Бу бўйича Президентнинг куни кеча қабул қилинган “Стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизимини жорий этиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони (ПФ–201-сон, 30.10.2025 й.) да белгиланди.
Фармонга кўра, 2025 йил 1 ноябрдан стратегик аҳамиятга эга ҳужжатларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш, мониторинг қилиш ва баҳолашни ўз ичига олган стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизими жорий этилади.
Стратегик режалаштириш ҳужжатларининг иерархияси қуйидаги тартибда белгиланади:
- 1-даражали ҳужжатлар концепциялар шаклида;
- 2-даражали ҳужжатлар стратегиялар шаклида;
- 3-даражали ҳужжатлар дастурлар (“йўл хариталари”, чора-тадбирлар режалари) шаклида қабул қилинади.
Бунда:
- 1-даражали ҳужжатлар 7 йилдан ортиқ муддатга ишлаб чиқилади ва қоида тариқасида қонунлар билан тасдиқланади;
- 2-даражали ҳужжатлар 4 йилдан 7 йилгача бўлган муддатга ишлаб чиқилади ва Президент ҳужжатлари билан тасдиқланади.
- 3-даражали ҳужжатлари 1 йилдан 3 йилгача бўлган муддатга ишлаб чиқилади ва Президент ҳужжатлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида тасдиқланади.
Шунингдек, фармонга кўра, қуйидагилар қайта ташкил этилади:
- Таҳлилий ва тадқиқот тузилмалари фаолиятини ташкил қилиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик режалаштириш ва ривожланиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш этиб;
- Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги этиб;
- Стратегик ислоҳотлар агентлигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси этиб.
Мувофиқлаштирувчи кенгаш вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мазкур соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштириш учун масъул бўлган идоралараро коллегиал орган ҳисобланади.
Мувофиқлаштирувчи кенгаш 1- ва 2-даражали стратегик режалаштириш ҳужжатлари лойиҳаларини уларни қабул қилишнинг мақсадга мувофиқлиги нуқтаи назаридан кўриб чиқади.
Бунда маъқулланган лойиҳалар кўриб чиқиш учун Президентга киритилади.









