Сувни қайта тозалаш: самарали биотехнология

    Фан 18 октябр 2021 5425

    Сув, бу – ҳаёт, деган таъриф бежиз айтилмаган. Ҳақиқатан, табиат неъматларининг ичида энг кўп фойдаланадиган сувни тежаш, ифлос қилмаслик, асраб-авайлаш қадимда ҳам, ҳозирда ҳам долзарб бўлиб қолмоқда.

    Об-ҳаёт ресурсларининг ифлосланиши ва бузилиши турли органик, ноорганик, механик, бактериологик ва бошқа моддалар тўпланишига, таркибида кислороднинг камайиб юқумли касалликларни тарқатувчи бактерияларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Бундай салбий оқибатларнинг олдини олишда саноат корхоналаридан чиқаётган чиқинди сувларни тозалаш усулларини янада такомиллаштириб бориш ҳамда уларни қайта ишлатиш муҳим ўрин тутади.

    Завод ва фабрикаларнинг тоза сув истеъмол қилишини камайтириб, ёпиқ сув таъминотига ўтказилиши кўп жиҳатдан фойдали.

    — Саноат корхоналарининг оқовалари таркибида нефть маҳсулотлари, фенол, оғир металл, фосфор бирикмалари, бўёқлар қолдиқлари, токсиклиги юқори бўлган бошқа ифлослантирувчи компонентлар мавжуд, — дейди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бош мутахассиси Ғолиб Шукуров. — Тозалаш иншоотларида оқаваларнинг белгиланган талаб даражасида тозалай очиқ сув ҳавзаларига чиқариб ташланиши атроф-муҳитга салбий таъсир етказиши мумкин. Қўмитамиз “Ўзсувтаъминот” тизимидаги корхоналар билан ҳамкорликда назорат ишларини амалга оширмоқда. Хусусан, жорий йилнинг биринчи чорагида Тошкент шаҳар “Бўз-сув аэрация станцияси”, “Салар” ва “Бектемир” оқова сув тозалаш иншоотлари атрофида атмосфера ҳавоси ва сув ресурсларининг ифлосланиши ҳолатлари юзасидан назорат тадбирлари амалга оширилди. 186 та корхонанинг локал оқова тозалаш иншоотлари ўрганилиб, зарур чоралар кўрилмоқда.

    Экологик ҳолатни яхшилаш ўз ўрнида чуқур изланишни талаб қилиши табиий. Илмий тадқиқотлар орқалигина соҳадаги камчиликларни бартараф этишимиз мумкин. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини маханизациялаш муҳандислари институти таянч докторанти Мадина Алимова оқова сувларини органо-минерал моддалардан, оғир металлардан ҳамда патоген микроорганизмлардан пистия ўсимлиги ёрдамида тозалашнинг самарали биотехнологиясини таклиф қилмоқда. Сув бетида қалқиб ўсувчи, барглари ясси эшкаксимон мазкур кўп йиллик ўсимлик тропик ва субтропик минтақаларда кенг тарқалган бўлиб, ҳозирги кунда ўлкамиз иқлим шароитига ҳам мослаштирилган.

    — Пистияни ўстириш ёрдамида қайта тозаланган оқова сувлар турли хил органо-минерал моддалардан ва патоген микроорганизмлар, яъни ичак таёқчалари бактерияларидан ҳам тозаланди, — дейди Мадина Алимова. — Оқова сувларида ўстирилган пистия биомассалари термик қайта ишлангандан кейин ҳайвонлар ва паррандаларни боқишда, оқсил витаминли ва минерал озуқа сифатида биоўғит ва биогаз олишда, шунингдек, тупроқ таркибини яхшилашда “яшил ўғит” сифатида фойдаланиш мумкин. Бундай тозалашлардан сўнг ўсимлик ва ҳайвонлар учун патоген ҳисобланган микроскопик замбуруғлар йўқолиб кетади ва сувнинг оксидланиш даражаси камаяди. Қайта ишланган сувни техник мақсадларда ҳамда суғорма дехқончиликда ҳам қўллаш мумкин. Чунки оқова сув чиқиндилардан, оғир металлардан тозаланган бўлади.

    Ёш тадқиқотчи таклиф этаётган усулда оқованинг тозаланиши табиатга етказиладиган зарарни камайтириши баробарида сувдан унумли фойдаланиш имконини ҳам беради. Яна бир муҳим томони, бу усул иқтисодий жиҳатдан ҳам анчагина фойда келтиради. Етиштирилган биомассани қишлоқ хўжалигида кенг қўллаш мумкин.

    Феруза ЖЎРАЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates