Тадбиркорлик ва бизнес академияси ишбилармон ёшларни тайёрлайди

    Бизнес академиянинг Ўзбекистон Экспортчилари уюшмаси, Жаҳон савдо ташкилоти ҳамда “АлиБаба” компанияси билан ҳамкорлиги йўлга қўйилган бўлиб, улар юртимизда илк бор тузилган экспорт халқаси сифатида иш олиб боради.

    Фарғона вилояти қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва экспорт қилишда ўзига хос тажрибага эга. Айниқса, мева-сабзавот экспорти бўйича мазкур вилоят мамлакатимизда етакчи ўринни эгаллайди. Олтиариқ, Қува ва бошқа туманларда етиштирилаётган сархил меваю минг дардга даво сабзавотларга жаҳон бозорида ҳам талаб ортиб бормоқда.

    Бу борадаги самарадорликни янада ошириш, мазкур йўналишда экспортчи корхона ва тадбиркорларга кўмак бериш, уларнинг халқаро майдонга тўғридан-тўғри чиқишига кенг йўл очиш мақсадида Ўзбекистон Экспортчилари уюшмаси ташаббуси билан Фарғона шаҳрида илк Тадбиркорлик ва бизнес академияси ташкил этилди. “Тадбиркорлар уйи”да иш бошлаган Академиянинг тантанали очилиш маросимида иштирок этган меҳмонлар ушбу замонавий маскан ёш ишбилармонларга экспорт борасида зарур илм бериш, рақамли иқтисодиётнинг мазмун-моҳиятини ўргатиш ҳамда ўзбек маҳсулотларини жаҳон бозорига олиб чиқишни янада фаоллаштиришга хизмат қилишини таъкидлади.

    — Академияда савдо ҳуқуқи, логистика, маркетинг, рақамли тижорат, менежмент, молиявий ҳисобот, брокерлик курслари мавжуд бўлиб, уларда тадбиркорликка қизиқиши бўлган 16 ёшдан юқори барча ўғил-қизлар таҳсил олиши мумкин, — деди Ўзбекистон Экспортчилари уюшмаси раиси Мухторжон Умаров. — Бу ерда кенг қамровли курслар рўйхати ва танлов имконияти мавжуд. Ёш ва бўлажак тадбиркорларнинг экспорт бўйича билим ва тушунча олишлари учун барча имкониятлар яратилади. Ўқув дастури жаҳон тажрибаси асосида ишлаб чиқилиб, энг замонавий тизим орқали ўргатилади.

    Академияда дарслар ҳафтада 6 кун, икки сменада 4 соатдан давом этади. Шинам ва замонавий дизайнга эга ўқув хоналари планшет, электрон доска, китоблар, онлайн савдога мўлжалланган компьютер ва бошқа ахборот технологиялари билан тўлиқ таъминланган. Ўқиш давомийлиги уч ой бўлиб, бу вақтда тингловчиларга халқаро савдо ташкилотининг махсус курсларида тайёрланиб, сертификатга эга бўлган маҳаллий ва хорижлик ўқитувчилар дарс беради. Битирувчилар жаҳон электрон платформасида тан олинган халқаро сертификатга эга бўлади. Ўқишни тамомлаган ёшлар йирик экспортёр корхоналар буюртмаси асосида ёки Академиянинг ҳамкор ташкилотлари томонидан муносиб иш билан таъминланади.

    Ўзбекистондаги биринчи экспорт халқаси

    Бизнес академиянинг Ўзбекистон Экспортчилари уюшмаси, Жаҳон савдо ташкилоти ҳамда “АлиБаба” компанияси билан ҳамкорлиги йўлга қўйилган бўлиб, улар юртимизда илк бор тузилган экспорт халқаси сифатида иш олиб боради. Унга кўра, Жахон савдо ташкилоти академия тингловчиларини халқаро стандартлар асосида тайёрлайди, Бизнес академия халқа иштирокчиларини ўқитади, “АлиБаба” компанияси ўқувчиларга тажриба учун ўз платформасини очиб беради, Ўзбекистон Экспортчилари уюшмаси эса уларни иш билан таьминлаб, бутун экспорт халқаси ишлашини назорат қилади.

    — Юқоридаги халқаро ташкилотлар билан имзоланган келишувга асосан, Академия ўқувчилари илк кунданоқ Хитойнинг гигант онлайн тижорат компанияси — “Алибаба”да иш бошлайди, — деди Мухторжон Умаров. — Улар экспортёр компанияларга боғлаб берилади ҳамда Уюшма ёрдамида жаҳон электрон савдо тизимига уланади. Ўқувчилар ҳар бир амалга оширган электрон тижорий иши учун 1 фоиздан 5 фоизгача хақ олиб, сотилаётган маҳсулотидан иқтисодий манфаатдор бўлади. Бу орқали биз уларнинг бандлигини таъминланиб, даромад манбаи топишига кўмаклашган бўламиз.

    Ҳозирда Бизнес академиянинг маркетинг, ходимлар бошқаруви ҳамда буғалтерия курсларига қабул эълон қилинган бўлиб, ўқиш 20 ноябрдан бошланиши кўзда тутилган. Дарслар ўзбек ва инглиз тилида, онлайн ёки оффлайн кўринишда ўтилади. Келгусида мазкур Тадбиркорлик ва бизнес академияси филиалларини барча вилоятларда очиш ва бу орқали ёшлар ишбилармонлигини ривожлантириш, уларда халқаро савдо малакасини шакллантириш мақсад қилинган.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates