Табиий газ истеъмолида янги тизим: қулай, аниқ ва самарали

    Жорий йил 24 сентябрь куни Президентимизнинг “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

    Мамлакатда табиий газ етказиб беришда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш чора-тадбирлари давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 18 июндаги “Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан бошлаб юборилган эди.

    Бу борада кўзда тутилган чора-тадбирлар, жараённинг бориши ҳақида “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Баҳодир ЭШМУРОДОВ билан суҳбатлашдик.

    – Аввало, дунё миқёсида табиий газ захираларининг бугунги манзараси, уни истеъмолчига етказиб бериш тафсилотлари ҳақида маълумот берсангиз.

    – Жаҳон ҳамжамияти ёқилғи-энергетика захиралари чексиз эмас, деган хулосага келгани ҳеч кимга сир эмас. Мутахассислар фикрича, яқин кунларгача табиий газ ақл бовар қилмайдиган даражада ишлаб чиқарилган ва уни қазиб олиш жараёни ҳам унчалик оғир бўлмаган. Яъни қудуқларнинг чуқурлиги тахминан 1 000-1 500 метрни ташкил этган ва ресурслар табиий равишда олинган.

    Ҳозирги вақтда “зангори ёқилғи” конлари 4 000 метрдан кўпроқ чуқурликда жойлашган ва ишлаб чиқариш жараёни кўп ҳолларда механик ёки газ тортиб олувчи ускуналар ёрдамида амалга оширилади. Буларнинг барчаси экологияга ва таннархга таъсир этмай қолмайди. Газнинг нархи арзонлиги ҳамда энергия тежамкор технология ва ускуналарни қўлламасдан, ўйламай ёқиб юборилиши иқлим ўзгариши, шунингдек, атмосферага чиқаётган зарарли иссиқхона газлари миқдори кўпайишининг асосий сабабларидан бири бўлиб қолди.

    Бугунги кунда дунё олимлари бу муаммога ечим топиш ҳақида қайғурмоқда. Ҳозирча энг мақбул йўллардан бири сифатида энергия манбаларидан оқилона фойдаланишга йўналтирилган янги технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, деб топилмоқда. Бу жараён вақт ўтгани сайин такомиллаштирилиб, атмосферага тарқалаётган чиқиндилар камайишига эришилмоқда. Сарф-харажатларни аниқлашнинг асосий кўрсаткичи эса энергия назоратида ишончли ҳисоб юритилишига боғлиқ. Тежамкорликка эришиш ҳамда йўқотишларни камайтириш йўлидаги биринчи қадам аниқлик даражаси юқори бўлган ҳисоблаш воситаларини жорий этиш эканини энергия етказиб берувчилар ва истеъмолчилар англаб етган. Бундан ташқари, инновацион технологиялар асрида ушбу ҳисоб тизимини автоном ва реал вақт режимида масофадан бошқариш имконияти мавжуд.

    Халқаро амалиётда ўлчаш, маълумотларни йиғиш ва қайта ишлаш босқичида инсон омили ва унинг иштирокини минималлаштирадиган тизимларни жорий этиш бўйича бой тажриба ҳам шаклланган.

    – Ўзбекистонда табиий газ етказиб бериш тизими узоқ йиллар модернизация қилинмагани ҳақида кўп гапиряпмиз. Бугун вазият қандай?

    – Бу тармоқлар тузилмаси узоқ йиллар модернизация қилинмагани ҳам бор гап. Шу боис, тармоқда йўқотишлар кўп эди. Демак, ҳисоб-китобни автоматлаштиришни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Мақсадимиз – ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчи ўртасида, яъни газ қувурлари ҳамда газ тақсимлаш тармоқлари, истеъмол қилиш жараёнларининг ҳар бирини қамраб олувчи яхлит онлайн тизим яратиш.

    Бугун Ўзбекистонда газ етказиб беришнинг янги тизими жорий этилмоқда. Тўғри, бу борада мамлакатда ўтган 10 йилда бир неча уринишлар қилинган бўлса-да, лекин аниқ тизим яратилмади. Бундан эса таъминотчи ҳам, аҳоли ҳам бирдек азият чекди. Бугун биз бошлаган иш табиий газни назорат қилишнинг автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизими (АСКУГ) деб номланади ва online тартибда ишлайди.

    – Янги тизимни жорий этишнинг молиявий, техник ва ижтимоий жиҳатлари ҳақида ҳам тўхталсангиз. У қандай амалга оширилади?

    – Газни бошқаришнинг реал вақт режимида ишлайдиган автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизими, аввало, табиий газнинг тўлиқ, аниқ ва ишончли ҳисобга олинишини таъминлаш, шунинг­дек, таъминотдаги йўқотишларни камайтириш, истеъмолчиларнинг тўлов маданиятини оширишга хизмат қилади.

    Ўзбекистонда АСКУГ тизимини жорий этиш 5 босқичдан иборат бўлиб, улардан учтаси газотранспорт тизимига аввалроқ татбиқ этилган. Бунинг натижасида табиий газни ташиш ва етказиш назорати таъминланди. Айни дамда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ улгуржи истеъмолчилари (юридик шахслар) ва аҳолини қамраб олувчи тўртинчи ва бешинчи босқичга чиқмоқда. Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида 3,5 миллиондан ортиқ “ақлли” газ ҳисоблагич ўрнатиш режалаштирилган.

    Умуман, АСКУГ тизимини жорий этиш вақт ва замон талаби эди. Бунга сабаб хўжалик секторида бугунги кунда газ истеъмолчиларининг ўртача 70 фоизида газ ҳисоблагичлар ўрнатилганидир. Уларнинг аксарияти 10 йилдан ортиқ вақт давомида ишлатилгани, маънан ва жисмонан эскиргани сабабли ҳисоблашдаги хатоликлар рухсат этилган кўрсатгичлардан ошиб кетади. Бундан ташқари, айрим турдаги ҳисоблаш ускуналари эскирган бўлиб, уларга техник хизмат кўрсатиш ҳам ўз-ўзидан тўхтатилган.

    Истеъмолчилар тез-тез дуч келадиган яна бир муаммо кўрсаткичлардаги номувофиқлик бўлиб, ҳисоблагичда бошқа рақамлар, биллинг тизимида эса умуман бошқа кўрсаткич туради. Оқибатда эса истеъмолчилар норозилик билдириб, турли текширув жараёнлари ва олдинги тўлов квитанцияларини йиғиш, тегишли ташкилотларга бетиним қатнаш ҳамда соатлаб навбат кутишга тўғри келарди.

    Албатта, АСКУГ тизимини жорий этиш зарурати, энг аввало, мамлакатда газ истеъмоли ва ҳисобга олишни назорат қилувчи замонавий маълумотларни йиғиш бошқарув тизимининг йўқлигидан келиб чиқмоқда. Шу сабабли газ таъминотчиси ва энергия мажмуининг яна бир қатор тузилмалари юзлаб миллиард сўмларни йўқотмоқда. Бундан ташқари, аҳоли орасида истеъмол қилинган табиий газ учун дебитор қарздорлар сони ҳам кўпайиб кетган.

    Амалдаги тартибга мувофиқ, истеъмол қилинган “зангори ёқилғи” учун тўлов ҳар ойнинг ўнинчи кунигача белгиланган. Аммо амалиёт аслида ҳаммаси бошқача эканини, истеъмол қилинган ёқилғи учун ҳаддан зиёд катта қарзлар вужудга келаётганини кўрсатмоқда.

    Табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини татбиқ этиш орқали тизимда қарздорлик билан боғлиқ муаммо ва узилишлар вужудга келишининг олдини олиш, йўқотишларни камайтириш ҳамда газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари тўғрисида таъминотчини огоҳлантиришга эришилади.

    АСКУГ тизимини мамлакатимизда жорий этиш билан боғлиқ ишлар “Ҳудудгазтаъминот” АЖ зиммасига юклатилган. Бу жараённи, яъни газ ҳисоблагичларни ўрнатиш, маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва узатиш, алоқа линияларини ётқизиш, керакли телекоммуникация мосламаларини ўрнатиш ишларини 2021 йил охирига қадар якунлашимиз керак. Таъкидлаш керакки, “ақлли” ҳисоблагичлар “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ҳисобидан бепул ўрнатилади. Бу борада Президентимиз аниқ топшириқлар берди ва уларни сифатли бажариш мақсадида барча туман ҳамда шаҳарлар “қизил”, “сариқ”, “яшил” ҳудудларга ажратилган.

    “Қизил” ҳудудга 22 туман ва шаҳар кирган бўлиб, уларнинг 3 тасида газ ҳисоблагич ускуналарини ўрнатиш ишлари якунига етмоқда. Натижада 30-35 фоиз газни йўқотиш ёки ўғирлаш ҳолатларига чек қўйишга, истеъмолчилардан тўловларнинг ўз вақтида тушишига ва сифатли хизмат кўрсатишга эришдик.

    “Сариқ” ҳудудга 131 туман ва шаҳар киритилган бўлиб, бу ҳудудларда ҳам замонавий ҳисоблагичларни ўрнатиш орқали мавжуд муаммоларни бартараф этамиз.

    Биринчи навбатда, табиий газ истеъмоли ва қарздорлик юқори бўлган “қизил” ҳудудлар қамраб олинади. 4 000 дан зиёд йирик истеъмолчи, газ қуйиш шохобчалари ва ишлаб чиқариш корхоналари, 850 та иссиқхона ҳам автоматлаштирилган тизимга уланади.

    Бу билан газ таъминоти соҳасида жуда муҳим ўзгаришлар кузатилади. Биринчидан, айланма маб­лағлар танқислиги сабаб модернизация қилинмаётган тармоқларга кўпроқ маблағ ажратиш имконияти яратилади. Иккинчидан, адолатли тизим жорий этилади. Бунда газ ҳақини тўлаган ҳам, тўламаган ҳам хизматдан ҳозиргидек бирдек фойдаланмайди, фақат тўловни амалга оширган истеъмолчига табиий газ етказиб берилади.

    Албатта, газ истеъмолида юқори аниқликка ҳам эришамиз. Мисол учун, Тошкент тумани Боғбон маҳалласини оладиган бўлсак, ҳар бир хонадонга алоҳида газ ҳисоблагич ва газ мослагич регуляторлар ўрнатдик. Бу ҳудудда 2019 йилнинг 6 ойида сарфланган газ ҳажмини 2020 йил 6 ойи билан солиштирганимизда 33,7 фоиз тафовутни аниқлашга эришдик. Шундай ҳолатлар ҳам кўп бўлганки, дейлик фойдаланилган 100 куб газдан 33 фоизи кимга кетгани аниқланмаган. Янги тизим билан бу каби ҳолатларнинг олди олинади.

    Тизимнинг яна бир афзаллиги уни аҳоли мобил телефони орқали назорат қилиши мумкинлигида кўзда ташланади. Яъни истеъмолчи қанча газ сарфлаётгани, қанча пул тўлаётганини кўриб туради. Албатта, тўловларни мобил телефон орқали амалга оширса ҳам бўлади. Олдинги ҳисоблагичлар ҳар 4 йилда давлат кўригидан ўтказилар ва бу истеъмолчилар учун ортиқча харажат, ортиқча ташвиш эди. Янги ҳисоблагичлар 10 йилда 1 марта давлат кўригидан ўтказилади ва бу жараён таъминотчи томонидан бепул амалга оширилмоқда. Ушбу газ ҳисоблагичлар мазкур соҳадаги энг етакчи ҳисобланмиш Италиянинг “Pietro Fiorentini” компанияси томонидан яратилган “ақлли” (смарт) ҳисобга олиш воситаларининг энг янги авлоди бўлиб, ҳисобга олишда янги авлод технологиялари қўлланилади. Жумладан, Terranova дастурий таъминоти. Terranova томонидан тақдим этилган маълумотларни тўплаш ва ҳисоблагичларни бош­қариш дастурий таъминоти орқали ҳар қандай ERP (Enterprise Resource Planning – корхона ресурсларини режалаштириш) тизимига маълумотларни тақдим этиш имкони яратилади. Натижалар тизимнинг тўла-тўкис ишлашини, икки томонлама алоқа ва 2G дан Narrowband IoT (NB-IoT) гача бўлган мукаммал узатиш қобилиятини намойиш этди. NB-IoT технологияси бир қатор илғор хусусиятларни тўлиқ ўзида мужассамлаштиради.

    Бугунги кунда табиий газ истеъмолчиларига ўрнатилаётган газ ҳисоблагич “Pietro Fiorentini” компанияси мутахассислари билан ҳамкорликда Ўзбекистонда “Texnopark” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилмоқда. Шуни таъкидлаш лозимки, “Texnopark” МЧЖнинг таъсисчиси Тошкент шаҳри ҳокимлиги бўлиб, бу ўз навбатида, истеъмолчи олдида ишлаб чиқарувчи масъулиятини оширади.

    – Аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлашдаги бугунги вазият ҳақида ҳам гаплашайлик. Бу борадаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берсангиз.

    – Мамлакатимизда истеъмолчиларни суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш, газни етказиш тизимини автоматлаштиришга катта эътибор қаратилиб, хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсадида “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакат миқёсида 3,6 миллион истеъмолчига 4,5 миллион дона маиший газ баллони орқали суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. Шу тариқа истеъмолчиларнинг газ баллонлар билан таъминланганлик даражаси 125 фоизга етказилган.

    Жамият томонидан соҳанинг ривожи учун қўшимча равишда 214 дона вагон-цистерна харид қилиш кўзда тутилган бўлиб, суюлтирилган газ ташиш ойлик ҳажмини 26,5 минг тоннага ошириш режалаштирилган. Бугунги кунда ўртача 37 тонна ҳажмга эга бўлган 15 та вагон-цистерна харид қилиниб, Навоий кон-металлургия комбинатидан 4 та вагон-цистерна балансга олинди.

    Ташиш харажатларини қисқартириш мақсадида суюлтирилган газни Қорақалпоғистон Республикасига тўлиқ ҳамда водий, Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларига умумий ҳажмнинг қарийб 30 фоиздан 50 фоизгача бўлган қисмини темир йўл орқали етказиш йўлга қўйилди.

    Суюлтирилган углеводород газини ойлик тарқатиш қуввати 98,5 минг тоннага етказиш, бунда 4,9 миллиондан ортиқ маиший газ баллонни тўлдириш қувватига эга бўлган 79 та газ тўлдириш иншооти (шу жумладан, тизимда 53 та)дан тўлиқ фойдаланишга эришилмоқда.

    Ҳудудларда 7 та газ тўлдириш иншооти фойдаланишга қабул қилинди, иншоотларга 57 та даража ўлчагич ўрнатилди, 680 погон метр темир йўл таъмирланди. Мазкур газ тўлдириш иншоотларининг қувватларини ошириш учун қўшимча 10 та сиғим, 35 дона колонка, 11 та насос, 15 та компрессор ўрнатилди. Натижада ойлик сақлаш миқдори 5,8 минг тоннага ва тарқатиш қувватлари 4,9 минг тоннага оширилди.

    Технологик йўқотишлардаги сарф меъёрларини қайта кўриб чиқиш натижасида эса йўқотиш кўрсаткичи 1,8 фоиздан 1,3 фоизга камайтирилди. Мавжуд тезкор маълумотларга кўра, 2020 йилнинг 8 ойида технологик йўқотишлар сарфи 2,4 минг тоннадан зиёд камайишига эришилиб, 120 мингта хонадонга қўшимча маиший газ баллонларда суюлтирилган газ етказиб бериш имконияти яратилди. Газ тўлдириш иншоотларига 30 дона замонавий электрон автотарози ўрнатилиши натижасида қабул қилинган ва тарқатилаётган суюлтирилган газни автоматлаштирилган тизимга улаш орқали шаффофликка эришиш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.

    Шу билан бирга, Фарғона вилояти Олтиариқ тўлдириш иншооти ва Самарқанд газ тўлдириш станцияларида суюлтирилган газни ишлаб чиқарувчи корхоналардан қабул қилиб то истеъмолчиларга етиб боргунга қадар синов тариқасида замонавий электрон ускуналарни ўрнатиш орқали автоматлаштирилган тизим жорий этилмоқда.

    “Ҳудудгазтаъминот” АЖ ўз фаолиятининг барча жабҳаларини ривожлантириш ва шаффофлик тамойили асосида олиб боришга интилмоқда. Соҳадаги мавжуд камчиликларни яширмай, балки аҳоли билан ўзаро конструктив мулоқот орқали айнан оғриқли масалаларни аниқлаш ва уларни ҳал этиш, тизимга илғор инновацион технологияларни жалб этган ҳолда халқимизни қийнаётган тушунмовчилик ва муаммоларни бартараф этиш, таъминотчи томонидан кўрсатилаётган сервис хизматлари ва ходимларнинг иш самардорлигини янада ошириш бугунги кун талаби, қолаверса, “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг энг асосий мақсади ҳисобланади.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Улуғбек Холбой суҳбатлашди

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates