Тадбиркор қўллаб-қувватланса, халқ ҳаёти янада фаровонлашади

    2019 йил сўнггида Хитойда пайдо бўлиб, бутун ер юзига тарқалган ва пандемия ҳолатини юзага келтирган коронавирус инфекцияси, афсуски, бизнинг мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади.

    Жорий йил март ойи ўрталаридан бошлаб республикада карантин ҳолатининг эълон қилиниши иқтисодиёт тармоқлари фаолиятига ўз таъсирини кўрсатмай қолмади. Тадбиркорларнинг кутилаётган натижа, фойда, даромад ва яна кўплаб лойиҳалари борасидаги режалари ўзгарди.

    Аксарият тадбиркорлар, улар қўлида ишловчиларнинг тушкунликка тушгани ҳам айни ҳақиқат. Бироқ Президентимиз томонидан пандемиянинг дастлабки кунларидаёқ, аниқроғи, шу йил 19 март куни «Коронавирус пандемияси ва глобал инқирозли ҳодисаларнинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармоннинг имзоланиши ва унга мувофиқ Молия вазирлиги ҳузурида Инқирозга қарши 10 триллион сўм ҳажмдаги жамғарманинг тузилиши иқтисодиёт тармоқларини жиддий зарар кўришдан, фаолияти жиддий издан чиқишидан асраб қолди.

    Таъкидлаш жоиз, юқоридаги муҳим ҳужжатга асосан, пандемия сабабли фаолиятини тўхтатган тадбиркорларга банклар орқали фоизсиз бюджет ссудалари ажратила бошланди. Ҳокимларга иқтисодий қийинчиликка дуч келган корхоналардан маҳаллий солиқларни ундиришни 6 ойгача кечиктириш ваколати берилди. Якка тартибдаги тадбиркорларнинг даромад солиғи, фермерларнинг сув солиғи 50 фоизга камайтирилди. Бунда маҳаллий бюджетдаги йўқотишлар республика бюджетидан қоплаб бериладиган бўлди.

    Кўриниб турибдики, ушбу фармон пандемия сабабли мамлакат ва унинг аҳолиси кўриши мумкин бўлган зарарларни камайтиришга, таъсирини юмшатишга хизмат қилмоқда. Шу тариқа тадбиркорларимизга ва фуқароларимизга жуда катта имкониятлар яратиб берилган бўлса, қўллаб-қувватлаш шу билан тўхтаб қолмади. Шу йил 3 апрель куни Президентимиз пандемия келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалаларини яна муҳокама этиб, инқирозга қарши чораларнинг иккинчи пакети қабул қилинишини таклиф қилди. 18 май куни ҳозирги пандемик даврда иқтисодий ўсиш ва инвестициявий фаолликни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш суръатларини тиклаш, аҳоли бандлигини ошириш, даромадларини кўпайтириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг навбатдаги пакети очилди.

    Хусусан, кичик тадбиркорлик субъектлари 2020 йилнинг 1 июнидан 1 сентябригача мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод этилди, улар мазкур солиқ турлари бўйича апрель ва май ойлари учун тўланиши лозим бўлган суммалар ва жорий йилнинг бошидан бошлаб ҳосил бўлган пеня ва жарималар суммаларини ҳисобдан чиқариш кўринишида давлат томонидан қўшимча қўллаб-қувватлаш тақдим этилди.

    Шунингдек, 1 майдан 1 июлгача бўлган даврда микрофирма ва кичик корхоналарга ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизгача камайтирилиши белгиланди. Тадбиркорларимизга ва фуқароларимиз турмуш даражасини ошириш билан боғлиқ кўплаб имкониятларни яна санашда давом этишимиз мумкин. Бундай қўллаб-қувватловлар эвазига тадбиркорлик субъектлари ҳисобида вужудга келадиган қўшимча маблағлар ўз навбатида ишлаб чиқаришни жонлантириш, ривожлантириш ва кенгайтириш имкониятларини яратади.

    Бу давлатимизнинг мавжуд вазиятдан чиқиш учун изланаётганидан ва иқтисодиётга фаол аралашаётганидан, халқимиз ва тадбиркорларимизни қўллаб-қувватлаш учун иқтисодий ресурслар етарли эканидан далолат беради. Биз бу имкониятлардан кенгроқ фойдаланишимиз, шу тариқа халқимиз ҳаётининг фаровонлашишига, иқтисодий инқироз ҳолатларини барвақт бартараф этишга ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим.

    Абдувоҳид АЗИМОВ,

    халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгаши депутати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates