Сўз форум иштирокчиларига

    Пойтахтимизда Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан халқаро ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган “Янги Ўзбекистон таълими: ислоҳотлар йўлида муваффақиятли ҳамкорлик” халқаро форуми ниҳоясига етди.

    Глобал таълимни ривожлантириш, ўқитиш тизимини янги босқичга олиб чиқиш, ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма дастурлар асосида талабаларни ўқитиш ҳамда амалиёт ўташларига имконият яратиш, ўқитувчилар малакасини ошириш, ўқув ва илмий адабиётлар алмашиш, янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган форумда таълим соҳасидаги халқаро ва маҳаллий экспертлар, давлат арбоболари, кўплаб халқаро миқёсдаги обрўли мутахассислар иштирок этгани мазкур анжуманнинг юқори нуфузини белгилади. Анжуман иштирокчилари ўз таассуротларини шундай баён этди:

    Содиқ Сафоев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари:

    — Жамиятни изчил ривожлантириш учун, айниқса, бугунги кунда таълим қанчалик катта аҳамият касб этаётганига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Аввалги ренессанслар сабоқларини таҳлил қиладиган бўлсак, улар келиб чиқишининг биринчи сабаби фан, адабиёт, маданият, санъатга қаратилган катта эътибор эканини кўрамиз.

    Ва бунинг замирида албатта, фанга, таълимга интилиш ётган. Бугунги энг катта вазифамиз ҳам таълим тизимини замонавий тамойиллар асосида ислоҳ қилишдан иборат. Мазкур анжуман ҳам Ўзбекистондаги таълим тизимини ривожлантириш, бу борадаги халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади. Зеро, таълим юртимиздаги ислоҳотлар марказида туради. Форум эса бу йўлда қўйилган муваффақиятли қадамлардан биридир.

    Ҳилола Умарова, Президент таълим муассасалари агентлиги раҳбари:

    Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган янги тараққиёт стратегиясида ўқитувчиларга яхши шароит яратиш, янги мактаблар барпо этиш, мавжудларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, миллий таълим дастурини ишлаб чиқиш каби қатор вазифалар белгилаб берилди. Ўтган давр мобайнида соҳада катта ислоҳотлар амалга оширилди. Форумни ташкил этишдан мақсад ҳам замонавий, сифатли таълимни ривожлантириш бўйича нуфузли хорижий таълим муассасаларининг тажрибасини ўрганиш, хорижий давлатлар вакилларини Ўзбекистондаги таълим ислоҳотлари билан таништиришдан иборат.

    XXI аср ёшларини тарбиялашда миллий қадриятларга суяниш ва замонавий илм-фан ҳамда технологияларни интеграция қилиш алоҳида аҳамиятга эга.

    Таълим соҳасини такомиллаштириш, жаҳон тажрибасининг етакчи жиҳатларини бизнинг амалиётга татбиқ қилишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Халқаро форум доирасида айнан мана шу йўналишларда қилинган ишларнинг таҳлили билан бирга, келгусида қилиниши зарур бўлган режалар борасида фикр алмашдик. Умид қиламанки, рақобатбардош мутахассис етиштириш, юксак малакали кадрлар тайёрлаш, қолаверса, барчамиз учун фойдали бўлган “ҳаёт давомида ўқиш тамойили билан яшашга ўрганиш борасида зарур маълумот ва билимлар янги муваффақиятларга йўл очади.

    Хорижий ҳамкорлар билан талабалар алмашинув дастурлари, инглиз тили ўқитувчилари учун касбий ривожлантириш курсларини ташкил этиш, “Янги Ўзбекистон” университетини дунёнинг энг яхши университетлари қаторига киритиш стратегиясини ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилиш борасида имзоланган меморандумлар ўз самарасини беради.

    Тадбир иштирокчилари “Янги Ўзбекистон” университети, унинг фаолият йўналишлари, мақсад ва вазифалари, яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Бу ўз ўрнида хорижий ва маҳаллий олимларни, малакали ўқитувчи ва ходимларни, шунингдек, хорижий талабаларни университетга жалб қилиш баробарида юртимиз таълим тизимида эришилган ютуқларни тарғиб қилиш имконини берди.

    Стив Кинг, “Cambridge Assessment” халқаро таълим ташкилоти бош маслаҳатчиси:

    — Ўзбекистон кейинги йилларда жадал ривожланаётган мамлакат ҳисобланади. Айниқса, таълимнинг ҳар бир тармоғида кузатилаётган ўсишни алоҳида эътироф этмоқчи эдим. Хусусан, Президент мактаблари истеъдодли ва ташаббускор ўқувчиларга катта имкониятлар эшигини очиб беряпти. Барча вилоятларда Президент мактаблари очилиши бу борадаги яна бир муҳим қадам бўлди.

    Халқаро форум таълим соҳасида фаолият юритаётган олим ва мутахассисларнинг фикр алмашиши учун катта майдон вазифасини ўтади. Ўз фикр-ғояларим, тажрибаларимни бўлишиш имконияти яратилганидан мамнунман. Халқаро таълимдаги илғор ғояларнинг Ўзбекистонда муваффақиятли амалга оширилиши ва эришилган ютуқлар Кембриж университети учун ҳам манфаатли саналади. Биз келажакда ушбу дўстона муносабатларимиз ривожланиши ва таълим соҳасида натижа беришига ишонч билдирамиз.

    Вижай Кумар, Массачусетс технологиялар институти J-Well директори:

    Ўзбекистонда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни кўриб, очиғи лол қолдим. Форумдан мақсад Ўзбекистондаги таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳисса қўшиш ва халқаро ҳамкорлар билан ҳамжиҳатликда иш олиб бориш, таълим тизимида янада юксак даражаларга эришишдир. Юртингизда Президент мактаблари, “Янги Ўзбекистон” университети каби замон талабларига мос таълим даргоҳлари фаолият юритаётгани қувонарли. Бу ислоҳотлар замирида келажак касбларини эгаллаган, дунё талабига мос мутахассисларни етиштириб беришдек катта мақсад мужассам. Ўтказилаётган халқаро форум эса, янги ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиши ва биргаликда катта ишларни олиб бориш, таълим масканларининг янада салмоқли натижаларга эришишига замин яратади. Форум Ўзбекистонда ҳақиқий етакчиларни тарбиялаш, уларни дунё лидерларига айлантиришда катта аҳамият касб этади.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Рисолат Мадиева тайёрлади.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates