Сўз эркинлигими ёки ғирром ўйинлар – сиз қайси томондасиз?

    “Фалончи Пистончиев, бугун каналимда сенинг кунинг, қўлимда ҳамма маълумот, кутиб ол” деб қўйиб, кейин у одам ҳақида умуман ҳеч нима демаслик, шубҳали тарзда жим бўлиб кетиш – бу сўз эркинлиги эмас, ахборот воситасида шантаж аслида.

    Бугун ўзбек журналистикаси, умуман, ахборот макони энг шовқинли, баҳсларга тўла, жараёнлари фаол, юқори даражада ижтимоийлашган, бироқ айни пайтда, энг хиралашган даврини бошидан кечирмоқда. От изи билан ит изи аралашиб кетди, деган нақл бунга жуда мос келади.

    Кўпчилик журналист ва блогерлар жамиятдаги ўткир муаммоларни олиб чиқиб, уларнинг қонуний бартараф этилишига сабаб бўлаётганлари сир эмас. Жамоатчилик назоратининг субъекти сифатида ушбу фаол шахслар ўз вазифалари ва ижтимоий мажбуриятларини шараф билан адо этмоқдалар. Бу фуқаролар ва Давлатимиз раҳбари томонидан кўп бора эътироф этиб келинмоқда.

    Аммо афсуски, ахборот майдонида бугун бир қанча қутбли, принципли томонлар пайдо бўлгани, бу плюрализмни шакллантиришга ҳисса қўшаётгани ҳолда, шундай бир кўринмас ва ғирром ўйинчилар ҳам юзага келдики, уларнинг ишини ахборот диверсияси деб баҳолаш мумкин. Шундай манбалар пайдо бўлдики, улар таҳдид, шантаж, бирон туҳмат, шахсий сирларни очиш ёки ёлғон маълумотлар тарқатиш билан таҳдид қилиб, шахснинг қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ерга уриш мақсадида ахборот тарқатишни ўзига касб қилиб олди.

    Масалан, бирон расмий манбаларда тилга олинмайдиган, бироқ тармоқ фойдаланувчлари орасида машҳур бир қанча манбалар шулар жумласидандир. Уларда ҳеч қачон таҳлил бўлмайди, фактлари тасдиқланмайди, буни на улар ўзларига мақсад қилиб олишган, на ўқувчилари кўпда буни талаб қилишади.

    “Фалончи Пистончиев, бугун каналимда сенинг кунинг, қўлимда ҳамма маълумот, кутиб ол” деб қўйиб, кейин у одам ҳақида умуман ҳеч нима демаслик, шубҳали тарзда жим бўлиб кетиш – бу сўз эркинлиги эмас, ахборот воситасида шантаж аслида.

    Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодекси”да журналист бетараф бўлиши, воқеа-ҳодисаларни холисона ва ҳаққоний ёритиши, муомала маданияти ва очиқлик тамойилларига амал қилиши лозимлиги белгилаб қўйилган.

    Лекин ўзини “ҳақиқат ҳимоячисиман” деб даъво қилувчи баъзилар қонун нормалари у ёқда турсин, умуминсоният қабул қилган ва тан олган ахлоқ меъёрларини ҳам менсимаслигини кўрсатиб қўйди.

    Бу каби мулоқот нафақат ОАВ обрўсига путур етказиши, балки очиқ мулоқот учун интилаётган бошқа давлат органларига ҳам ёмон ишора юбориб, уларни очиқликдан бездириши ва охир-оқибат умуман жамоатчилик манфаатларига зиён етишига олиб келиши мумкин.

    Деструктив мулоқот узоқ давом этмайди, катта зарар келтиради, мулоқотнинг самарасини йўққа чиқаради, томонлар бир бирини эшитмай қўйишига олиб келади.

    Бу каби ҳаракатлар аввало жамиятда фуқаролик жамияти институтларига ишончнинг сўнишига, журналистика ва блогосферанинг обрўсизланишига, алалхусус, шаффофлик ва очиқликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган сиёсатга салбий таъсир кўрсатди.

    Замонавий дунёда энг муросасиз мухолифатчилар ҳам бир стол атрофида маданиятли сўзлар ва ишоралар орқали ўз танқид, эътироз ва ҳатто нафратини айтмоқда. Зеро инсоннинг ҳайвондан фарқи ҳам унинг маданиятли мулоқот қила олишидадир.

    Бугун Президентимиз очиқлик сиёсатини энг олдинги ўринга қўйгани ҳеч кимга сир эмас. Сўнгги йилларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг флагмани сифатида ҳам айнан сўз эркинлиги борасида амалга оширилган институционал ўзгаришлар тилга олинади. Ҳар қандай муросасиз танқид, фикр, эътироз ҳам бугунги ахборот асрида айтилишга ва эшитилишга ҳақли, айтиляпти ва эшитиляпти ҳам. Бироқ сўз эркинлигидек юксак қадриятни шахсий манфаат йўлида шантаж қуролига айлантириш бу қадриятга хиёнатдир.

    Қолаверса, биз цензура диктатурасидан қутулдик деганимизда энди “сўз шантажи” диктатураси остига тушишимиз мумкин эмас, бунга ҳар қандай очиқ фикрли, саводли, прогрессив инсонлар рози бўлмаслиги керак.

    Биз танқид ва фикрлар учун доим очиқ бўлганимиз ҳолда, ҳақорат ва шахс қадр-қимматини пастга урувчи ҳаракатларга жим қараб турмаслигимиз лозим.

    Шу ўринда журналистлар ҳамжамияти, жамоатчилик фаоллари, савияли ва юқори стандартларга содиқ блогерлар ҳамда фикр етакчилари бу шароитда ўз позицияларини аниқлаб олишлари, ўзаро ҳурмат ҳамда юқори стандартли журналистика, сўз эркинлиги ҳимоясида туришлари жуда муҳим.

    Ахборот тарқатишда қонунийлик, холислик, одоб-ахлоқ ва инсонийлик принципларини етакчи бўлмоғи керак.

    Ҳамма соҳада ҳуқуқбузарликка жавобгарлик мавжуд экан, шубҳасиз, ахборот тарқатиш соҳасида ҳам ёлғон, туҳмат ва товламачиликдан иборат ахборот тарқатганлик учун тегишли жавобгарлик мавжудлигини эслатиб ўтамиз. Блогерлар ва журналистлар шахсни обрўсизлантирувчи маълумотлар тарқатишдан олдин уни текшириб олишга масъулият билан ёндашишлари лозим.

    Фурқат Тожиев, ҳуқуқшунос

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates