Сурхондарёлик ғаллакорлар зафари

    Ўтган йилнинг кузида 90,8 минг гектар майдонга буғдойнинг серҳосил ва тезпишар навлари уруғини экиб, ўсимликни намунали парваришлаган воҳа ғаллакорлари ғаллазорларда мўл ҳосил тўплашгани айни ғалвир сувидан кўтарилаётган шу кеча-кундузда ойдинлашди.

    Чунки воҳаликлар бугунгача бепоён ғаллазорлардан 376 минг тоннадан зиёд сара дон йиғиб олиб, шунинг 213 минг тоннадан ортиғроғини қабул пунктларига етказиб бериб, давлатга дон сотиш режасини ортиғи билан уддалади.

    Сурхондарёлик ғаллакорларнинг меҳнат мувофаққиятига ғалла ўстириш билан банд бўлган 2483 та фермер хўжалиги ҳамда 8 та кластер жамоасининг қўшган ҳиссаси салмоқли бўлди. Вилоят бўйича ҳар гектар ғаллазордан ўртача 54,7 центнердан ҳосил олинган бўлса, бу кўрсаткич Ангор туманида 72,3 центнерни, Шўрчи туманида 62,6 центнерни, Денов туманида 62,4 центнерни, Қумқўрғон туманида 58 центнерни ташкил этди. Сурхондарёлик ғаллакорларнинг чўнг хирмон яратишида Шеробод тумани деҳқонлари 48,7 минг, Музработ тумани ғаллакорлари 44 минг, Денов тумани миришкорлари 46,5 минг, Жарқўрғон тумани деҳқонлари 37,8 минг, Қумқўрғон ва Ангор тумани ғаллакорлари 33,5 минг тоннадан сара дон топшириб, ўзларининг муносиб улушларини қўшдилар.

    Вилоят ғаллазорларида ўрим-йиғим давом этмоқда. Далаларда ҳамон юқори унумли 80 тадан кўпроқ комбайн ишлаяпти. Чунки ҳали 22 минг гектар майдондаги буғдой ўрилгани йўқ. Мутахассисларнинг фикрича, ғаллазорлардаги жами буғдой йиғиб олинса, ялпи ҳосил миқдори 579 минг тоннага етади ва ғаллачиликдан келадиган умумий даромад 1 триллион 72 миллиард сўмни, соф фойда эса 251 миллиард сўмни ташкил этади.

    Усмонали НОРМАТОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири.