Спорт нафақат ғалаба, балки руҳ ва дил тантанаси ҳамдир

    Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, шу орқали аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Самарадорлик яхши. Бугун халқимиз спортни нафақат ғалаба нашидаси, деб билади, балки руҳ ва дил тантанаси сифатида ҳам қабул қилмоқда.

    Пандемия шароити давом этаётган мураккаб вазиятда эса спорт билан шуғулланиш ҳар қачонгиданда муҳимлиги ойдинлашди. Шу боис, мамлакатимизда ҳам спорт билан оммавий шуғулланишга зарур шароитлар яратилмоқда, тарғибот ишлари авжида. Қолаверса, 2020 йилги давлат дастурида ҳам жисмоний тарбия ва спорт йўналишида бир қатор муҳим чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган эди.

    Бу борадаги амалий саъй-ҳаракатлар ҳақида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.

    Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматовнинг таъкидлашича, шу йилнинг ўзида соҳани ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга доир Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг 7 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжати имзоланган. Мақсад миллатни соғломлаштириш, коронавирусни спорт ёрдамида енгиш.

    Кучайтирилган карантин вақтида аҳоли уйда ўтиришга мажбур бўлди, ҳаракатсизлик кузатилди. Бундай шароитда спорт билан машғул бўлиш жуда муҳим, дейди вазирлик мутасаддилари. Шу маънода, Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони биринчи кунданоқ халқимиз ҳаётига сингиб, самара бера бошлади.

    Қарор асосида кейинги йил 1 мартга қадар аҳоли ўртасида кунлик юриш ва югуришни тарғиб қилиш мақсадида «Соғлом турмуш тарзи» платформаси яратилади. Платформадан рўйхатдан ўтган фаол фуқароларни моддий рағбатлантириш ҳам кўзда тутилгани маълум. Албатта, юртдошларимиз фақатгина пул учун бу ишга киришмайди, лекин мотивация олиши шубҳасиз.

    Маълум қилинишича, кейинги йилда 50 та спорт зали ва 48 та спорт иншооти қурилиши режалаштирилган. Давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари гимнастика машқларини бажариши учун иш вақтига киритиладиган махсус танаффуслар белгиланади. 2021 йил 1 июлдан бошлаб давлат органлари раҳбар ва ходимларининг семизлик даражаси, вазн индекси бўйича баҳолаш мезонлари жорий этилиб, таҳлилий натижалар онлайн кузатиб борилади, таҳлил қилинади.

    Президентимизнинг жорий йил 4 ноябрдаги «Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазмун-моҳияти ҳақида ҳам сўз борди. Кураш билан шуғулланиш учун таълим муассасаларида зарур шароитлар яратилиши айтилди. Баъзи сабабларга кўра, тўхтаб қолган спорт мусобақалари қайта ташкил этилиши, маҳалларда спорт майдончалари қурилиши давом этиши маълум қилинди.

    Матбуот анжуманида умидли спортчиларни танлаб олишда селекция ишларига алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳақида ҳам сўз борди.

    – Бу борада Япония тажрибасидан улги олиш мумкин, – деди жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Р.Эрматов. – Улар спортчини болалигидан танлаб олиб, Олимпиада ўйинларига тайёрлашни бошлайди. Мутахассислар танлашда камдан кам адашади. Шу боис, ютуқлари ҳам залворли. Бизда селекционерлар етишмайди, борларини ҳам етук, деб бўлмайди. Ҳозирда биз селекционерларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратяпмиз.

    Мактабларда жисмоний тарбияни фан сифатида ўқитилишда дарсликлар масаласи ҳам муҳим. Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, дарсликлар масаласи ҳам эътиборда. Айни кунларда янги ўқув қўлланмалари яратиш борасида ишлар бошланган. Кейинги ўқув йилидан бу борада ҳам янгиликлар бўлиши кутилмоқда. Босқичма-босқич дарсликлар янгилаб борилади. Шунингдек, бир вақтлар қисқариб кетган жисмоний тарбия дарс соатлари кўпайтирилади.

    Равшан Эрматов болаларни спортга жалб қилиш масаласида гапирар экан, жумладан шундай деди:

    – Биз болалигимизда қорда ҳам кўчага чиқиб футбол ўйнар эдик. Ҳозирчи? Бугунги ёшлар уйидан кам чиқади, улар компьютер ёки телефонда турли ўйинлар билан банд. Ачинарлиси, ота-оналар ҳам шунга йўл қўйиб бермоқда. Жисмоний фаол ҳаёт тобора сустлашиб бормоқда.

    Тадбирда бугун ҳар бир фуқаро спорт билан шуғулланиши учун етарли шароит ва имкониятлар яратилаётгани айтилди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates