баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    Тадбиркорлик ривожи йўлида муҳим қадам

    Юртимизда тадбиркорлик ва ишбилармонлик соҳасига мутлақо янги муҳит, янги нафас ва янгича қарашлар кириб келяпти.

    Буюк Амир Темур бобомизнинг шундай гапи бор: “Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир”. Бу сўзлар бежиз айтилмаган, албатта. Зеро, тадбиркорлик жамиятимизни бундан-да тараққий эттиришнинг, фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам таянчидир.

    Шу сабабли сўнгги йилларда мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, айрим турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди, маъмурий тартиб-таомиллардан ўтиш муддатлари сезиларли равишда қисқартирилди.

    Ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар натижасида бугун ўз бизнесини йўлга қўйиб, ўзи, оиласи, маҳалла, эл-юрт фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган тадбиркорлар сафи тобора кенгаймоқда. Юртимиз аҳолиси ўртасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга қизиқиш тобора ортиб бораётир.

    Давлатимиз раҳбарининг “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони тадбиркорликни кенг қулоч ёйиши ва аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилиши муқаррар.

    Унга мувофиқ, 2021 йил 1 июндан бошлаб тадбиркорлик субъекти бўлган юридик шахсларга давлат хизматларидан фойдаланиш учун белгиланган йиғим ва давлат божи тўловларини тўлашда уларнинг вакили томонидан нақд пул шаклида тўловни амалга оширишга рухсат берилади.

    Давлат хизматлари марказлари орқали хизматлардан фойдаланишда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ортиқча тўланган тўловлар, шунингдек, давлат хизматини тезлаштирилган тартибда кўрсатиш учун қўшимча тўланган йиғимлар суммаси соддалаштирилган тартибда Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир иш куни ичида қайтарилади. Қайтариб берилган маблағлар эса Агентлик томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотларидан регресс тартибида ундириб олинади.

    Муҳим масалалардан яна бири, 2021 йил 1 июндан бошлаб давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан аҳолидан, жумладан, тадбиркорлик субъектларидан руҳий касалликлар ва наркология бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги, судланганлик, фуқаронинг номида шахсий уй-жой, солиқ қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақидаги фактларни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади.

    Шунингдек, шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси, шахснинг белгиланган шаклдаги фотосурати, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг маълумотномалари, меҳнат дафтарчалари ва уларнинг нусхалари, иш ҳақи ва иш стажини, олий ва ўрта махсус таълим муассасасида ўқиганликни тасдиқловчи архив маълумотномалари ҳамда кадастр ҳужжатлари ва уларнинг нусхалари талаб қилинмайди. Бунда, давлат органлари ва ташкилотлари жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда, ишга қабул қилиш жараёнида ва бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда мазкур бандда назарда тутилган ҳужжат ва маълумотларни ушбу фармонда белгиланган масъул давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда, шу жумладан “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олади.

    Мазкур ҳужжатга биноан, 2021 йил 1 июндан бошлаб Агентлик юридик шахсларни (нодавлат нотижорат ташкилотлари, банклар ва кредит бюроларидан ташқари) давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ягона ваколатли орган ҳисобланади. Эндиликда давлат органлари ва ташкилотлари, юридик шахслар бирлашмалари, боғдорчилик-узумчилик ширкатлари, матлубот, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги кооперативлари ҳамда адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилади.

    Жорий йил шу санадан бошлаб эса фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан давлат статистика органларига далолатнома ёзувларининг нусхаларини юбориш ва ҳисоботларни топшириш амалиёти бекор қилинади. Бунда, давлат статистика органлари “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимига ўзларининг электрон тизимларини интеграция қилган ҳолда ушбу маълумотларни реал вақт режимида олади ва статистик ҳисоботларни шакллантиради.

    Бир сўз билан айтганда, бугун юртимизда тадбиркорлик ва ишбилармонлик соҳасига мутлақо янги муҳит, янги нафас ва янгича қарашлар кириб келяпти. Мавжуд ғов ва тўсиқлар олиб ташланмоқда. Мазкур фармоннинг ижроси ҳам давлат хизматларини кўрсатишда бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилади.

    Одинахон  ОТАХОНОВА,

    Олий  Мажлис  Қонунчилик

    палатаси  депутати