Тадбиркорга кўмак — кўпроқ аҳоли бандлигини таъминлаш демак

    Жамоат ишлари жамғармаси тадбиркорга умумий қиймати 251,7 миллион сўмлик 57 дона тикув машинасини 3 кун муддатда ижара асосида етказиб берди.

    Маҳаллада бир нафар бўлса ҳам тадбиркорнинг бўлгани яхши. Ишбилармон киши бирор тармоқда ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш орқали ўз ҳудудидаги бошқа инсонлар бандлигини таъминлашга ҳам ҳисса қўшади. Қолаверса, ҳозир юртимизда тадбиркорларга берилаётган имконият ва имтиёзлар сабаб бу фаолият турининг миллий иқтисодиётимиз ривожи, ички ва ташқи савдо ҳажмларининг ошиши, аҳолини иш билан таъминлашдаги ўрни ортиб бормоқда.

    Айниқса, маҳаллий тадбиркорларимиз томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар хориж давлатларига экспорт қилиниб, миллий брендларимиз дунё бозорларидан жой эгаллаяпти. Мутасадди ташкилотлар, давлат идоралари эса юртдошларимизни тадбиркорликка рағбатлантириш, ҳар бир ишбилармонни қўллаб-қувватлаш, зарур кўмакни беришга бел боғлаган.

    Биргина Жамоат ишлари жамғармаси фаолияти мисолида оладиган бўлсак, у нафақат одамларнинг вақтинча бандлигини таъминлаш, балки ишсиз инсонларнинг ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиши, доимий даромад манбаини яратишига ҳам кўмаклашиб келяпти. Яъни жамғарма маблағлари ҳисобидан дастлабки ишни бошлаш учун зарур бўладиган мини техника, инвентарлар харид қилиниб, фоизсиз ижара асосида бериш йўлга қўйилган. Буларнинг ҳисобига тадбиркорлар томонидан янги қувватлаш ишга туширилиб, биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 1127 нафар ишсиз хотин-қиз ва ёшларнинг бандлиги таъминланди.

    “Озгина ёрдам ҳам катта куч беради”

    Сирдарёлик тадбиркор Баҳодир Синдоров ўтган йили Сайхунобод туманида “Lily Textile Sayxun” МЧЖ корҳонасига асос солди. Ўз маблағи ҳисобидан бино ва иншоотларни қуриб битказгач, иш фаолиятини бошлаш учун банк кредитларига эхтиёж сезади. Шунда Жамоат ишлари жамғармаси тадбиркорга умумий қиймати 251,7 миллион сўмлик 57 дона тикув машинасини 3 кун муддатда ижара асосида етказиб берди. Натижада корхона ишга тушиб, 90 нафар киши доимий иш ўрни билан таъминланди.

    — Ҳар қандай тадбиркор ишни бошлаган вақтда айрим камчиликлар бўлиши табиий. Шундай вақтда озгина ёрдам, қўллаб-қувватлов ҳам одамга катта куч беради. Ҳозир юртимизда ишбилармонлар ана шундай кўмакни ҳар қадамда ҳис қилаётгани ниҳоятда қувонарли, — дейди Баҳодир Синдоров. — Хусусан, Жамоат ишлари жамғармаси томонидан тадбиркорларга берилаётган кўмак бошқа инсонларни ҳам иш билан таъминлаш, уларни камбағаллик ва боқимандалик кайфиятидан чиқаришга хизмат қиляпти.

    Корхона асосан текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқаради. Жорий йилнинг январь—июнь ойи давомида умумий қиймати 230 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, харидорларга етказилди. Миллий бренд остида чиқарилаётган кийим-кечакларга хориж бозорида ҳам талаб юқори. Ҳатто, Россия давлати билан умумий қиймати 800 миллион сўмлик экспорт шартномаси имзоланган. Жорий йил 20 минг долларлик маҳсулот буюртмачиларга етказилди.

    Фарғона вилояти Бувайда туманида 2020 йили ташкил этилган “Бувайда сумкалари” хусусий корхона шаклидаги тикувчилик цехи ҳам 60 та тикув машинаси ажратилишида амалий ёрдам сўраб жамғармага мурожаат қилди. Аввалига лойиҳа билан танишиб чиқдик. Корхона фаолиятини 50 нафар ходим, 45 та ускуна билан бошлаган. Цехда ички ва ташки бозор талабига караб асосан аёллар сумкалари тикилар эди. Тадбиркор Зикрилло Усувалиевнинг мурожаати асосида Жамғарма томонидан умумий қиймати 329,2 миллион сўмлик 60 дона тикув машинаси ажратилди. Шундан сўнг ускуналар сони 105 тага етиб, 70 нафар қўшимча иш ўрни яратилди. Ишлаб чиқариш қуввати бир неча баробар ошди.

    Ҳозир корхонада 50 хилдан ортик сумкалар ишлаб чиқариляпти. Спорт сумкалари, харбий сумкалар, эркаклар учун махсус иш портфеллари хам тикиляпти. Жорий йилнинг январь—июнь ойларида 600 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Кирғизистон, Тожикистон давлатлари билан умумий қиймати 400 миллион сўмлик экспорт шартномаси имзоланган.

    Тадбиркор аёл 500 дан ортиқ иш ўрни яратди

    Бугун мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлиги ҳам ривожланиб боряпти. Маҳалла тизимидан то давлат идораларигача ишбилармонликка қизиқиши бор аёлларни қўллаб-қувватлаш, керак бўлса, уларни бирор йўналишга ўқитиб, сўнг иш бошлаши учун имтиёзли кредитлар ажратиляпти.

    Сайхунобод туманидаги “АG-ТЕХ” хусусий корхонаси рахбари Гулчеҳра Носирова илк иш бошлаган кезлари амалий кўмакка эҳтиёж сезади. Жамғармага мурожаат қилиб, 4 дона айланма тўқув трикотаж машинасини ижара асосида олиб берилишида амалий ёрдам сўрайди. Кўмак берилгач, тадбиркор ишни бошлаб, “Ёшлар дафтари”га киритилган 10 нафар ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларни доимий иш билан таъминлади.

    Тошкент вилояти Бўка туманида истиқомат қиладиган Саодатхон Тўхтабоевани кўпчилик яхшигина тадбиркор сифатида танийди. Аёл яқин йиллардан “Бўстон барака нур” МЧЖ тикувчилик корхонасига раҳбарлик қилади. Қанчадан-қанча хотин-қизларни шу соҳага ўқитиб, иш билан таъминлаб келяпти.

    Жамоат ишлари жамғармаси ҳам аёлни доим қўллаб-қувватлайди. Биргина шу йилнинг январь-май ойларида туманнинг “Бўстон” маҳалласида ташкил этилган цех фаолияти учун жамғарма маблағлари ҳисобидан 203 та замонавий тикув машинаси олиб берилди. Натижада тадбиркор 500 дан ортиқ маҳаллий аҳолини иш билан таъминлади.

    Ушбу хайрли иш “Човлисой” маҳалласида ҳам давом эттирилди. Саодат опа бу ерда “Дўстлик” номли тикувчилик корхонасини ишга туширди. Ўз ҳисобидан 19 та тўқув, жамғарма кўмагида 127 дона тикув машинасини қулай ижара шартлари асосида харид қилган аёл маҳалладаги “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз аҳоли учун 150 та янги иш ўрни яратди. Бунинг натижасида 120 та оиланинг камбағалликдан чиқишига эришилди.

    Тадбиркорнинг фаоллиги, қолаверса, юртимиздаги қулай инвестицион муҳит хорижлик инвесторларни ҳам ўзига жалб қилган. “Бўстон барака нур” МЧЖ Туркиялик инвестор Фотиҳ Кўчак билан бир неча йиллардан бери фаол ҳамкорлик қилмоқда. Инвестор шу вақтгача Саодатхон Тўхтаевага технолог сифатида кўмак бериб келган. Шу билан бирга, бошқа инвесторларни жалб қилиб, ўз ишини кенгайтириш, кластер ташкил этишга киришган.

    Корхона ва туркиялик инвестор ўртасида қиймати 3 миллиард долларлик инвестиция шартномаси ҳам имзоланган. Фотиҳ Кўчак Ўзбекистондаги ишбилармонлик муҳитини юксак баҳолайди. Шу боис, Бўка туманида жойлашган саноат зонасидан бўш турган чорвачилик фермаси биносини аукцион орқали харид қилди. Бу ерда тикувчилик фабрикасини ишга туширмоқчи. Бунинг учун хорижий давлатлардан замонавий тўқув дастгоҳлари, матога ранг беришнинг янги технологияларини олиб келиб, 2023 йилгача қўшимча инвеститиция киритишни режалаштирган.

    — Фаолиятимни бошлаганимга кўп бўлмаган бўлсада, Италия, Россия ва Қозоғистон давлати буюртмачилари билан 650 минг долларлик шартномалар имзолашга эришиб, маҳсулотлар экспортини йўлга қўйдим, — дейди Саодатхон Тўхтаева. — Бунда Жамоат ишлари жамғармасининг берган кўмаги беқиёс. Менга ишонч билдириб, ортиқча оворагарчиликларсиз 2 йил муддатга 10 фоизли ижара асосида тикув машиналари олиб беришди. Бу орқали корхоналарим сони кенгайиб, кўпроқ хотин-қизлар бандлиги таъминланганидан хурсандман. Чунки аёл ишлаб, оиласига даромад олиб кирса, кўнгли хотиржам, ҳаётида фаровонлик бўлади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Аёл бахтли бўлса — жамият бахтли бўлади”. Биз ана шу мақсадни ҳаётий шиоримизга айлантирганмиз. Бу йўлда жамғарма билан истиқболли ишларни давом эттириш ниятидамиз.

    Айтгандек, фаол, ғайратли тадбиркорни қўллаб-қувватлаш мақсадида Бўка тумани ҳокимининг ташаббуси билан “Алҳажар” маҳалласидаги бўш турган бино “Бўстон барака нур” МЧЖ балансига бепул топширилди. Бу орқали маҳалладаги ишсиз ва банд бўлмаган хотин-қизлар ва ёшларнинг доимий бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, энг асосийси, оилаларни камбағалликдан чиқаришга эришилмоқда.

    Салоҳиддин САМАДОВ,

    Жамоат ишлари жамғармаси

    ижро этувчи дирекцияси раҳбари

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 04.08.22, 157-сонида эълон қилинган)

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates