Сунъий йўлдош ва мобил алоқа миноралари керак бўлмайдиган алоқа тизими яратилди

    Россиялик муҳандислар мавжуд коммуникация инфратузилмасидан катта масофада ишлай оладиган муқобил алоқа тизимини яратишди. Янги коммуникаторга сунъий йўлдош ва мобил алоқа миноралари керак эмас. У ер ионосферасидан юзлаб километр баландликда тараладиган қисқа радиотўлқинлар ёрдамида хабарларни энг яқин ретрансляторга етказиши мумкин.

    Тажрибаларнинг кўрсатишича, бундай боғланиш 20 минг километргача бўлган масофада ишлаши мумкин. Мутахассислар бундай тизимларни яратишнинг назарий имкониятини тан олишди, аммо унинг ишончлилигига шубҳа билан қарашмоқда.

    Олимлар томонидан яратилган алоқа қурилмаси планшетга ўхшайди. Ихчам антенна ёрдамида хабар ер ионосферасидан тараладиган ва юзлаб километр масофани босиши мумкин бўлган қисқа диапазонли радиотўлқинлар орқали узатилади. Шу тариқа хабар тармоққа уланган энг яқин уяли телефонга узатилади, сўнгра манзилга етказилади.

    Ихтирочилар 200 км масофада бўлган абонентлар ўртасида барқарор алоқани ўрнатишга муваффақ бўлишди. Таққослаш учун, анъанавий кўчма радиостанция (рация) максимал бир неча ўнлаб километргача ишлаши мумкин. Синовларнинг кейинги босқичида хабарлар портатив ва стационар абонентлар ўртасида 800 км дан ортиқ бўлади. Ушбу алоқа усулининг рекорд диапазонига машҳур алоқачи Кренкел эришган ва у 20 минг километрни ташкил этган.

    “Биз дунёда биринчи бўлиб, матнли хабарларни узоқ масофаларга узатиш учун радиотўлқинларнинг уфқ бўйлаб тарқалишидан фойдаланадиган коммуникаторни ишлаб чиқдик. Ҳозирги кунда бизнинг технологиямизда фақат иккита муқобил алоқа мавжуд, яъни сунъий йўлдош ва мобил алоқа, аммо улар бир неча марта қиммат”, дейди twager.net стартапи асосчиси Дмитрий Забиров.

    Ахборотни узоқ масофаларга узатиш учун қисқа радиотўлқинлардан фойдаланиш узоқ вақтлар давомида мутахассисларни жалб этиб келган. Бироқ яқин-яқингача муҳандислар қисқа радиотўлқинлардан фойдаланиш билан боғлиқ бир қатор муаммолар ечимини топа олишмаган. Ионосфера ионлаштирувчи қуёш радиацияси туфайли мавжуд бўлиб, у кенглик, узунлик, кун вақти, йил вақти ва қуёш циклига қараб ўзгариб туради. Шу билан бирга, қисқа радиотўлқин оралиғидаги частоталарнинг хусусиятлари сезиларли даражада фарқ қилиши ҳамда юқори даражадаги шовқинга эгалиги сабабли энг мосларини танлашни мураккаблаштиради.

    Муҳандислар аллақачон коммуникатор прототипини яратишган. Яратувчиларнинг асосий ноу-хауларидан бири бу антенна. Қурилма ишлайдиган радиотўлқиннинг узунлиги 150 м, антеннанинг ўлчами эса 30 см. Ихтирочилар биринчи марта бундай ихчамликка эришишди. Қабул қилувчи антеннага ҳақиқий радио хабарни қабул қилувчи ва узатувчи қурилма уланган, шунингдек, коммуникатор учун махсус модем ва дастурий таъминот ишлаб чиқилган.

    Олимлар ўз коммуникаторларининг имкониятларини атайлаб 160 та белгигача узунликдаги матнларни узатишга мўлжаллаб чеклаб қўйган. Уларнинг сўзларига кўра, бу хабарлар ҳажми одамлар ўртасидаги мулоқот учун ҳам, Интернет қурилмалари (IoT) ўртасидаги мулоқот учун ҳам етарли. Коммуникатор ахборотни бир дақиқада 120 белги тезликда узатади. Ихтиро муаллифларининг фикрига кўра, қурилма ёрдамида тасвир, видео ва овозни узатиш назарий жиҳатдан мумкин, аммо бу келажак масаласи.

    Коммуникаторнинг биринчи фойдаланувчилари геологлар, нефтчилар, қурувчилар ва кўпинча цивилизациядан узоқда ишлашга тўғри келадиган бошқа касб эгалари бўлиши керак. Янги технологиядан олис йўл ва темир йўлларини алоқа билан таъминлаш ҳамда қийин жойларда жойлашган газ қувурлари ва бошқа ускуналарни Интернетга улаш учун ҳам фойдаланиш мумкин. Назарий жиҳатдан бундай коммуникаторлар учун бутун сайёрада тармоқ яратиш мумкин. Лекин бунинг учун миноралар керак бўлади. Бироқ, уларнинг сони уяли алоқа миноралари сонига нисбатан 2 марта камроқ бўлади. Энг йирик транспорт компанияларидан бири аллақачон янги алоқа тизимининг амалда қўллашга қизиқиш билдирган.

    “Twager.net лойиҳаси 20 нафар финалчи орасидан танлаб олинган бўлиб, “Россия темир йўллари”нинг корпоратив акселерация дастурининг еттита ғолибидан бирига айланди”, дейди “Россия темир йўллари” Акселератори раҳбари Роман Кошелев.

    Унинг сўзларига кўра, лойиҳа “Россия темир йўллари” AЖнинг филиалларидан бирида синовдан ўтказиш учун танланган, чунки бу технология бир нечта поездлар уловини автоматик равишда бошқариш учун ишлатилиши мумкин. Шунингдек, компания узоқ Шарқ темир йўллари ходимлари ўртасида хабарларни узатиш учун жорий этишни режалаштирмоқда.

    Санкт-Петербург давлат электротехника университети радиотехника
    ва телекоммуникация факультети декани Виктор Малишев тасвирланган технологиядан фойдаланиш мумкинлигини қайд этди, бироқ, бундай қурилмаларнинг узатгичлари муҳим кучланишга эга бўлиши, электр манбаининг оғирлиги ва ўлчами билан боғлиқ муаммолар бартараф этилган бўлиши лозимлигини таъкидлади.

    Маълумки, хабарларни электр қувватли кичик антеннадан фойдаланган ҳолда қабул қилиш мумкин, аммо уларни узатиш қийин. Шунингдек, у коммуникатор узатиши мумкин бўлган ахборот миқдори частота диапазони билан чекланганлигини таъкидлади. Агар сониясига бир мегабит ахборот тизим узатилиши мумкин бўлса ва минг нафар обуначи тизимдан фойдаланса, бу мегабит уларнинг барчаси орасида бўлиниши керак бўлади. Тармоқнинг ривожланиши билан абонент учун ресурс камаяди. Мутахассиснинг фикрича, бундай технологиянинг сифати кўп жиҳатдан ионосферанинг ҳолатига боғлиқ, шунинг учун унинг ишончлилиги шубҳали, маълумотларни узатиш тезлиги жуда паст бўлиши мумкин.

    Абдурашид САИДОВ,
    “Ахборот технологиялари ва ахборот ресурсларини ривожлантириш маркази” ДУК бош мутахассиси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates