Тошкент вилоятида ўтказилган назорат тадбири давомида Бекобод туманида ноқонуний қум-шағал қазиб олиш ҳолати аниқланди.
Маълум бўлишича, Ф.Т. ва У.Қ. исмли фуқаролар томонидан Бекобод туманидаги «Ачамайли» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Сирдарё дарёси ўзанидан давлат рақами 20 Қ 923 ДА бўлган юк автомобили ҳамда махсус юкловчи техника воситаси орқали қум-шағал аралашмаси ноқонуний равишда ташиб чиқилган.
Мазкур ҳаракат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 1 январдаги «Сув ҳавзаларида норуда материалларни қазиб олишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 14-сон фармони, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 23 ноябрдаги 666-сонли қарорига зид ҳолда амалга оширилган.
«Норуда материалларни ноқонуний қазиб олишда табиий объектларга етказилган зарарни ҳисоблаш тартиби тўғрисида»ги Низом асосида олиб борилган ҳисоб-китобларга кўра, табиатга 16 миллиард 912 миллион 862 минг 600 сўм миқдорида зарар етказилган.
Айни пайтда ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар Тошкент вилояти прокуратурасига юборилган. Рейд тадбирлари давом эттирилмоқда.









