Спорт — руҳ ва дил тантанаси

    Янги Ўзбекистонда бошланган эврилишларнинг илк мақсади халқимизни жўшқин муҳит сари етаклаш бўлди.

    Йил бошидан буён Президентимиз жисмоний тарбия ва спорт соҳаси, соғлом турмуш тарзини ривожлантиришга доир 2 та фармон, 5 та қарор имзолади, ёшлар ўртасида оммавий спортни ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказди, Олимпия шаҳарчаси қурилиши лойиҳаси билан танишди. Жойларга ташрифлар чоғида ҳам халқимизни оммавий спортга жалб қилиш масаласи доимий эътиборда турди. 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси 67-мақсадида жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган фуқаролар сонини ошириш кўзда тутилган. Шу рақамларнинг ўзиёқ мамлакатда соғлом тараққиётга катта сиёсат даражасида эътибор қаратилаётгани далилидир.

    Энди эса, юртдошларимизни, айниқса ёшларимизни оммавий спортга жалб қилишнинг янги босқичида турибмиз. Гап шундаки, Президентимиз 11 апрель куни “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Таъбир жоиз бўлса, бу қарор ўзининг ҳаётий фалсафаси, соғлом тараққиётга йўл очиши, ёшларнинг жисмоний ва маънавий қудратини ошириш, мамлакатда ҳамжиҳатлик, дўстлик руҳини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан тарихий аҳамият касб этади.

    Бугунги мақсадимиз юртдошларимиз, ёшларимиз билан мана шу қарор мазмун-моҳияти ҳақида гаплашиш асносида, ўтган беш йилликда спорт соҳасида эришилган ютуқлар ва соғлом руҳият тарбияси самараларига бир қур назар ташлашдир.

    БИРИНЧИ САМАРА: дунёқарашимиз ўзгарди

    Аслида 2017 йилдан қўр олган халқимизни, миллат генофондини соғломлаштириш ғояси янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадлари билан уйғун ва узвий боғлиқ масъулиятли вазифа сифатида белгиланган.

    Ҳозирдан айтиб қўя қолайлик: шу катта мақсад ва вазифалар ижроси, аввало, одамлар дунёқарашини, сўнг, табиийки, жамиятни ўзгартириб юборди.

    Қандай қилиб, дейсизми? Ҳаракатсизлик мудроқликни келтириб чиқаради. Мудроқ кайфият ҳафсаласизликка етаклайди. Ҳафсала йўқ экан, бўладиган ишлар ҳам орқага кетаверади. Буларнинг бари одамларда умидсизлик уйғонишига олиб келади, ҳаётга, мамлакат ривожига ишончсиз руҳни тарбиялайди. Янги Ўзбекистонда бошланган эврилишларнинг илк мақсади халқимизни жўшқин муҳит сари етаклаш бўлди.

    Бунинг учун фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари тикланди, кучли ижтимоий ҳимоя тизимига ўтилди, сўз эркинлиги берилди ва албатта, соғлом турмуш тарзи тарғиб қилинди. Чунки, катта йўлга чиққан халқнинг вужуди соғлом, руҳи уйғоқ бўлиши керак. Шу тариқа, мамлакатда катта ҳаракат бошланди.

    Энди бу ислоҳотлар Президентимизнинг кечаги қарори асосида оилавий спортни рағбатлантириш билан давом этади.

    Қарорга шарҳ: оммавий спорт билан мунтазам шуғулланувчи оилаларга маҳаллалар ва истироҳат боғларида шароит яратиш, оилавий спортни рағбатлантириш механизмларини жорий этиш вазифаси қўйилди.

    Бу механизм ҳаётий эҳтиёж эди. Гап шундаки, мамлакатимиз тарихида ҳеч қачон якдил оила бўлиб спорт билан шуғулланиш учун шароит ва имконият бўлмаган. Тўғри, ҳаракатлар бор эди, лекин номига. Ҳа, телевидение орқали оилавий спортни тарғиб қилиш бўйича лойиҳалар кўриниб турарди. Аммо бу ҳам шароит эмас-да ахир. Оммавий қуршаб олишнинг иложи йўқ эди.

    Энди маҳаллаларда, соя-салқин боғларда шундай шароит бўлади. Бу билан биз неча йиллардан буён интилаётган мақсадга эришиш таъминланади: оилада соғлом муҳит шаклланади, соғлом муҳит жипсликка олиб келади, ажрашишлар сони, ҳаракатсизликдан келиб чиқадиган касалликлар кескин камаяди, ҳур фикрли, фақат Учинчи Ренессансга интилувчи ёш авлод камол топади. Яна энг муҳими, ҳар бир оилага барака кириб боради, “иқтисод ҳосиласи” пайдо бўлади — касалликни даволашга кетадиган каттагина маблағ тежаб қолинади.

    ИККИНЧИ САМАРА: юртдошларимиз қалбида ҳаётга иштиёқ кучайди, зўр ғайрат жўш ура бошлади

    Президентимиз олти йилдан буён, ҳар гал маҳаллаларга борганида, албатта соғлом турмуш тарзи ҳақида гапиради. Ёшу қарини тўғри овқатланиш, эрталаб ва кечқурун пиёда юришга чорлайди. Секин-аста манзара ўзгариб борди — одамлар онгли равишда ҳаракатга кела бошлади, жисмоний тарбия ва спорт кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Бизни хурсанд қиладигани юртдошларимиз қалбида ҳаётга иштиёқ кучайди, зўр ғайрат жўш ура бошлади, яшаш тарзимиз ўзгарди.

    Аввал шундай бўлишини истамас эдикми? Албатта, истардик. Лекин шароит бормиди, деган савол туғилади. Шароит, имконият йўқ эди-да!

    Биргина маҳаллаларда “саломатлик йўлаклари” қурилишининг ўзи “Соғлом аёл — буюк келажак” ғояси амалга ошишига кенг йўл очди.

    Ўзбекистон аёлларида шарқона ибо бор. Сир эмас, бу, айниқса, қишлоқ аёлларида жуда кучли. Шу сабаб, улар истаса ҳам баъзан кўчада жисмоний тарбия билан шуғулланишга ийманарди (биз бу ўринда асосан пиёда ёки спортча юришни назарда тутмоқдамиз). “Саломатлик йўлаклари” ана шу маназарани ҳам ўзгартирди. Чунки бу йўлаклар албатта пиёда юриш учун-да. Мана масалан, авваллари кўчада пиёда юриш учун имкон йўқ эди. Нотекис йўллар, серқатнов кўча четидаги хавф-хатар бунга йўл қўймасди.

    Бугун “саломатлик йўлаклари”да сайр қилиб юрган хотин-қизларни ҳар қадамда учратасиз. Демак, қутлуғ йўлакларда хотин-қизлар, айниқса, ҳомиладор аёллар саломатлигини мустаҳкамлаб, ўз бағрида буюк келажакни тарбияламоқда.

    Шу борада Президент қарори янги ўзгаришлар даврини бошлаб бермоқда.

    Қарорга шарҳ: аҳолининг кенг қатлами орасида оммавий спорт мусобақаларини ташкил этиш тадбирларининг ҳуқуқий асослари белгиланди.

    Албатта, бунда асосий эътибор маҳаллаларда ёшлар ўртасида оммавий спортни янада ривожлантиришга қаратилган. Бу ҳақда биз ҳали батафсил тўхталамиз. Ҳозир айтмоқчи бўлганимиз эса, айнан оналар билан боғлиқ.

    Маҳаллада спорт мусобақаси бўлса, болани ким олиб чиқади? Оналар. Ким ўз фарзандининг ютуғидан олам-олам завқ туяди, шодликка бурканади? Яна оналар. Ким жигарбандининг ғалабаси учун стадионни айланиб югуриши мумкин? Фақат оналар! Мана сезяпсизми, қарордаги биргина оммавий спортни ривожлантириш сиёсатининг халқ руҳиятига таъсирини.

    УЧИНЧИ САМАРА: ёшимизга ёш қўшиляпти

    Бош омон бўлса, дўппи топилар, деймиз. Бу мақолни ёшимиз 40 дан ошгач тез-тез эслаб турадиган бўлдик. Асли ҳаётнинг ўзи катта мураббий — ўзи ўргатгувчи, сабоқ бергувчи. Ҳар гал жисмоний тарбия билан шуғулланиш, соғлом турмуш тарзини маромига етказиш, саломатлигимизни асраш ҳақида гап кетганида шу каби ўй-мулоҳазалар хаёлимдан ўтади. Очиқ гап, инсон ҳаёти, қанча умр кўриши ўзига, турмуш тарзига боғлиқ экан.

    Шу маънода, эндиги гапни кайвониларимизнинг ҳаёт тарзидаги ўзгаришлар ҳақида бошласак.

    Боя Ўзбекистонда кучли ижтимоий ҳимояга ўтилди, дедик. Бунда, албатта, катта сиёсат оғушидаги пенсия таъминоти ҳам зоҳир. Беш йилки отахону оналар катта муаммодан қутулди: пенсия ўз вақтида ола бошлади, пластик картадаги маблағни нақдлаштириш ғалваси энди йўқ. Дарвоқе, Президентимизнинг жорий йил 7 апрелдаги “Давлат пенсиялари, нафақалар, компенсациялар ва бошқа ижтимоий тўловларни тўлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан бу тизимда яна қатор қулайлик ва имтиёзлар жорий қилинмоқда.

    Хуллас, биз айтмоқчи бўлганимиз турли маиший муаммолардан холос бўлган кекса авлод вакиллари энди ҳаётга розилик ҳисси, чанқоқ руҳ билан қарай бошлади. Бугун қайси маҳаллага борманг, бобою момоларнинг невараларини етаклаб сайр қилиб юрганини кўрасиз. Бугун учун маҳаллада инфратузилма ҳам яратилган. Сайр қилиш учун алоҳида йўлак, жисмоний тарбия билан шуғулланиш учун очиқ жойда керакли инвентарлар билан жиҳозланган спорт, мини-футбол майдончалари, ҳамма-ҳаммаси мукаммал ҳаёт тарзига ундайди. Шу тариқа жамиятимизнинг янги қиёфаси шаклланди.

    Бу юртдошларимиз ёшига ёш қўшиб, ислоҳотлар самарадорлигига хизмат қилмоқда. Ҳа, айтганча, хоҳ қиш бўлсин, хоҳ ёз, соат тунги ўн икки, баъзан бир-иккида ҳам замонавий стадионларда футбол ўйнаётган ёшларни учратиш мумкин. Бу ҳам оммавий спортга бўлган иштиёқ.

    Шундай экан, Президентимизнинг 11 апрелдаги қарори билан ёшлар ўртасида спортнинг футбол, мини-футбол, волейбол, енгил атлетика, шахмат, шашка, стол тенниси, стритбол, воркаут турлари бўйича беш босқичли, олимпия, ноолимпия ва миллий спорт турлари бўйича уч босқичли мусобақалари ўтказилиши ҳам катта хурсандлик билан кутиб олинди.

    Қарорга шарҳ: беш босқичли мусобақалар ўз номи билан аҳамиятли. Кўчалараро маҳалла, маҳаллаларо сектор мусобақалари, унда ғолиб бўлган маҳалла жамоалари ўртасида туман (шаҳар), кейин вилоят, ниҳоят, маҳалла жамоаларининг республика беллашувлари қандай яхши. Уч босқичли мусобақалар ҳам худди шу руҳда давом этади.

    Беш босқичли мусобақалар қачон ва қай тартибда ўтказилади, деган савол ҳам кўпчиликни қизиқтириш табиий.

    Биринчи босқич 10 – 25 апрель кунлари кўчалараро ўтказилади. Унда 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўғил-қизлар саралаш босқичи ғолиблиги учун курашади. Мусобақалар якунида спорт турлари бўйича ҳар бир маҳалланинг терма жамоаси шакллантирилиб, улар кейинги босқичда иштирокини давом эттиради.

    Иккинчи босқич 1–10 май кунлари бўлиб ўтади. Унда ҳудудлардаги маҳаллалар ўртасида сектор мусобақалари ташкил этилади.

    Учинчи босқич 15–25 май кунлари ташкил этилади. Яъни, секторлар босқичида ғолиб бўлган маҳалла жамоалари ўртасида туман (шаҳар) босқичи бўлиб ўтади.

    Тўртинчи босқич 1—10 июнь кунлари туман миқёсида ғолиб чиққан маҳалла жамоалари ўртасида ҳудуд чемпионлиги ҳамда республика босқичи йўлланмаси учун ўтказилади.

    Бешинчи босқич 15—25 июнь кунлари бўлиб ўтади. Унда ҳудудларда ғолиб ва совриндор бўлган маҳалла жамоалари ўзаро мусобақалашади.

    “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида 7–10 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасида “Қувноқ стартлар” мусобақаси ҳамда шахмат-шашка бўйича ҳам баҳслар ташкил этилади. Ушбу ёш тоифасидаги мусобақалар маҳалла босқичи билан якунланади.

    Энди бунинг аҳамияти ҳақида ўйлаб кўрайлик. Битта кўчада яшаётган ёшлар (бу гап асосан шаҳар муҳитига тегишли) бир-бирини танимаслик ҳолатлари ҳам учраб туради. Уларни бирлаштириш, дўст қилиш учун спортдан кучлироқ восита йўқ. Янги тизим билан кўчадан бошланган дўстлик муҳити маҳалла, туман, вилоят ва мамлакат бўйлаб мустаҳкамланиб бораверади. Бу — шу йилларда Ўзбекистон яхлит дўст оилага, эзгу мақсадлар, Ватан келажаги йўлида бирлашган ёшлар маконига айланади, дегани. Ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат бор жойда барака бўлишини ҳаммамиз яхши биламиз.

    Яна айтиш керакки, бу мусобақалар шу йилдан бошлаб ёшлар ўртасида ўзига хос катта спорт байрамига айланиб кетиши, уларни ўтказишни интиқ кутиши, ҳали бу тизимга дунё ҳавас билан боқишига ишончимиз комил. Бундай дейишимизга асос шуки, қарорда ҳар икки мусобақанинг ҳам молиявий манбаси аниқ кўрсатилган. Шундай экан, механизм сўзсиз ишлайди.

    ТЎРТИНЧИ САМАРА: “Янги Ўзбекистон руҳи” пайдо бўлди

    Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида аҳолини оммавий спортга жалб қилиш орқали йиллик қамровни ҳозирги 19 фоиздан 25 фоизга етказилиши кўзда тутилган. Кейинги йилларда 70 дан зиёд жисмоний тарбия ва спорт муассасасини қуриш, барча боғча ва мактабларни спорт жиҳозлари билан таъминлаш, туман марказлари ва шаҳарларда махсус пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этиш режалаштирилган. Шу кунларда бу чора-тадбирлар бошлаб юборилган ва жадал давом этмоқда.

    Яна бир статистика бор: кейинги икки йилда мамлакатимизда спорт билан шуғулланадиганлар сони икки баробар кўпайди. Юртимиз спортчилари турли халқаро мусобақаларда мингдан зиёд медалларга эгалик қилди. Уларнинг 400 дан ортиғи олтин медал.

    Бу рақамларни келтиришимизга сабаб “Янги Ўзбекистон руҳи”га тўхталишдир.

    Бугун Ўзбекистонда шундай бир куч пайдо бўлдики, шундай илғор ва шиддатли тараққиёт оғушидамизки, унинг асосини истаймизми, йўқми, барибир соғлом турмуш тарзи оммалашгани билан изоҳлаймиз. Бугун Президентимизнинг доимий эътиборида турган ана шу катта сиёсат моҳиятини ҳаммамиз чуқур ва теран англаб етиш йўлидамиз.

    Қарорга шарҳ: Президентимизнинг тарихий аҳамиятли қарори билан болалар-ўсмирлар спорт мактаби директорининг оммавий спортни ривожлантириш ва селекция бўйича ўринбосари лавозими жорий этилмоқда. Беш ва уч босқичли мусобақалари давомида ғолиб ва совриндор ёшларни тарбиялаган мактабларнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчилари, спорт таълим муассасалари мураббийлари малака аттестациясига жалб этилмайди, шунингдек, уларга белгиланган тартибда малака тоифаси берилади.

    Ҳар икки янгилик, аввало, рағбат билан боғлиқ эканига урғу қаратган ҳолда, Ўзбекистонда кўтаринки руҳда тарбияланган ёшлар оқими пайдо бўлишига кучли замин яратади.

    Бундан ташқари, энди ҳокимлар ҳам бевосита маҳаллаларга тушиб, спорт ислоҳоти билан шуғулланади. Чунки қарорда ҳудудларда ташкил этиладиган бошқа спорт мусобақалари туман (шаҳар) ва вилоят босқичи ғолиблари учун ҳоким совринини таъсис этиш белгиланган.

    Албатта, бу спорт мусобақаларига маданий-маърифий тадбирларнинг уйғун олиб борилиши ҳам янги Ўзбекистон ислоҳотларига ғоят ҳамоҳангдир. Боиси, мамлакатимизда мустаҳкам, халқ тафаккури билан яралган кучли маънавий макон пайдо бўлмоқда. Бу макон муҳити бизни фақат юксалишга, ташаббускорликка, дахлдорлик йўлига чорлаб қолади.

    Улуғбек АСРОРОВ,

    шарҳловчи

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates