Сирдараё ИЭСнинг 9-сонли энергоблокида олиб борилган модернизация ишлари якунига етди

    Энергетика 6 октябр 2021 763

    Бугун Сирдараё иссиқлик электр станциясида 9-сонли энергоблок модернизация ишларидан кейин ягона энерготизимга уланиши билан станцияда давом этган 3 йиллик модернизация жараёни муваффақиятли якунига етказилди.

    146 миллион АҚШ долларига тенг ушбу йирик инвестиция Россиянинг “Силовые машины” компанияси билан ҳамкорликда бажарилди.

    Лойиҳа доирасида, станцияда 2019 йилда 3-4, 2020 йилда 5-6 ва 2021 йила 9-10 энергоблоклар модернизацияси амалга оширилди.

    — Ушбу лойиҳа Россиянинг энергетика технологияларини ишлаб чиқариш соҳасида етакчи бўлган “Силовые машины” компанияси мутахассислари билан ҳамкорликда амалга оширилди, — дейди станция бош директори Баҳодир Нурдинов. — Бажарилган ишлар натижасида ҳар бир энергоблокнинг қуввати 300 МВтдан 325 МВтга етказилди, 1 кВт соат учун шартли ёқилғи сарфи 40 граммга камайди, натижада уч босқичли модернизация ишлари якунида йилига 270 миллион кубометр табиий газ тежалишига эришилади. Модернизация қилинган энергоблокларнинг хизмат даври камида яна 20 йилга оширилиши таъминланади.

    Шунингдек, модернизация жараёнлари натижасида Республикамиз истеъмолчиларига электр энергияси етказиб бериш ишончлилиги ва миқдори оширилиши билан бирга, ёқилғи ресурсларини тежаш ҳисобига аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқларига қўшимча табиий газ етказиб бериш имконияти пайдо бўлади.