Сўх-Риштон» автомобиль йўлида транспорт воситаларининг қатнови вақтинчалик тўхтатилган — ФВВ

    Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати ижтимоий тармоқларда «Фарғона вилояти Сўх туманига кучли сел келди» сарлавҳаси остида тарқалган хабар юзасидан маълумот берди.

    Шу йилнинг 11 май куни соат 18:00 ларда қисқа муддатда ёғиб ўтган кўп миқдордаги кучли ёғингарчилик оқибатида Фарғона вилояти Сўх туманининг «Сўх», Фарғона туманининг Шохимардон ҳудуди «Ёрдон» МФЙларида сел оқимлари юзага келди.

    Ҳодиса натижасида Сўх туманининг «Малбут» қишлоғи ҳудудидан оқиб ўтувчи «Малбут», «Девайрон» МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи «Девайрон» сел йўлларида сел оқимлари сой ўзанига сиғмай, «Сўх-Риштон» автомобиль йўлининг қатнов қисмига лойқа ва турли тоғ жинслари оқизиб келган. Оқибатида ушбу автомобиль йўлида транспорт воситаларининг қатнови вақтинчалик тўхтатилган.

    Сел сувлари «Малбут» қишлоғидаги хонадонларнинг ертўла, қўшимча бино ва томорқаларига кирган. Ҳозирда муҳандислик техникалари ёрдамида сел оқими оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

    Сел оқими оқибатларини бартараф этиш, сув тошиб кирган хонадонлар сонини аниқлаш ишлари туман ҳокими раҳбарлигида Фавқулодда вазиятлар бўлими ва тегишли хизматлар томонидан амалга оширилмоқда.