Шижоатли ёшлар кооперацияси

    “Мавсум агрологистика” ёшлар кооперацияси ташкил этилиб, 100 нафар тенгқурлари учун иш ўринлари яратилди.

    Олтиариқ туманининг Бўрболиқ қишлоғи этакларидаги чорак асрдан буён сувсизлик, эътиборсизлик туфайли қуриб-қақшаб ётган дала-даштлар ўзлаштирилди. Бу ерда қишлоқ ёшларининг саъй-ҳаракати билан янги иссиқхона, боғу роғлар яратилмоқда. Улар ўз меҳнат ва изланишлари маҳсулидан мамнун.

    Мавсумжон Умаров ана шундай тиниб-тинчимас тадбиркорларлардан. Унинг ташаббуси билан 2019 йилда “Мавсум агрологистика” ёшлар кооперацияси ташкил этилиб, 100 нафар тенгқурлари учун иш ўринлари яратилди. Ер майдонлари “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”, ”Аёллар дафтари”га киритилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга бўлиб берилди. Томонлар келишувига кўра, кооперация аъзоларига сара уруғ, кўчатлар билан таъминлаш, экинлар парвариши билан боғлиқ ишларда амалий ёрдам беради.

    Бу ерда ишлаб чиқариш тармоқлари учун зарур бўлган ички йўллар тартибга келтирилди, электр тармоқлари тортилди. Сув таъминотини яхшилаш мақсадида қудуқлар қазилди.

    Кооперация экин майдонларида кимўзарга меҳнат қилаётган шижоатли ёшлар иссиқхоналарда помидор, бодиринг кўчатларини парваишлаяпти, экинлар ривожи авжида.

    Эътиборимизни томорқа юмушлари билан андармон бўлиб турган бир гуруҳ йигит-қизлар тортди. “Ҳорманглар” дея улар томон юзландик. Сабзавот экинлари етиштириш ҳадисини олган ёш деҳқонлар мамнуният билан қарши олишди.

    — Саломат бўлинг, бир пиёла чойимиз бор, — дея луфт кўрсатиб томорқа четидаги мўъжаз сўри тамон таклиф қилди юмушларини бироз тўхтатган узун бўйли, ўрта ёшдаги йигит.

    — Яқинларимдан олисда беш-олти йил ўзга юртларда ишлаб биримиз икки бўлгани йўқ, — дейди “Зилол” маҳалла фуқаролар йиғинида яшаётган Аҳаджон Холматов. — Бу ерда ёшлар кооперацияси ташкил этилгач 5 сотих ерни ўзлаштириб, иссиқхона қурдим. Даромад чакки бўлмади. Бу йил унинг ҳажмини уч ҳиссага кенгайтирдик. Эртанги бодиринг ҳосилга кирди. Саноқли кунлардан сўнг памилдорини бозорга чиқарамиз. Дастлабки ҳисоб-китобларимизга кўра, даромад чўғи 100 миллион сўмдан кам бўлмайди.

    Дарҳақиқат, сувсиз, тош-шағалдан иборат экин майдонларига туман ҳокимлиги, 3-сектор ташаббуси билан электр тармоғи тортиб берилди, 7 та тик қудуқ қазилди. Бу ерларни ўзлаштириш, ҳосилдорликни ошириш амалларида қўл келмоқда.

    Экин майдонлари олдига “Дамас” автомобили келиб тўхтади. Ёшлар кластери раҳбари, Мавсумжон Умаров билан кечган суҳбатимиз янада мароқли бўлди.

    Тошкент шаҳридаги иссиқхоналарда ёлланма ишчи сифатида ишлаб тажриба тўплаган қишлоқ боласи ўз маҳалласида янги ерларни ўзлаштириш ташаббусини илгари сурганида кимдир ишонди, кимдир эса йўқ. Сувсиз, тош-шағал жойда экин экиб бўладими? Аммо таклиф туман мутасаддилари томонидан қўллаб-қувватланди, синов тариқасида 15 гектар ер ажратиб берилди.

    — Авваллари бир қарич ерда мустақил деҳқончилик қилиш амри маҳол эди, — дейди кластер хўжалиги раҳбари. — Банкдан 200 миллион сўм имтиёзли сармоя олиб, 54 нафар тенгқурларим билан ҳамжиҳатликда 6 сотихдан иссиқхона қурдик. Тош-шағалдан тозаланган ерларга соз тупоқ солиб, бодиринг кўчатлари экилди. Ўтган йили ўзимизникидан ташқари ташқи бозорга ҳам 60 минг АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилдик.

    Экин майдонларини томчилатиб суғориш йўлга қўйилди. Бу сув таъминоти билан боғлиқ етишмовчиликларнинг олдини олиш, ортиқча сарф-ҳаражатларни қисқартириш имкониятини бермоқда. Айни кунда бу ҳудудда 70 гектар майдонда ёшлар ташаббуси билан эртаки бодиринг, помидор етиштириляпти. Бу бежиз эмас. Аввало, маҳалла ёшлари бу каби экинлари етиширишда яхши тажриба эга. Кўчатлар уй шароитида кичик ҳажмдаги иссиқхоналарда ўстириб олингач, катта майдонларга ўтқазилади. Эрта пишиб етилган маҳсулотлар ички ва ташқи бозорда ҳардоргир.

    — “Зилол”, “Гулобод”, “Шалола” маҳалла фуқаролар йиғинларида “Ёшлар дафтари”га киритилган 1441 нафар ёшнинг 400 нафари иш билан таъминланди, — дейди туман ички ишлар бўлими бошлиғи, 3-сектор раҳбари Мурождон Қундузов. — Шу мақсадда фойдаланишдан чиқиб кетган ерларни ўзлаштириш борасидаги ишлар бир дам тўхтагани йўқ. Бу ерда вилоят ҳокимининг ташббуси билан умумий қиймати 8 миллиард сўм бўлган лойиҳа ҳам амалга оширилмоқда. Бу тош-шағалдан иборат 1,5 минг гектар ерга обиҳаёт олиб келтириш, янги иш ўринлари яратиш имконини беради. Янги лойиҳа доирасида иссиқхона, интенсив усулда боғлар яратилади. Логистика хизмати, маҳсулот сақлаш омборлари қурилади. Бу етиштирилган маҳсулотлар турларини талаб ва таклиф асосида сотиш, экспорт ҳажмини оширишга ҳам кенг йўл очади. Натижада 1500 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланади.

    Ёшлар кооперацияси аъзоси Жаҳонгир Деҳқонов 15 сотих ерда иссиқхона фаолиятини йўлга қўйиб кам бўлгани йўқ. Меҳнатига яраша даромад олиб, оила тебратмоқда. Ҳолбуки бундан бир йил аввал бошқа тенқурлари қатори ўзга юртда иш излаб сарсон - саргардон кезинарди. Энди бунга ҳожат қолмади. Кооперация аъзоси сифатида қонунда белгиланган тартибда ижтимоий ҳимоя, меҳнат стажига эга бўлди.

    Айни кунда ҳудуддаги 8 гектар қаровсиз экин майдонларини қайта фойдаланишга киритиш борасида ҳам иш олиб борилмоқда. Бу мақсадларга “Агробанк” республика бошқаруви ташаббуси билан 1 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Бу бир вақтнинг ўзида яна 300 нафар йигит-қизларнинг бандлигини таъминлаш имкониятини беради.

    Таъкидланишича айни кунда туманда 5 та ана шундай истиқболли ёшлар кооперциялари ташил этилди. Уларда маҳсулот етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, экспортга йўналтириш борасда тизимли ишлар олиб борилмоқда.

    Президентимизнинг апрелдаги “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори олтиариқлик йигит-қизларни янги марраларни кўзлаб ишлашга даъват этяпти. Негаки, унда ташкил этилган Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғарма зиммасига бошқа йўналишлар билан бир қаторда, мева-сабзавот ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш соҳасидаги лойиҳаларни ҳам молиялаштириш вазифаси юклатилди. Хусусан, тижорат банкларига инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун Жамғарманинг мавжуд маблағлари доирасида, миллий валютадаги кредитлар бўйича йиллик 10 фоиз, хорижий валютадаги кредитлар бўйича йиллик 2 фоиз ставкалари билан тақдим этилиши белгиланган.

    Кўҳна Бўрболиқ қишлоғининг жанубида ястаниб ётган далаю юдаштларда бошланган бунёдкорлик ишлари бугунги кунда авж паллага кирган. Басма-басига меҳнат қилаётган ёшлар кўнглида кўтаринкилик, фаровон кунга бўлган ишонч мустаҳкам. Халқимизга хос яратувчанлик салоҳияти билан яшаётган қишлоқ ёшлари қақроқ ерларга янги ҳаёт нафасини олиб кирмоқда.

    Расулжон КАМОЛОВ,

    журналист

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates