Судга келган ҳар бир фуқаро адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак

    Фикр 10 июл 2020 2016

    Давлатимиз раҳбари раислигида 30 июнь куни бўлиб ўтган одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида олдимизда турган муҳим йўналишлар белгилаб берилди.

    Суд органлари, судьялар қонунга, одиллик тамойилларига қатъий амал қилиб, ўз вазифасини ҳалол ва виждонан адо этсагина одамларда адолат қўрғонига ишонч уйғонади. Юртимизда тизимдаги ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳам одил судловни таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

    Суддаги рақамларни осонлик билан айтиш жуда мушкул. Уларнинг ҳар бири ортида инсон тақдири, шаъни ва қадр-қиммати ётибди. Муҳими, адолатли қарорлар туфайли қанчадан-қанча кўнгиллар обод бўлади, хонадонларга шодлик қайтади, ота-оналар ва фарзандлар юзларига табассум югуради...

    Фарғона вилоят маъмурий судлари томонидан жорий йилнинг ўтган даври давомида 14 минг 609 нафар шахсга нисбатан 11 минг 422 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб тамомланган. Шундан 8 минг 144 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазолар қўлланилган, 4 минг 24 нафар шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 33-моддасини қўллаб, қонунда назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ жазо тайинланган. 1 минг 249 нафар ҳуқуқбузарлик содир қилган шахслар огоҳлантириш билан кифояланиб, уларга нисбатан юборилган маъмурий ишлар тугатилган, 380 нафар шахслар томонидан содир қилинган ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари бартараф қилинганлиги учун маъмурий ишлар тугатилган. 4648 нафар шахсга нисбатан 3913 та маъмурий ишлар сайёр суд мажлисларида кўрилган.

    Карантин қоидаларига риоя этиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Афсуски, орамизда унга амал қилмай, қонунни бузаётганлар ҳам учраб турибди. Мазкур даврда маъмурий судлар томонидан карантин қоидаларини бузган 384 нафар шахсга нисбатан 285 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилиб, ҳуқуқбузарларнинг 325 нафарига маъмурий қамоқ, 56 нафарига эса жарима жазолари тайинланган. Ҳуқуқбузарлик содир қилган шахсларнинг 17 нафарини аёллар ташкил қилади.

    Тизимда шаффофлик ва очиқлик муҳим аҳамиятга эга. Суд раисларининг халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида ахборот беришининг йўлга қўйилганлиги ҳам ислоҳотларнинг самарасидир. Давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида аҳоли томонидан кўтарилган адолатсизлик ҳолатлари ва муаммолар ҳар чоракда маҳаллий кенгашларда танқидий муҳокама қилиниши ҳар бир раҳбарни масъулиятини оширади. Айниқса, бунда суд соҳасининг ходимлари зиммасида муҳим вазифалар бор. Ҳақиқат ва адолат борлигини ҳар бир юртдошимиз тушуниб, ишониши учун фидоийлик билан меҳнат қилишимиз керак.

    Суд жазоловчи эмас, балки инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилувчи органга айланаётганини алоҳида таъкидлаш шарт. Агар хато қилган фуқарога имкон берилса, ўзининг ҳаёт йўлини изга сола олиши мумкин. Биз судьялар иш фаолиятимизда инсон омилини ҳам эътибордан четда қолдирмаслигимиз керак. Мисол учун, ҳуқуқбузар М.И жорий йил 4 март куни соат 14:30 ларда келини С.И.нинг яшаш хонадонига бориб, у билан ўзаро оилавий келишмовчилик натижасида жанжаллашиб, уни шаъни ва қадр-қимматини камситувчи сўзлар билан сўкиб ҳақорат қилган.

    Мазкур маъмурий иш Қувасой шаҳар маъмурий суди томонидан кўриб чиқилиб, ҳуқуқбузар М.И.га жазо тайинлашда ишдаги оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатларни, иқрорлиги ва қилмишидан пушаймонлиги, жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси йўқлиги, ҳуқуқбузарлик ўзаро оилавий келишмовчилик натижасида келиб чиққанлиги инобатга олди. Содир этилган ҳуқуқбузарлик кам аҳамиятли деб ҳисобланиб, маъмурий жавобгарликдан озод этилиб, огоҳлантирилди. Бу унга албатта сабоқ бўлди. Суд корпуси халқимизнинг дарди билан яшаб, уларнинг ишончини қозонмас экан, халқнинг юқори баҳосини олмас экан, судьяларимиз фаолиятининг самараси бўлмайди.

    Президентимиз «ҳамма раҳбарлар қулоғига қуйиб олсин: суд фаолиятига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», дея алоҳида таъкидлади. Мана шунинг ўзи ҳам мамлакатимизда қонун устувор эканлигидан, одил судловни таъминлаш йўлида жиддий қадамлар ташланганидан далолатдир.

    Ўктамжон Пўлатов,

    Фарғона вилоят маъмурий суди раиси

    вазифасини бажарувчи.

    Маҳкамжон Абдубаннабов,

    Қувасой шаҳар маъмурий судининг раиси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates