Тадбирда Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси аъзолари – Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш. Хамраев, Қозоғистон Республикаси сув ресурслари ва ирригация вазири Н.Нуржигитов, Тожикистон Республикаси энергетика ва сув ресурслари вазирининг биринчи ўринбосари Ж. Шоимзода, Туркманистон Республикаси Сув хўжалиги қўмитаси раиси Д. Генжиев иштирок этди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш. Хамраев 2023 йил вегетация мавсумини муваффақиятли ўтказишда қўшган ҳиссаси учун комиссия таркибига кирувчи барча ижрочи ташкилотлар, хусусан, “Амударё” ва “Сирдарё” ҳавзалари сув хўжалиги бирлашмалари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари, комиссия котибияти ва Илмий-ахборот маркази вакилларига миннатдорлик билдирди.
Президент Ш. Мирзиёевнинг ташаббуси ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг ўзаро ҳамкорликда олиб бораётган дўстона сиёсати натижасида сув хўжалиги соҳасида алоқаларнинг мутлақо янги муҳити шакллангани, бу эса самарали мулоқот ва ўзаро манфаатларни ҳисобга олишга асосланган конструктив муносабатлар ўрнатиш имконини бераётганлиги таъкидланди.
Шунингдек, ўзаро саъй-ҳаракатлар, қўшни давлатлар билан дўстона ва ишончли муносабатлар Марказий Осиёда трансчегаравий сув ресурсларидан адолатли ва оқилона фойдаланиш учун мустаҳкам замин яратди.
Вазир Ўзбекистон ҳукумати минтақанинг барча республикалари билан давлатлараро сув ҳамкорлиги механизмларини такомиллаштириш бўйича конструктив мулоқотларни давом эттиришга тайёрлигини маълум қилиб, Марказий Осиё давлатларини бу жараёнда фаол иштирок этишга даъват қилди.
Йиғилишда минтақада мавжуд сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, Оролбўйи ҳудудида сув ва экологик вазиятни яхшилаш, 2023-2024 йиллар кузги-қишки мавсум учун сув олиш бўйича прогноз лимитлар билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди ҳамда ҳисоботлар эшитилди.
Комиссия аъзолари давлатларнинг Амударё ва Сирдарё ҳавзаси бўйича 2023-2024 йиллар кузги-қишки мавсум учун сув олиш бўйича прогноз лимитларини тасдиқладилар.
Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссиясининг навбатдаги 86-йиғилишини 2024 йилнинг январь ойида Қозоғистон Республикасида ўтказишга келишиб олинди.
Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси аъзолари, шунингдек, Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти илмий ходимлари ва ёш тадқиқотчилар, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети талабалари билан мулоқот қилдилар.
Сунъий интеллект технологиялари кириб келиши ҳисобига кўплаб касблар қисқариб кетиши мумкин, лекин сувчилар яна юз йиллар давомида эл-юртга хизмат қилиши ҳақидаги эътирофлар талабалар ва тадқиқотчиларнинг соҳага бўлган қизиқишларини янада кучайтирди.
“Яшил макон” умуммиллий дастурига уйғун тарзда кўчат экиш маросими бўлди. Ташаббускор ёшлар бу кўчатларга “дўстлик дарахтлари” деб ном беришди.
Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси аъзолари Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг лабораторияси, тажриба участкасидаги сув тежовчи технологиялар, илмий ишланмалар билан танишдилар.
Маълумот учун: 1992 йил 18 февралда Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрида Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистон сув хўжалиги вазирлари томонидан “Давлатлараро манбаларнинг сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишни биргаликда бошқариш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида”ги Битим имзоланган. Битимга асосан Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси ташкил этилган. 1993 йил 26 мартда Қозоғистоннинг Қизилўрда шаҳрида бу келишув Марказий Осиё давлат раҳбарлари томонидан тасдиқланган.