“Tadbirkor” ахборот тизими инсон омили аралашувини етти баробар камайтириб, ҳужжатлар айланишини 15-25 баробар тезлаштиради

    Шу пайтгача бирор ишни йўлга қўйиш иштиёқида банкдан кредит олмоқчи бўлган тадбиркор олдида, асосан, иккита савол кўндаланг турарди. Биринчиси оладиган кредитига кафиллик ва гаров масаласи бўлса, кейингиси ойлик фоиз тўловларни ўз вақтида қоплаш билан боғлиқ ҳадик эди.

    Президентимизнинг 2017 йилнинг 17 августидаги “Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида ташкил қилинган молиявий муассаса бугун тадбиркорларга айнан шу икки саволга ечим топишда қўл келяпти. Асосан, компенсация ва кафиллик йўналишида фаолият юритаётган мазкур жамғарма ўтган давр мобайнида кўплаб бизнес субъектларининг оғирини енгил қилиб келмоқда.

    Бироқ тадбиркорнинг ундан молиявий кўмак олишга кетадиган вақти, ҳужжатлаштириш ва расмийлаштириш жараёнлари мақтанарли даражада эмас эди. Гарчи талаб қилинадиган ҳужжат фақатгина мижоз тўғрисида маълумот бўлса-да, банк томонидан бошқарув раисининг имзоланишини таъминлаш ва асл нусхани жамғармага етказиб беришга кўп вақт кетарди.

    Шунингдек, жамғарма томонидан мижозлар бўйича тижорат банклари тақдим этган буюртмаларни кўриб чиқишга 3 иш куни ажратилганига қарамай, 1 иш кунида ҳал қилиш йўлга қўйилган бўлса-да, кредитни расмийлаштириш жараёнида воз кечиш ҳолатлари кўп учраб турарди.

    Кейинги пайтда тижорат банклари томонидан рақамлаштириш ишлари жадал суръат касб этиши баробарида мижозларга кредит ажратилишида масофадан туриб, хизмат кўрсатиш одатий ҳолга айланди. Бу, ўз навбатида, жамғарманинг ҳозирги давр талабига жавоб бериш учун ўз иш услубини ўзгартиришини зарурий эҳтиёжга айлантирди.

    Бу борада тест синовларидан муваффақиятли ўтган “Tadbirkor” ахборот тизими ишлаб чиқилгани ҳам қўл кел­япти. 2020 йилнинг 1 июнидан йўлга қўйилган ушбу тизим қатор мураккабликларга барҳам берди. Эндиликда жамғармага ҳужжат топшириш ва унга жавоб олиш учун кетадиган вақт ўртача 16 дақиқага тўғри келяпти.

    Асосий икки муаммо қандай ҳал этилади?

    Ахборот тизими афзалликлари ҳақида сўз юритишдан олдин жамғарманинг асосий йўналишлари бўлган компенсация ва кафиллик тартиб-қоидалари ҳақидаги изоҳга эътиборингизни тортсак.

    — Жамғарма томонидан тадбиркор олаётган кредитнинг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган ва максимал сумма 8 миллиард сўмдан ошиб кетмаган миқдорда кафиллик тақдим этилади, — дейди Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ижрочи директори Умрбек Исмоилов. — Айтайлик, бир тадбиркор новвойхона очмоқчи. Бунинг учун у қурилиш бошламоқчи ёки тайёр объектда қолипли нон тайёрлаш учун асбоб-ускуналар сотиб олмоқчи. У бу ишларни бажаришга банкдан беш йил муддатга 1 миллиард сўм маблағ сўраяпти. Банк ўз фаолияти йўналиши ва ички низомидан келиб чиқиб, шу суммадан кам бўлмаган миқдорда гаров талаб қилади. Аммо қарз олувчининг бунга қурби етадиган моли ёки кўчмас мулки бўлмаслиги мумкин. Ана шу вазиятда тадбиркор жамғарма молиявий кўмагидан фойдаланиши мақсадга мувофиқ. Бунда ташкилотимиз 500 миллион сўмгача кафиллик тақдим эта олади. Тадбиркор қанча миқдорда кафиллик олишни ўзи ҳал қилади. Соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, жамғарма тадбиркорнинг ёнида ишончли вакилидек туриб, агар у кредитни қайтара олмаса, 50 фоизигача бўлган қисмини биз тўлаб берамиз, деб мажбуриятни ўз зиммасига олади. Шундай вазият рўй берса, биз шартномада келишилган маблағни банкка тўлаб берамиз. Бунинг учун тадбиркордан белгиланган кафиллик учун бир марталик 1 фоиз тўлов шаклида комиссия ундирилади.

    Компенсация эса 14-21 фоизли кредитларга, Марказий банк асосий ставкасидан (14 фоиз) юқори қисмини, лекин 5 фоизли пунктдан ошмаган миқдорда тўлаб берилади. Яъни банк ва тадбиркор ўртасидаги келишувга кўра, тадбиркорнинг ойлик кредит фоизи 19 фоиз этиб белгиланди дейлик. Демак, бунда 14 фоизини тадбиркор, қолган 5 фоизини жамғарма ҳар ой тўлаб боради.

    Кафиллик ва компенсация қайси йўналишларга берилмайди?

    Жамғарма молиявий кўмагидан ҳар бир тадбиркор фойдалана олади. Фақат тадбиркорлик фаолиятининг айрим йўналишлари бўйича молиявий ёрдами берилмайди.

    — Талабгор илгари олинган кредитларни ёки исталган бошқа қарздорликни қайтариш, алкоголли ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш, савдо-воситачилик ташкилотлари ва умумий овқатланиш корхоналарининг айланма маблағларини шакллантириш, савдо объектлари ва умумий овқатланиш объектлари қурилишини молиялаштириш, банкдан ташқари кредит ташкилотлари ва лизинг компанияларининг ресурс базасини шакллантириш ҳамда таваккалчиликка асосланган қимор ва бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда шу мақсадлар учун ускуналарни харид қилиш учун кредит олишда жамғарма ёрдам кўрсатмайди, — дейди Умрбек Исмоилов. — Жамғарманинг молиявий ёрдамидан фойдаланишда тадбикор баъзи талабларга жавоб бериши керак. Жумладан, компенсация олишда жорий кредитлар ёки бюджетга тўловлар бўйича муддати ўтган қарздорлиги мавжуд эмаслиги, кафиллик олишда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтган ва фаолиятини амалга ошираётган, тугатилиш босқичида бўлмаган, жорий кредит ва бюджетга тўловлар бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорлиги бўлмаган ҳамда уларга нисбатан банкротлик тартиботи қўзғатилмаган бўлиши лозим.

    Компенсация давлат томонидан бериладиган беғараз ёрдамдир. Кафиллик пулли хизмат ҳисобланади ва 1 фоиз бир марталик тўлов ундирилади. Компенсацияда кредит миқдори 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаслиги, кредит фоиз ставкаси эса 14-21 фоиз бўлиши лозим. Муайян бир тадбиркорлик йўналишлари ва соҳалари учун кредит миқдори, ставкаси ва сонига нисбатан чекловлар Президентимиз қарорлари билан белгиланган миқдорда амалга оширилади. Бу йўналишларга иссиқхоналар ташкил этиш, ипакчилик, чорвачилик, қурилиш материллари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳалар киради.

    Ахборот тизими афзалликлари

    Ҳаётимиз тобора рақамлашиб бормоқда. Вақт қимматли товарга айланган. Тадбиркорлик субъекти эгалари борки, мушкули тез ечилиши, иши муддатида битишини истайди. Давлат томонидан бериладиган бундай беғараз кўмак тадбиркорнинг оёққа туриб олиши учун тақдим этилади. Аммо ҳужжатбозлик ва оворагарчилик кўп ва хўп бўлган жойда коррупция куртак очиб, гуллай бошлайди. Мазкур ахборот тизимининг ишга тушиши, аввало, айнан шу балонинг илдизига болта уради. Хўш, у тизимдаги яна қандай муаммоларга чек қўяди ва ишбилармонларга қандай енгиллик беради?

    — “Тadbirkor” ахборот тизими ишга тушгунга қадар, аввало, тижорат банки томонидан тақдим этилиб, кирим қилинган (кунига ўртача 30-40 та) буюртманомалар жамғарма томонидан кўриб чиқилган, — дейди жамғарма ижрочи директори ўринбосари в.б. Шерзод Рўзиев — Улар бўйича ­баённома тузилган. Баённома қоғоз шаклида чиқарилиб, текширилган ва кейин имзоланган. Шундан сўнг қабул қилинган қарорлар бўйича тижорат банклари хабардор этилган (ижобий ёки рад этилгани тўғрисида хат юборилган). Буюртманомаларнинг электрон рўйхати қўлда кунлик шакллантириб борилган. Ижобий қарор қабул қилинган буюртманомалар бўйича
    3 томонлама шартнома ҳам ходимлар томонидан қўлда шакллантирилган ва тижорат банкига электрон почта орқали юборилган. Тарафлар томонидан тасдиқлангач, жамғармага етказиб берилган шартнома тўловни амалга ошириш учун асос ҳисобланган ва ҳужжатлар йиғмажилдларда жамланиб борилган. Бу ҳужжат айланишига мижоз-банк-жамғарма-банк-мижоз-банк-жамғарма-мижоз йўналишида камида 20 кун вақт сарфланган.

    “Tadbirkor” ахборот тизими ишга тушгач, жараён сезиларли даражада соддалашди. Хусусан, мижознинг буюртманомаси хизмат кўрсатувчи тижорат банкининг ўзидан тўғридан-тўғри жамғармага келиб тушиши таъминланди. Мижоз томонидан ўз буюртманомасининг ижросини онлайн тарзда кўриб туриш имконияти яратилди. Шунингдек, мижозга ҳужжатнинг ижро ҳолати бўйича СМС хабар юбориладиган бўлди. Шартномалар тизим орқали электрон шакллантирилиб, имзолаш жараёнини ЭРИ (электрон рақамли имзо) билан амалга ошириш йўлга қўйилди. Бунинг учун тадбиркор ўзида амалда бўлган солиқ ҳисоботларини топширишда қўлланиладиган ЭРИ калитидан фойдалана олади. Қолаверса, томонлар имзолаб бўлиниши билан 3 томонлама шартномани QR код орқали шакллантириладиган бўлди.

    “Tadbirkor” ахборот тизими ишга туширилиши билан тадбиркорнинг жамғармага ҳужжат топшириш ва унга жавоб олиш учун кетадиган вақти ўртача 20-30 кундан 16-25 дақиқагача камайтирилишига эришилди, ташкилотнинг иш самарадорлиги ошди. Қўл меҳнати кескин равишда камайди ва ҳужжатларнинг ижроси тизим орқали таъминланиши сабабли аниқлик оширилди, инсон омили аралашувига чек қўйилди. Бундан ташқари, ҳужжат айланиши жараёни шаффофлиги таъминланди, мижозларда онлайн равишда буюртманомани кўриб бориш имконияти пайдо бўлди. Бунинг натижасида маълумотларнинг ҳаққонийлиги таъминланди, тизимни Давлат солиқ ва статистика қўмиталари билан интеграция қилишга эришилди.

    Молиявий ёрдамдан фойдаланган тадбиркорлар сони 4 баробар ортди

    Айтиш керакки, электрон шаклда буюртманомаларни тақдим этиш ушбу дастур орқали амалга оширила бошланганидан сўнг хизмат кўрсатиш ҳажми кунига ўртача 7 баробар ортди. Шу ўринда савол туғилади: жамғарма молиявий ёрдамидан фойдаланиш истагидаги тадбикорлар қанча?

    Маълумотларга кўра, 2018 йилда жами 2145 нафар тадбиркорга компенсация ва кафиллик хизматлари амалга оширилган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 4622 нафарга етган. 2020 йилнинг III чораги ҳисоботига кўра, жами 14 607 нафар мижознинг талаблари ижобий ҳал этилган. Мана шу рақамларнинг ўзи ҳам иш ҳажмининг кескин ортганини кўрсатиб турибди. “Tadbirkor” ахборот дастури ишга тушгач, жорий йилнинг июнь ойида май ойига нисбатан 4 баробар кўп буюртманома қабул қилинган.

    Демак, жамғарма молиявий ёрдамидан фойдаланган тадбиркорлар сони 4 баробар ортган. Айтиш керакки, пандемия сабаб тадбиркорларга яратилган имкониятлар қаторига яна бир енгиллик қўшилди. Карантин тадбирлари жорий этишгунига қадар мижозлар компенсация ёки кафилликнинг биридан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган бўлса, эндиликда бу тақиқ олиб ташланди. Тадбиркорлар бир вақтнинг ўзида икки йўналишда ёрдам олишлари мумкин. Демак, ушбу ахборот тизим Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилида амалга оширилган самарали лойиҳалардан бири сифатида бемалол эътироф этсак бўлади. Умид қиламизки, бу ютуқлар жамғарма фаолиятини такомиллаштиришдаги ишларнинг дебочаси ва мижозларга қулайлик яратишдаги кўрсатиладиган хизматлар янада ортиб боради.

    Соҳиба МУЛЛАЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates