“Стартаплар, бу борадаги янги қонун ва янги Ўзбекистон ҳақидаги ўйлар...”

    Суҳбат 10 сентябр 2020 1666

    тадбиркор Улуғбек Исматов билан суҳбат

    «Янги Ўзбекистон» нашри мамлакатимизнинг ижтимоий, иқтисодий соҳаларида хизмат қилаётган ҳамюртларимиз билан интервьюларни давом эттиради. Бу галги суҳбатдошимиз тадбиркор, блогер ва стартаплар бўйича мутахассис Улуғбек Исматов бўлди. Қаҳрамонимиз “Startupmarket.me”, BeCreative Media” “INTV” лойиҳалари асосчиси ва “Media and Project Management Group” раҳбаридир.

    М.: Улуғбек ака бугунги кунда сизни медиа, IT ва стартаплар бўйича катта муваффақиятга эришган ёшларимиздан бири сифатида биламиз. Шу нуқтаи назардан суҳбатимизни ушбу йўналишларга кириб келишингизга сабаб бўлган омиллар мавзусида бошласак?

    У.И.: Болаликдан жамоа тузиш, шу жамоа билан янгиликлар қилиш, умуман ривожланишга қизиқиш бўлган.

    Ҳозирги кунда, сиз янгилик қилолсангиз, муаммоларга ечим беролсангиз ва бундан яна даромад қила олсангиз стартапчисиз. Мен эса, аввалдан муаммоларга ечимлар қидириш ва соғлом фикрга таянганман...

    Кириб келиш шундай, натижалар эса ҳар бир даврдаги жамоамизники. Бир киши ғоя генерация қилиши мумкин, лекин жамоасиз уни амалга ошириш мураккаб ёки иложсиз ишга айланади.

    М.: Сўнгги йилларда лексиконимизга стартаплар атамаси кириб келди. Аммо, кўпчилик бу ҳақида етарли тушунчага эга эмас. Сизнингча, стартап лойиҳа деганда нимани тушуниш керак?

    У.И.: Стартап лойиҳа бозорда мавжуд бўлган муаммоларга ноодатий ечим таклиф қила оладиган, ноодатий бизнес модель ёки харидорларни жалб қилиш усулига эга, бундан ташқари амалга ошадиган ва кенгаядиган лойиҳадир.

    Яна бир қўшимча, стартап лойиҳада технологик янгилик ҳам бўлиши шарт. Тушунарли бўлиши учун мисол келтираман. Аввал карталар орқали мобил телефон ҳисобини тўлдирган бўлсак, кейинроқ Пайнет хизмати чиқиб юмушимиз енгиллашди. Ҳозир эса, ўзимиз мобил иловалар, банкоматлар ёрдамида бемалол ҳисобимизни тўлдирадиган даражага келдик.

    Қолаверса, бугунги кунда мобил илова орқали буюртма берилувчи таксилар, ақлли етказиб бериш хизматлари ривожланмоқда.

    М.: Бугунги кунда мамлакатимизда қайси йўналишлар бўйича стартаплар ривожланаётганини кўряпсиз?

    У.И.: Стартаплар кенгая олиши керак. Шу боисдан у ҳақида битта давлат даражасида эмас, балки катта бозор муҳитида қараганимиз яхшироқ бўлади.

    Ҳозирги кунда Сунъий идрок, маълумотлар таҳлили, Big-Data, Machine Learning кабиларга асосланган таълим, тиббиёт технологиялари, қўшимча қулайликлар яратишга қаратилган сервислар, сотувларни оширишга яъни тадбиркорлик субъектларининг муаммоларига ечим бўла оладиган, шунингдек автоматлаштирилган тизимларга асосланган стартапларга талаб юқори, демак ўз-ўзидан шу йўналишларда ривожланиш имконияти ҳам юқори. Фақат давлат миқёсида олмаганим сабаби, биз глобал бозор шароитларига мослашишимиз керак. Бизнинг стартаплар ривожланиши ҳудуд миқёсида қолиб кетмасдан, 500 Startups, Y-Combinator каби дунёнинг энг йирик Стартап акселератор талабларига ҳам жавоб бера оладиган бўлишигина ривожланишнинг кейинги босқичларини таъминлайди.

    М.: Фаолиятингиз давомида муваффақиятсизликка учраган лойиҳалар бўлганми?

    У.И.: Иш бор жойда хатоликлар бўлиши табиий жараён. Муҳими, йўл қўйилган хатони қайта такрорламасликдир. Тан оламан, бир қанча лойиҳаларим муваффақиятсизликка учраган. Масалан “Webber”, “Production House”, “Hot Digital Agency”, “Music Maker” каби медиа лойиҳаларимнинг дастлабки даври муваффақиятли бўлмаган. Шундай бўлсада, муваффақиятсизликларим ҳозирги ютуқларимнинг асосий сабабчиси, деб биламан.

    Хусусан, бугун мени “Startupmarket.me”, “BeCreative Media” “INTV” каби лойиҳалар орқали яхши танишади.

    Шунинг учун муваффақиятсизликка учрашдан қўрқмаслик лозим.

    М.: Жорий йил Президентимизнинг ёшлар билан учрашувида «Стартаплар тўғрисида»ги қонун ишлаб чиқилишини таклиф этган эдингиз ва бу қўллаб-қувватланган. Мазкур қонун келгусида қабул қилинганидан кейин соҳада айнан қандай ўзгаришлар бўлиши мумкин?

    У.И.: Қонун яқин вақт ичида қабул қилинса бундан фақатгина хурсанд бўламан.

    Ҳозир қонун дастлабки босқичда ишлаб чиқилган. Унда инвестор, бизнес ангел, венчур фондлар ва уларга берилган ҳуқуқлар тўғрисида ҳам етарлича маълумот бор. Энг асосийси одатий бизнесдан ажратиб турувчи стартап лойиҳани аниқлаш мезонлари кўрсатиб берилган.

    Стартапларга давлат томонидан имтиёзлар берилиши бу жуда муҳим аҳамиятга эга. Сабаби исталган бизнес вакили имтиёз учун ўзини стартапмен дея олмаслиги керак. Ҳозиргача эса, на давлат рўйхатидан ўтишда ва на солиққа тортиш тизимида стартап тушунчаси мавжуд эмас. Стартап ўз фаолиятини бошлаганидан кейин балки йиллаб фойда кўрмас, ҳатто даромад ҳам қилмаслиги мумкин. Бу даврда у солиқ тўлашга мажбур бўлса стартапидан воз кечгани унга яхшироқ бўлиб кўринади.

    Яна бир муҳим маълумот, қонунда стартап виза ҳам келтириб ўтилган. Бу ҳам ўз навбатида хорижий инвесторлар ва инвестицион фонд вакилларига қулайлик яратади. Яна бир жиҳати давлат бошқарувидаги кўплаб инсонлар ҳам шу баҳона стартап нималиги ҳақида яхшигина хабардор бўлади. Бир сўз билан айтганда, қонун ҳозирда мавжуд тўсиқларни олиб ташлаши ва янада катта имкониятлар яратиши лозим.

    Исроил давлатидан 20 та unicorn стартаплар чиққан. Нега энди биздан чиқмаслиги керак?! Албатта чиқади. Қонун бу йўлда фақат асос вазифасини бажаради, қолгани бизнинг ҳаракатимиз ва дунёқарашимизга боғлиқ.

    М.: Бўш вақтларингизда нималар билан шуғулланасиз ва китоб мутолаасига ҳам вақт бўлиб турадими?

    У.И.: Бўш вақт камдан кам бўлади. Бундай вақтда бошқа соҳа вакиллари, интеллектуаллар билан кўпроқ ғоялар ҳақида суҳбат қураман. Бу эса, ўзига хос “brainstorm” вазифасини бажаради.

    Шу билан бирга Ютуб орқали сунъий идрок, келажак, охирги технологиялар ҳақида видеолар томоша қиламан. Охирги вақтлар сунъий идрок, нейро тармоқлар очиб бераётган имкониятлар шахсан ўзимни илҳомлантирмоқда.

    Китоб мутолааси масаласига келсак, у кундалик юмушларимдан бири десам ҳам бўлади.

    Ҳозир ўқиётган китобимни 2016 йил ўқиганман. Лекин, дунёқараш даражасига қараб онг ҳазм қилиши ўзгарар экан. Чунки айни кунларда мутолаа қилаётганим Илон Маскнинг «Келажакка йўл» китобини умуман бошқача тушуняпман.

    Ундан аввал Питер Дрюкернинг «Самарадор раҳбар» китобини ўқиб тугатдим.

    М.: Янги Ўзбекистонни қандай тасаввур қиласиз?

    У.И.: Янги Ўзбекистонда аксарият инсонлар бир йўналишда эмас, янги йўналишларда ҳам рақобатбардош бўла оладиган қатламлар бўлишини тасаввур қиламан.

    Шунингдек, янгиликларда “Ўзбекистонда яратилган стартап
    3 млрд АҚШ долларга сотилди!..”, «Ўзбекистонлик дастурчилар яратган сунъий идрок ўз натижалари билан рақобатчиларни ортда қолдирди!..», «Ўзбекистонлик олим Нобел мукофотини олди!..» каби хабарлар янграшини хоҳлайман.

    Умуман, келажакда Янги Ўзбекистонда инсон интеллектуал ресурсларга таянадиган, ақлли тизимлардан фойдаланадиган ва қонунлар доимий яхшиланиб замонавийлашиб борадиган давлат сифатида кўришни истаган бўлардим.

    Қолаверса, инсонлар нафақат шу ерда туғилгани ёки ота-онаси ўзбек бўлгани учун, балки яшаш шароитлари ва ривожланиш имкониятлари учун ҳам ватан қила оладиган Ўзбекистонни чин маънода «Янги Ўзбекистон» деб атаса бўлади. Ҳозир мамлакатимиз шу йўлдан кетаётганига ишонаман.

    М.: Келгусидаги режаларингиз қандай?

    У.И.: «Келгуси» сўзи шахсан ўзимни илҳомлантиради. Очиғи, интенсив ахборот шовқини остида яшаётган бугунги давримизда бугун ёки кечанинг воқеалари билан жуда бандмиз.

    Бироқ, мен келажак ҳақида йирик ўлчамларда бош қотиришга, келажак ечимларини ишлаб чиқишга доимий ҳаракат қилиб келаман.

    Шу маънода келгусида китоб ёзиш ниятим бор.

    Шунингдек, ҳозир амалга ошираётган стартапларимни ривожлантириш, улар сони ва кўламини кенгайтириш, шу билан бирга раҳбарлик қилаётган жамоамни ривожлантириш, янги мақсадлар қўйиш ва уларга етишишни мақсад қилганман. Илон Маск билан бирга ишлаш ҳам келажакдаги режаларимдан бири.

    Охирги пайтлар шахсий ривожланишга кам вақт ажратаётганимни ҳис қиляпман. Шунинг учун ўз устимда янада кўпроқ ишлаб инсонларга фойдали лойиҳалар яратиш уларни ривожлантиришни ҳам ўйлаяпман. Мана шу ишларим билан Ўзбекистоннинг тараққиётига ҳиссамни қўшсам ўз ниятларимга эришган бўламан.

    Шахсий ҳаётда эса, уйланиш ва бахтли бир оиланинг эгаси бўлишни айтишим мумкин.

    Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates