Сифат янги имкониятларни очиб беради

    Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан “Сифат назорати” телекўрсатуви билан ҳамкорликда жами 171 номдаги (28 турдаги) маҳсулотлар назорат хариди амалга оширилди.

    АОКАда ташкил этилган матбуот анжуманида агентлик директор ўринбосари Аъзам Қурбонов юртимизда бўлиб ўтган Сифат ҳафталиги доирасида ўтказилган тадбирлар, амалга оширилган лойиҳалар хусусида маълумот берди:

    Тадбирда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 10 ноябрдаги қарорига асосан, юртимизда жорий йил 11 ноябрь – Сифат куни ва 22-27 ноябрь кунлари Сифат ҳафталиги ўтказилди.

    Ҳафталик доирасида жойларда “Сифат янги имкониятларни очиб беради” мавзусида 115 та тадбирлар ташкиллаштирилиб, уларда 6,5 мингга яқин истеъмолчилар, тадбиркорлар ва ёшлар қамраб олинди.

    Шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасида савдо объектлари ва бозорларда ўрганишлар ўтказилиб, аниқланган камчиликлар бўйича чоралар-кўрилди, тегишли кўрсатмалар берилди.

    Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 февралдаги 59-сонли қарорига мувофиқ, Агентлик манфаатдор вазирлик ва идорлар билан режа-график асосида ички истеъмол бозорида сифатсиз товарлар сотилишининг олдини олиш мақсадида чакана савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида халқ истеъмоли товарларининг назорат харидлари ўтказилди.

    Агентлик томонидан ва “Сифат назорати” телекўрсатуви билан ҳамкорликда 171 номдаги (28 турдаги) маҳсулотлар назорат хариди амалга оширилди. Уларнинг экспертиза натижаларига кўра, 20 номдаги маҳсулот норматив-техник ҳужжатлар талабларига номувофиқлиги аниқланган. Шундан 5 та корхонага берилган мувофиқлик сертификати ваколатли орган (“Ўзстандарт” агентлиги) томонидан бекор қилинди.

    Бундан ташқари, республиканинг ички истеъмол бозорларида маркировкалаш ва озиқ-овқат хавфсизлиги талабларига риоя қилинишини таҳлил қилиш мақсадида 284 та савдо объектида кузатув йўли билан олинган озиқ-овқат маҳсулотларини маркировкалаш қоидалари 1 045 та ҳолатда (97 фоизи маҳаллий маҳсулот) бузилганлиги қайд этилган.

    Сифат ҳафталиги давомида аҳолига оммавий ахборот воситалари орқали сифатли ва хавфсиз овқатланиш тамойиллари, таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори белгиланган меъёрлардан юқори бўлган озиқ-овқат маҳсулотларининг инсон соғлиғи учун зарари, болалар ва ўсмирлар томонидан кучли газланган, рангли, ширин ҳамда энергетик ичимликларнинг истеъмолини тартибга солиш бўйича тавсиялар акс этган репортажлар ва лавҳалар тайёрланди ҳамда давра суҳбатлари, брифинглар,учрашувлар ва интервьюлар шаклида кенг жамоатчиликка етказилди.