Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги

    Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтининг

    Миллий ғоя ва маънавий-маърифий тарғибот ишларини

    методик таъминлаш бўлими

    Кичик илмий ходими

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates