Совуқ об-ҳаво шароитида қийналаётган фуқароларга ёрдам кўрсатилди

    Бугунги кундаги совуқ об-ҳаво шароитида Хоразм вилоятидаги барча маҳаллаларда вилоят, шаҳар ва туманлардаги сектор раҳбарлари, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари уйма-уй юриб, аҳоли холидан хабар олмоқда.

    Маҳаллаларда саховат тадбирлари ўтказилмоқда.

    Хусусан, Янгибозор туман ҳокимлиги ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси ҳамкорлигида Жайхун ва Ифтихор маҳаллаларида 100 килограмм ош дамланиб маҳалла аҳолисига тарқатилди.

    90 дан ортиқ эҳтиёжманд оилаларнинг 300 нафарга яқин аъзоларига бепул кийим-кечаклар олиб берилди. 130 га яқин хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

    — Оиламизнинг барча аъзоларига иссиқ кийим-кечаклар берилди, — дейди Жайхун маҳалласида яшовчи Илхом Хўжаев. — Бундан жуда хурсанд бўлдик. Бугунги совуқ кунларда маҳалламизда иссиқ овқат ҳам тарқатиляпти. Кўмир ва суюлтирилган газ ҳам вақтида етказиб бериляпти. Маҳалламизда фуқароларга яратилаётган шароитлардан жуда мамнунмиз.

    Бу каби саховат тадбирлари вилоятимизнинг барча маҳаллаларида давом этмоқда, деб хабар беради “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Хоразм вилоят бўлими матбуот хизмати.