Сирдарё вилоятида 1 июлдан давлат тиббий суғуртаси жорий этилиши бошланади

    Саломатлик 27 апрел 2021 1031

    Бугун Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Молия вазирлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда журналистлар ва блогерлар учун Сирдарё вилоятига пресс-тур ташкил қилинди.

    Мақсад — соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини ташкил этишнинг янги модели, шунингдек, «электрон поликлиника» ахборот тизими ва маълумот базалари ҳамда давлат тиббий суғуртасини жорий этиш бўйича тажриба синов лойиҳасининг бориши тўғрисида оммага маълумот бериш.

    Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғофур Мирзаев, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов, Молия вазири ўринбосари Жамшид Абруев, ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лиан Куппенс, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси директори Фаррух Шарипов иштирок этди.

    Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 1 июлидан 2022 йилнинг охирига қадар Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш тизимида тажриба-синов лойиҳаси доирасида апробациядан ўтказиладиган янги тизим, яъни давлат тиббий суғуртаси жорий этилиши кўзда тутилган.

    Сирдарёда жорий этилаётган янги тизим биринчидан, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва кўламини янада ошишига ёрдам берса, иккинчидан, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаб, ўртача умр кўриш даражасини оширишга сабаб бўлади.

    Давлат тиббий суғуртаси тизими 2021 йилдан бошлаб босқичма-босқич жорий этилади.

    Биринчи босқич Давлат дастурида белгилангандек, тажриба тариқасида Сирдарё вилоят тиббиёт муассасаларида, иккинчи босқич 2023 йилда Қорақалпоғистонда, Самарқанд, Навоий, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида, учинчи босқич 2025 йилдан бутун мамлакат бўйлаб жорий этилади.

    Тадбир давомида мутахассислар журналистларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг ташкил этилиши ва 2020 йилнинг 1 декабридан 2021 йилнинг 27 апрелигача бўлган даврда амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.

    Бугунги кунда тажриба-синов лойиҳасини амалга оширишга тайёргарлик доирасида жамғарма вилоят тиббиёт муассасаларида соғлиқни сақлашнинг янги моделини жорий этиш бўйича тайёргарлик ишларини бошлаб юборди.

    Жумладан, лойиҳага Гулистон шаҳрида 5 та, Янгиер шаҳрида 2 та, Боёвут туманида 14 та бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари жалб қилинган.

    Халқаро экспертлар иштирокида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар пакетини ишлаб чиқиш, тиббиёт мутахассислари жамоаларини шакллантириш, шунингдек, аҳоли саломатлигини мониторинг қилиш учун ягона электрон платформани яратиш бўйича жойларда семинарлар ўтказилди. Махсус тиббий бригадалар тузилди, шифокорларнинг беморлар билан ишлаш механизми белгиланди.

    Аҳолини рўйхатга олиш натижасида «электрон поликлиника» маълумотлар базасига Гулистон шаҳрининг 102 минг нафардан ортиқ, Янгиер шаҳрининг 42 минг нафар, Боёвут туманининг 123 минг нафардан ортиқ аҳолиси киритилди.

    Пресс-турда таъкидлаганидек, ҳозирда Сирдарё вилояти тиббиёт соҳасида суғурта тизимини жорий қилиш бўйича ислоҳотларни амалга оширишда етакчи ўринни эгаллаб турибди.

    Ҳудудда 2022 йил охиригача амалга ошириладиган тажриба-синов лойиҳаси 5 та таркибий қисмдан иборатдир.

    Тиббий хизматлар кўрсатишни такомиллаштириш, соғлиқни сақлашни бошқариш, тизимни молиялаштириш, рақамлаштириш ва лойиҳаларни бошқариш шулар жумласидандир. Давлат тиббий суғуртасини жорий этиш ва режалаштирилган ислоҳотлар аҳолига давлат томонидан кафолатланган пакет доирасида янада сифатли тиббий хизматларга эга бўлиш имконини беради.

    Тадбирда таъкидланишича, соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели жорий этилиши қўшимча молиявий маблағларни жалб этмаган ҳолда тиббий хизматлар сифатини оширишга хизмат қилади, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates