Смарт шартномалар ҳақида нималарни биласиз?

    Рақамлаштириш ва молиявий технологияларнинг жорий этилиши дунёнинг аксарият мамлакатлари иқтисодиёти, молия бозорларидаги мавжуд ҳолатларни тубдан ўзгартирмоқда.

    Янгиликлар ва замонавий инфратузилма туфайли илгари шахсий иштирок ва кўп вақт талаб қилган кўплаб операциялар, эндиликда «битта тугмани босиш» орқали бир неча дақиқада амалга оширилиши мумкин бўлиб қолди. Хусусан, бу имконият фуқаролик муносабатларидаги келишувлар, турли шартномаларини тузишга ҳам тааллуқлидир.

    Информатиканинг тараққиёти натижасида кундалик ҳаётимизга смарт шартнома тушунчаси кириб келди. Бу атама ғояси илк бор АҚШлик информатика, криптография ва ҳуқуқ бўйича мутахассис Ника Сабо томонидан 1994 йилда илгари сурилган бўлиб, у мазкур шартномани «Томонлар ўртасидаги мажбуриятларнинг рақамли вакили, шу жумладан ушбу мажбуриятларни бажариш учун протокол», деб таърифлайди.

    Олимлар эса уни икки хил талқин қилишади: «Смарт шартнома» ва «Ҳуқуқий смарт шартнома». Смарт шартнома олдиндан белгиланган функцияларга кўра, муайян ҳолат ёки шарт вужудга келса, автоматик тарзда ишга тушадиган компьютер кодини англатади. Код тақсимланган регистрда сақланиши ва қайта ишланиши ҳамда унга ҳар қандай натижавий ўзгаришлар ёзилиши мумкин. Ҳуқуқий смарт шартнома тушунчаси эса икки ва ундан ортиқ томонларнинг ўзаро, программали код ёрдамида шакллантирилган ва автоматизациялаштирилган қонун доирасидаги келишуви саналади. Оддий тил билан айтганда, ақлли шартнома замонавий ахборот теҳнологиялар ёрдамида яратиладиган виртуал шартнома бўлиб, анъанавий шартноманинг янги авлодидир.

    Президентимизнинг 2018 йил 3 июлдаги «Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида инвестициявий ва тадбиркорлик фаолиятининг турли шаклларини диверсификация қилиш учун крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни, жумладан майнинг, смарт шартнома (рақамли транзакцияларни автоматик тартибда амалга ошириш орқали ҳуқуқ ва мажбуриятлар бажарилишини назарда тутувчи электрон шаклдаги шартнома), консалтинг, эмиссия, айирбошлаш, сақлаш, тақсимлаш, бошқариш, суғурталаш, крауд-фандинг (жамоавий молиялаштириш), шунингдек, «блокчейн» технологияларини жорий этиш учун зарур ҳуқуқий базани яратиш каби вазифалар белгиланган эди. Бу эса мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда смарт шартномалар фаолияти учун платформа бўладиган, блокчейн технологияларига оид муносабатларни тартибга солувчи нормаларни ишлаб чиқиш ва ақлли шартномалардан кенг фойдаланишни йўлга қўйиш давлат аҳамиятига молик улкан вазифаларимиздан эканлигини кўришимиз мумкин.

    Мажбуриятларнинг бажарилишини АКТ назорат қилади

    Смарт шартноманинг бир қатор афзалликлари мавжуд. Яъни, мазкур турдаги шартнома тузиш фуқаролар учун осон бўлиб, улар фақат аввалдан белгиланган, «агар... кейин...» (If... then...) каби кўринишдаги шартнома шартларига розиликларни билдиришади. Ақлли шартнома фақат электрон муҳитда мавжуд бўлиб, электрон рақамли имзодан фойдаланишни талаб қилади. Бунда шартнома тузмоқчи бўлган шахснинг шахсий розилиги керак бўлиб, бошқа шахслар номидан битимлар тузилишининг олди олинади.

    Дастурлаш тилида ёзилган шартнома шартлари юқори даражада аниқлаштирилганлиги сабабли, анъанавий шартномалардагидек шархлаш воситаларини бундай шартномаларга қўллашнинг ҳожати йўқ. Бусиз ҳам улар аниқ ва тушунарлироқ ёзилган бўлади. Яна бир ўзига хос жиҳати, ушбу турдаги шартномалар бажарилишининг ақлли назорати мавжудлиги бўлиб, смарт шартнома ижроси жараёнида томонларининг ёки бирон-бир учинчи шахснинг аралашуви талаб этилмайди. Аввалдан белгиланган код орқали мажбуриятлар ўз вақтида бажарилиши ахборот технологиялари ёрдамида таъминланади.

    Бугунги кунда кўплаб афзалликларга эга бундай шартномалардан кенгроқ фойдаланишдаги асосий муаммо, бу борада ҳуқуқни қўллаш амалиётининг йўқ эканли, дейишимиз ўринлидир. Бироқ, смарт шартномаларни кўллаш бўйича хорижий мамлакатлар тажрибасига мурожаат қилганда ҳам бундай келишувлар фаолияти блокчейн платформалари билан боғланиб, тегишли қонун нормалари билан тартибга солинишини, кузатиш мумкин. Жумладан, АҚШнинг бир неча штатлари қонунчилигида смарт шартномалар тузиш билан боғлиқ муносабатлар назарда тутилади. Масалан, Аризона қонунларига кўра, “Смарт шартнома содир бўладиган ҳодисалар билан фаоллаштирилган дастурдир ва у тарқалган марказсизлаштирилган, кўп фойдаланувчили реестларда рўйхатга олинади ҳамда бундай реестрларда активларни бошқариши ва ўтказиши мумкин бўлади. Флорида, Небраска, Теннисси, Вермонт штатларида смарт шартнома электрон келишувларданда кўпроқ қўлланиш соҳасига эга. Яъни, бундай реестрда активларни бошқариш ва айрибошлашдан ташқари, активларни яратиш ва тарқатиш имкониятлари ҳам яратилган. Бундан ташқари, дастурий маҳсулотларга нисбатан ҳуқуқларни бошқариш ва маълумотларни синхронизациялаш ҳам мумкин.

    Юртимизда жорий қилишдаги муаммолар

    Смарт шартномалардан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш борасида қуйидаги таклиф-тавсияларни илгари суришимиз мумкин.

    Биринчидан, блокчейн технологияларини давлат томонидан самарали тартибга солиш, смарт шартнома иштирокчилари ўртасидаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан регламентация қилиш мақсадида махсус норматив-ҳуқуқий хужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда мазкур соҳага алоқадор бўлган мавжуд ҳуқуқий-хужжатларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш керак. Чунки, кўплаб афзалликларига қарамай, смарт шартномаларни тартибга солувчи нормалар қонунчилик доирасида мустаҳкамлаб қўйилмаганлиги ундан нафақат фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар соҳасида, балки давлат бошқарувининг барча соҳаларида янада кенгроқ қўлланилишига тўсқинлик қилиб келмоқда.

    Иккинчидан, смарт шартномалардан фойдаланишда, блокчейн технологиясини кўллашда юрисдикцияни, яъни қайси қонунчилик доирасида амалга оширилишини белгилашнинг мураккаб муаммосини ҳал қилиш зарурдир. Аниқроғи, бундай битимлар марказлаштирилмаган блокчейн тизимида ижро этилишини ҳисобга олсак, шартномани расмийлаштиришнинг ҳақиқий жойини ва шунга мос равишда томонлар судга мурожаат қилиши мумкин бўлган жойни аниқлаш қийин бўлади. Назарий жиҳатдан, суд томонлар битим тасдиқланган исталган жойга шикоят бериши мумкинлиги хусусида қарор қилиши мумкин. Бу ҳолатда, дунё бўйлаб жойлашган минглаб тармоқлар мавжудлигини ҳисобга олсак, тарафлар дунёнинг исталган ерида судга тортилиши мумкин бўлади. Ушбу муаммони ҳал қилиш – пророгацион ҳавола(шартномада ушбу битим келишуви билан боғлиқ низолар қайси суд органида, шу қаторда қайси мамлакатда кўриб чиқилишини белгилаб берадиган ҳаволани белгилаш зарур. Ушбу ҳаволада томонлар ҳар қандай низоларни битта муайян юрисдикцияда ҳал қилишга рози эканликларини кўрсатиши мумкин бўлади.

    Учинчидан, агар шартнома билан боғлиқ муаммолар юзага чиқса, томонлар юрисдикция муаммосини ҳал этиб, одатда, туман ёки вилоят судига мурожаат қилишади. Бундай процедура, жуда қимматга тушади ва бир ойдан кўпроқ давом этиши, шубҳасиз. Aммо, агар томонлар келишиб, низоларни ҳал қилишнинг муқобил усуллари тўғрисидаги бандни қўшишса, улар муросасизликларни арбитраж орқали келишишлари мумкин бўлади. Бугунги ҳакамларнинг аксарияти ушбу технология ҳақида етарли билим ва амалиётга эга бўлмаслиги мумкин. Айнан, шартномада ҳакамдан блокчейн платформалари бўйича муайян тажрибага эга бўлишни талаб қиладиган бандни киритиш иккала томон учун ҳам фойдали бўлиши, табиийдир.

    Тўртинчидан, смарт шартномаларни тузиш учун дастурий тилни биладиган мутахассисларни жалб қилиш лозим. Смарт шартномалар назариясининг ўзи ҳам ҳуқуқшунослик, ҳам техник фанлар билан боғлиқ илмий ва амалий қоидаларни таҳлил этиш ҳамда бирлаштиришни назарда тутади. Бунда, смарт шартнома назариясини тадқиқ этаётган ҳуқуқшунослар учун тегишли техник билимлар билан таништирувчи семинар-тренинглар ташкил этиш, мақсадга мувофиқдир.

    Хулоса қилиб айтганда, замонавий тенденциялар шуни кўрсатмоқдаки, смарт шартномалар тобора оммалашмоқда, улардан фойдаланиш қулайлиги ортмоқда, хорижий мамлакатларда ақлли шартномалар ёрдамида технологияларни такомиллаштириш устида алоҳида тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Бундай шартнома воситачиларсиз тез ва турли келишувлар тузишга имкон беради. Aқлли шартнома механизми учинчи шахслар ва воситачиларнинг (нотариуслар, ҳуқуқшунослар) иштирокини минималлаштиришга қаратилган ҳамда моддий жиҳатдан, бундай шартномалар кўпроқ фойдалироқдир. Шунингдек, смарт шартномалар инсон ва моддий ресурсларни тежаши ва келишув шартларининг бир томонлама ўзгартирилишига йўл кўйилмаслиги ҳамда шартларнинг шарҳлаш эхтиёжисиз аниқ, асосли ва қонуний ёзилиши билан ҳам аҳамиятлидир.

    Фарангиз ЗАЙНОБИДДИНОВА,

    Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети докторанти