Сунъий интеллект — Ўзбекистон технологик ривожланишининг асоси

    Сунъий интеллект ва бошқа когнитив технологияларнинг жорий этилиш жараёни жаҳон бўйлаб жадаллашиб бормоқда.

    Бугунги кунга қадар жаҳон мамлакатлари томонидан сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича еттита халқаро, элликдан ортиқ миллий стратегия қабул қилинган.

    Бу йўналишда Ўзбекистонда ҳам катта қадам ташланди ва сунъий интеллект соҳасида қонунчиликдаги бўшлиқ тўлдирилди. Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон инновацион ривожланиш стратегияси ва Илм-фанни ривожлантириш концепцияси доирасида мамлакатда сунъий интеллектни ривожлантиришга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

    Ушбу ҳужжатда сунъий интеллектни илмий-инновацион ривожлантиришнинг асосларини ишлаб чиқиш, мутахассис кадрлар ва олимлар етишиб чиқиши учун шарт-шароит яратишга алоҳида урғу берилган. Инновацион ривожланиш вазирлиги соҳадаги илмий-техник тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларни қўллаб-қувватлаш учун масъул этиб белгиланган.

    Сунъий интеллект соҳасида илм-фан ва миллий инновацион ишланмалар экотизимини яратиш мақсадида Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ташкил этилади ҳамда “Innoweek” инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида “Сунъий интеллект — технологик ривожланиш асоси” мавзусида халқаро конференция ташкил этилади. Шунингдек, “Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект” докторантура ихтисослиги ташкил этилиб, стажёр-тадқиқотчилар ҳамда таянч докторантурада таҳсил олиш учун ҳар йили 5 кишилик квота ажратилади.

    Табиийки, ушбу чора-тадбирларни ҳамда сунъий интеллект соҳасида илмий тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларни амалга ошириш учун маблағ зарур. Бунинг учун Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасида ҳисоб рақами очилади ва стартап лойиҳаларни жамоавий молиялаштириш, яъни “краудфандинг” механизмлари жорий этилади.

    Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги, транспорт, энергетика, соғлиқли сақлаш каби тармоқларга сунъий интеллект технологияларини ўз ичига олган инновацион лойиҳа ва ечимлар жорий этилади. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, Сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш ва уларни мамлакатимизда кенг қўллаш, рақамли маълумотлардан фойдаланиш имкониятини ҳамда уларнинг юқори сифатини таъминлаш, ушбу соҳада малакали кадрлар тайёрлаш учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.

    Анваржон МИРЗААЛИЕВ,

    Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассиси

    No date selected
    сентябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates