Сув иқтисодиёти

    Танқислик муаммоси ечими нимада?

    Глобал иқлим ўзгариши бугун бутун дунё мамлакатларида қурғоқчилик, атмосферанинг ифлосланиши каби долзарб экологик муаммоларни янада кескинлаштирмоқда. Сайёрамизда ўртача ҳарорат меъёрининг йил сайин кўтарилиб бораётгани нафақат сув танқислигини, шу билан бирга Арктикадан тортиб, ҳатто Марказий Осиёдаги музликларнинг ҳам кескин камайиб кетишига сабаб бўлмоқда. Булар бари бир-бирига боғлиқ қатор муаммоларни келтириб чиқараётир.

    Маълумки, минтақамиз океанлардан узоқда, қурғоқчил ҳудудда жойлашган. Мутахассислар фикрига кўра, бу иқлим инқирози билан боғлиқ муаммолар ва экологик офатларга таъсирчанликни юзага келтиради. Маълумотларига кўра, агар ҳозирги исиш тезлиги сақланиб қолса ва аср охирига келиб дунё бўйича ўртача ҳарорат 4 даражага кўтарилса, Марказий Осиёда бу кўрсаткич 7 даражага ортади.

    Бундай ҳолатнинг давом этиши минтақадаги музликлар эришини, табиий офатлар тез-тез такрорланишини, қурғоқчилик ва сув тақчиллигини янада кучайтириши, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига эса тиклаб бўлмас зарар етказиш эҳтимолини оширади. Чўлланиш ва ерлар деградацияси жараёнларининг тезлашиши эса ҳар қандай кишини ўйлантириб қўяди.

    БМТ маълумотларига кўра, ҳозирда минтақамизда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг қарийб 37 фоизи деградацияга учраган. Сўнгги 50 йил ичида минтақа мамлакатларида чўлланган ерлар ҳажми 20 фоизга ошган. Баъзи ҳудудларда қишлоқ хўжалиги ерлари 40 фоиз, айрим жойларда 100 фоизгача деградацияга учраганини кўриш мумкин.

    Бу муаммолар минтақа аҳолисининг озиқ-овқат хавфсизлигига ҳам жиддий таҳдид солиш эҳтимоли катта, албатта. Қолаверса, музликлар узоқ муддат сақланиб турадиган чучук сув манбаи ҳисобланади. Марказий Осиёдаги энг йирик ҳисобланадиган Сирдарё ва Aмударё Орол денгизига бориб қуйиладики, бу кўп жиҳатдан мавсумий қор ва музликларнинг эришига ҳам боғлиқ. Прогнозларга кўра, 2050 йилга келиб Сирдарёда сув ҳажми 5 фоиз, Амударёда эса 15 фоизгача камайиши мумкин. Бу ҳам аҳоли турмуш тарзи ва улар яшайдиган ҳудуднинг иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутади.

    Ҳозирги ноқулай экологик шароит табиий офатларни юзага келтирмоқда ва бу минтақадаги давлатлар ижтимоий-иқтисодий ҳаётига жиддий хавф туғдиради.

    Пойтахтимиздаги Марказий Осиё халқаро институтида “Марказий Осиёдаги сув масалаларига нигоҳ” мавзусида ўтказилган халқаро конференцияда ҳам айни жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди, сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини камайтириш, ушбу муаммоларни ҳал этишда инновацион билим ва тажрибаларни жорий этиш масалалари муҳокама этилди.

    Яшиллик – экологик муаммоларга бирламчи ечим

    Халқаро экспертлар фикрига кўра, мавжуд ҳолат бундан 30–40 йил кейинги давр учун башорат қилинаётган прогнозлар жуда салбий. Демак, минтақамизни яқин келажакда сув танқислиги билан боғлиқ жиддий муаммо кутяпти. Модомики шундай экан, тахмин қилинаётган муаммонинг олдини олиш ёки салбий таъсирини юмшатиш мумкинми? Соҳа мутахассислари фикрига кўра, мумкин, албатта. Фақат, ҳозир имкон борида, бугундан киришиш шарт. Акс ҳолда кеч бўлади.

    Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш кўплаб муаммонинг олдини олади, деган таърифни кўп эшитганмиз. Масалага шу нуқтаи назардан қаралганда англашиладики, музликлар эриб битиши ва унинг ортидан кучаядиган сув танқислигининг олдини олиш ёки салбий таъсирини камайтириш учун, биринчи навбатда, экологик барқарорликка эришиш талаб этилади.

    Бир пайтлар чўлларни ўзлаштириш асносида Сирдарё ва Aмударёдан режасиз олинган сув ҳисобига Орол денгизига бориб қуйилаётган сув миқдори кескин камайиб ҳозирги манзараси юзага келган. Энди эса музликлар эриши, чанг бўронлари даврийлиги ва уларнинг ортиб бориши, ерларнинг деградацияга учраши, сув ресурсларининг тақчиллиги каби салбий кўринишларда намоён бўлаётган Орол денгизи фалокати минтақамизда иқлим ўзгаришини икки баробарга тезлаштирди. Бир-бирига чамбарчас боғлиқ табиатдаги бу каби ўзгаришлар, ўз навбатида, яна кўплаб бошқа муаммолар юзага келишига замин яратди.

    Шу боис ҳам мамлакатимизда сўнгги йилларда Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, яшил ҳудудларни кенгайтиришга жиддий ва алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Орол денгизининг қуриган қисмида биргина ўтган йилда 107 минг гектар майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан “яшил қопламалар” барпо этилди. Бундай майдонлар жами 1 миллион 620 минг гектарга етказилган. Жорий йилда ҳам бу борадаги ишлар давом эттирилиб, яна 100 минг гектар майдонни “ўрмонзорлаштириш” режалаштирилган.

    Яшил майдонларни кенгайтириш ишлари нафақат Орол ҳудуди, балки юртимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида уюшқоқлик билан олиб бориляпти. Бундай ҳудудларни кўпайтиришда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2021 йили эълон қилинган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Бинобарин, лойиҳа доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатини экиш, пировардида юртимиздаги яшил майдонлар ҳажмини 8 фоиздан 30 фоизга ошириш мақсад қилинган.

    Умуммиллий лойиҳа доирасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ўтган қисқа вақт давомида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 1 миллион гектардан ортиқ майдонда дарахтзор ва “яшил жамоат парклари” ташкил этилди.

    Бу йўналишда режалаштирилган ва амалга оширилаётган ишлар нафақат бугунгимиз, балки келажак учун ҳам жуда зарур ва шарт бўлган зарурат албатта. Зеро, яшил майдонлар кенгайиб бориши атмосфера ҳавосини яхшилашга, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатишга хизмат қилади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, яшиллик борасидаги саъй-ҳаракатлар мавжуд муаммо оқибатларини енгиллаштиришга имкон яратади, лекин, муаммога тўлиқ ечим бўла олмайди. Айтайлик, сув танқислиги масаласи. Яшил майдонларни кенгайтириш ҳисобига глобал исиш жараёнини тўхтатиш ёки секинлаштириш, натижада музликлар ва дарёларда мувозанатни сақлаб қолиш мумкиндир, аммо чучук сувга бўлган талабнинг йилдан-йилга ортиб бориши эвазига об-ҳаёт тақчиллиги кўлами ортиб боряпти.

    – Дунёда сув танқислигининг ортиб бориши, бир томондан, табиий жараён, – дейди Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими Комилжон Қўзиев. – Чунки сайёрамизда аҳоли сони, демак шунга мос равишда эҳтиёж ҳам муттасил ўсиб боряпти. Бошқа томондан эса, глобал иқлим ўзгаришлари натижасида чучук сув захиралари ҳажми қисқармоқда. Ер юзида қарийб 1,1 миллиард киши у ёки бу даражада сув танқислигидан азият чекаётир. Бу ҳолатда муаммога ягона йўл – тежамкорлик ҳисобланади.

    Сувни тежаш ҳақида гап кетганида, кўпчилигимиз одатда томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрет усулда суғориш каби сув тежовчи технологияларни тушунамиз. Аслини олганда ҳам бу суғориш усуллари катта миқдорда сувни тежашга имкон яратиши билан аҳамиятлидир. Айни шу боис ҳам мамлакатимизда сув тежовчи технологиялардан фойдаланишни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Агрор сектор вакилларига бу борада қатор имтиёзлар берилиши йўлга қўйилгани эса унинг тобора оммалашиб боришига хизмат қилмоқда.

    Бир метр куб сувдан ким қанча даромад оляпти?

    Мутахассислар фикрига кўра, дунё миқёсида яратилаётган янги иш ўринларининг 75 фоизи сув ресурслари мавжудлиги омили билан боғлиқ. Ушбу боғлиқлик таъсирини камайтириш учун тармоқ таркибий ўзгаришларни амалга ошириш керак бўлади. Бу зарурат кўпгина мамлакатлар иқтисодиётида сув талаб қилувчи тармоқлар устуворлиги сақланиб қолаётганлиги билан ҳам изоҳланади.

    БМТнинг “Сув ресурслари ва иш ўринлари” ҳисоботида сув танқислиги ва санитария хизматларидан фойдаланиш муаммолари дунё мамлакатларининг иқтисодий ўсиш ва иш ўринларини яратишга тўсқинлик қилиши мумкинлиги қайд этилган.

    Дунёда мавжуд барча чучук сувларнинг тахминан 70 фоизи қишлоқ хўжалигида суғориш учун ишлатилади.

    – Бу кўрсаткич мамлакатларнинг тармоқ таркибида қишлоқ хўжалиги ва саноатнинг улушига қараб фарқ қилади, – дейди Комилжон Қўзиев. – Лекин, ҳатто энг ривожланган мамлакатларда ҳам қишлоқ хўжалигининг умумий сув истеъмолидаги улуши 30 фоиздан пастга тушмайди.

    Сув ресурсларининг тармоқ тақсимотига кўра, Покистон, Эрон, Индонезия, Ҳиндистон ва Ўзбекистон каби мамлакатларда жами сувнинг 90 фоиздан ортиғи қишлоқ хўжалигига сарфланади. Юқори даромадли мамлакатлар, масалан, АҚШда сувнинг ишлатилган улуши саноатда кўпроқ –46 фоиз. Японияда эса уй-жой коммунал хизматларида сувнинг ишлатилиши 20 фоизни ташкил қилади.

    2010-2020 йилларда дунё мамлакатлари тармоқларида сувдан фойдаланишнинг таркибий таҳлили (фоиз ҳисобида)

    Мамлакат/мамлакатлар гуруҳи

    Қишлоқ хўжалиги, ЯИМдаги улуши

    Умумий сув олишда қишлоқ хўжалиги улуши

    Саноат, ЯИМ улуши

    Умумий сув олишда саноат улуши

    Юқори даромадли давлатлар

    1,6

    42,7

    26

    37,5

    Ўрта даромадли давлатлар

    10,4

    74,9

    36,2

    4,8

    Паст даромадли давлатлар

    29,8

    85,8

    23,3

    13,7

    Дунё

    3,2

    67,3

    27,6

    20,3

    АҚШ

    1,2

    40,7

    21,9

    45,7

    Евпора иттифоқи

    1,9

    23,9

    26,3

    56,4

    Бразилия

    6,1

    57,5

    27,8

    17,7

    Хитой

    12,2

    64,6

    46,5

    23,2

    Ҳиндистон

    31,9

    91,1

    27,2

    1,8

    Дунёда сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш – ишлатилган ҳар бир куб метр сувдан қанча маблағ ишлаб топилгани билан баҳоланади. Шу нуқтаи назардан қараганда, ушбу мамлакатлар иқтисодиётида сувга талаб юқори бўлган соҳалар улуши кичиклиги сабабли ишлатилган сувнинг маҳсулдорлиги кўрсаткичи даромади ўрта ва паст давлатлардагига нисбатан анча юқори.

    Масалан, Япония иқтисодиётида ўртача ҳар бир куб метр ишлатилган сув ЯИМга 53,5 доллар олиб келади. АҚШда эса бу кўрсаткич 23,5 долларни ташкил этади. Бошқа мамлакатларда ушбу кўрсаткич жуда паст, масалан, 1 метр куб сув Покистон учун 0,6 доллар, Мексика учун эса 8,2 доллар даромад келтиради.

    Комилжон Қўзиевнинг қўшимча қилишича, ривожланган мамлакатларнинг юқори технологияли ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларига ихтисослашуви мана шундай сезиларли фарқни юзага келтиради. Аксинча, қишлоқ хўжалигининг кўп сув талаб қиладиган тармоқларига ихтисослашган давлатларда сув маҳсулдорлиги ва шунга мос равишда ундан келадиган даромад кўрсаткичи ҳам паст бўлади. Бундай ҳолат ўз навбатида, ушбу мамлакатларда сув танқислигини келтириб чиқаради.

    Масалан, 1985 йилда Хитойда аҳоли жон бошига йилига ўртача 20 килограмм гўшт истеъмол қилинган бўлса, 2011 йилда бу кўрсаткич 53,5 килограммга етди. БМТ экспертлари ҳисоб-китобларига кўра, 1 тонна озуқа дон ишлаб чиқариш учун ўртача минг метр куб сув талаб қилинишидан келиб чиқиб, овқатланиш одатининг ўзгариши 1,4 миллиард аҳолиси бор Хитойда фақат гўшт ишлаб чиқариш учун сувга бўлган талаб йилига 390 километр кубга ошади. Бу таҳлиллар сувга талаб юқори бўлган соҳаларни иложи борича камлари билан алмаштириш кераклигини кўрсатади.

    Марказий Осиёда шаклланадиган сув ресурсларининг 70 фоизи трансчегаравий дарёлар ҳиссасига тўғри келади. Сирдарё ҳавзасининг кўп йиллик ўртача оқими 36 километр кубни, Амударёда эса 78 километр кубни ташкил этади. Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларида йилига ўртача ҳисобда 52–56 километр куб сув ишлатилади. Шундан йиллик ўртача 22 километр куб Сирдарё ҳавзасига, қолган қисми Амударё ҳавзасига тўғри келади. Шунингдек, Сирдарё ҳавзасида 6,3 километр куб, Амударёда 5,1 километр куб сув ресурслари Ўзбекистон ҳудудида шаклланади, қолган катта қисми трансчегаравий дарёлардан олинади.

    Global Village Space экспертлари баҳосига кўра, иқлим ўзгариши ва қўшни мамлакатларда сув истеъмолининг ортиши Ўзбекистоннинг Амударё ва Сирдарё каби дарёларидан сув олиш имкониятини чеклайди. Бунинг натижасида қурғоқчилик ва чўлланиш жараёни янада кучайиши, бу эса ўз навбатида, аҳоли турмуш даражасига жиддий таъсир қилиши мумкин.

    2020 йилда иқтисодиёт тармоқлари кесимида сув ресурсларидан фойдаланишнинг таққослама таҳлили

    Давлат

    Ер усти ва ости манбаларидан сув олиш, йилига км3

    Аҳоли жон бошига сув олиш, йилига м3

    Уй-жой коммунал хўжалиги

    Саноат

    Қишлоқ хўжалиги

    Киши бошига йилига м3

    %

    Киши бошига йилига м3

    %

    Киши бошига йилига м3

    %

    Хитой

    578,9

    425

    52

    12

    99

    23

    266

    63

    АҚШ

    482,2

    1518

    193

    13

    699

    46

    626

    41

    Германия

    38

    463

    57

    12

    314

    68

    92

    20

    Ўзбекистон

    54,3

    1899

    100

    5

    43

    2

    1756

    89

    Қишлоқ хўжалигида сув сарфини қандай қисқартириш мумкин?

    Юқорида қайд этиб ўтилган маълумотларга кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларида ишлатилаётган сув ресурсларининг энг катта қисми (89,7 фоиз) қишлоқ хўжалиги, 5 фоизи коммунал хўжалик, 2 фоизи саноат тармоқлари, қолган қисми бошқа тармоқлар ҳиссасига тўғри келади. Бу кўрсаткич АҚШ, Германия ва Хитой каби давлатларникидан анча фарқ қилади.

    Мамлакатимизда суғориладиган майдонларнинг катта қисми (70 фоиз)ни сув кўп талаб қилувчи экинлар – пахта ва ғалла ташкил қилади. Шу сабабли, сув танқислиги юзага келадиган вазиятда иқтисодий йўқотишлар хавфи анча юқори.

    Ҳисоб-китобларга кўра, 1 тонна соя ишлаб чиқариш учун Ҳиндистонда 4 минг 124 метр куб, Индонезияда 2 минг 30 метр куб, Бразилияда 1 минг 76 метр куб сув зарур бўлади. Дунё бўйича эса ўртача кўрсаткич 1 минг 789 метр кубни ташкил этади.

    Гўшт ишлаб чиқаришни оладиган бўлсак, Голландияда бир тонна мол гўшти учун 11,6 минг метр куб, Россияда 21 минг метр куб ва Мексикада 37,7 минг метр куб сув сарфланади. Ёки Австралияда 1 тонна гуруч ишлаб чиқариш учун 1 минг 22 метр куб сув сарфланса, Бразилияда бу кўрсаткич 3 минг 82 метр кубни ташкил этади.

    Сувни кўп ва кам талаб қилувчи маҳсулотлар етиштириш учун сарфланадиган сувнинг таққослама таҳлили

    Кам сув талаб қилувчи маҳсулот тури

    Сув сарфи

    (ўртача 1 тоннага)

    Кўп сув талаб қилувчи маҳсулот тури

    Сув сарфи

    (ўртача 1 тоннага)

    Koвул (кaперс)

    500 м3

    Гуруч

    3082 м3

    Чўл жўхориси

    (ем-ҳашак учун)

    700 м3

    Буғдой

    2375 м3

    Сояли спаржа

    1000 м3

    Соя

    3082 м3

    Қўй ва эчки гўшти

    1500 м3

    Мол гўшти

    15497 м3

    Мана шулардан келиб чиқиб, Жиззах, Сирдарё ва Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида бундай кўп сув талаб қилувчи экинларни жойлаштириб бўлмайди. Бу ҳудудларда босқичма-босқич кам сув талаб қиладиган экинлар майдонини кенгайтириш мақсадга мувофиқ. Масалан, ковул, типчоқ, қўнғирбош, чўл жўхориси, чўл-дашт солянкаси, сояли спаржа каби экинлар 10 баробар кам сув талаб қилади. Шунингдек, мош, ловия, нўхат ва қизил ловия (фасол) каби қурғоқчиликка чидамли дуккакли дон экинлари ҳам ушбу ҳудудлар шароитига мос келади.

    Экспертларнинг фикрича, охирги 15 йилда Марказий Осиё, шу жумладан, Ўзбекистон иқлимида кескин ўзгаришлар кузатилмоқда. Минтақага авваллари йил давомида ўртача ҳисобда 80 кун совуқ ҳаво оқими кириб келган бўлса, ҳозир ушбу кўрсаткич икки баробарга камайиб, совуқ ва нам ҳаво оқими ўртача 35–40 кунни ташкил этмоқда. Натижада ҳаво ва тупроқнинг ҳам қуруқлашиши кучайиб кетди. Бошқача айтганда, глобал иқлим ўзгаришлари минтақамизга жиддий таъсир қиляпти.

    Шу сабабли қишлоқ хўжалиги экинларининг иқлим ўзгариши таъсирига бардошлилик даражасини эътиборга олиш зарур. Жумладан, чўл ҳудудларимизда қурғочиликка чидамли ва бозорбоп ковул (каперс) етиштириб, экспортини кескин ошириш имконияти мавжуд. Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, ушбу маҳсулотнинг экспорт ҳажми сўнгги йилларда 2,3 минг тоннадан (3,8 миллион доллар) 3,3 минг тоннага (5,3 миллион доллар) ортгани ҳам фикримизни тасдиқлайди.

    Албатта, мавзуга оид мавжуд муаммолар фақат таҳлил қилинибгина қолмаяпти. Мамлакатимизда иқлим ўзгаришлари билан муаммолар олдини олиш, уларнинг салбий оқибатлари таъсирини юмшатиш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, экология барқарорлигига эришиш, сув ресурсларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш борасидаги саъй-ҳаракатлар нафақат бугунги кунимиз, шу билан бирга юртимиз равнақи, келажак авлод истиқболи учун ҳам биринчи галдаги аҳамиятга эга.

    Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates