Такрорий пахта етиштириш технологияси бўйича синов даласида гектарига 30 центнергача ҳосил олинди

    Мамлакатимизда ҳар йили бир миллион гектардан ортиқ майдонда ғалла етиштирилади. Одатда ҳосил йиғиб олингандан кейин унинг ўрнига такрорий экинлар, яъни  мош, ловия, маккажўхори, жўхори, картошка, каби 30 дан ортиқ экинлар экилади.

    Улардан олинаётган ҳосил дастурхонимизни тўкин бўлишига, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлашга, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга катта ҳисса қўшиб келяпти.

    Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти олимлари шу йил ёзида янги тажрибани синаб кўришга киришди. Институтнинг ўсишни созловчи регуляторлар лабораторияси ходимлари томонидан Тошкент вилояти, Қибрай туманидаги тажриба даласидаги майдонга такрорий экин сифатида пахта экилди.

    — Маълумки, мамлакатимизда юзага келган тажрибага кўра, эртаги ғалла ва бошқа экинлар май ойи охирлари ва июнь ойи бошига келиб йиғиштириб олинади, — дейди лаборотория мудири, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, професссор Шуҳрат Абдуалимов. — Биз ҳам бир-бирига туташ бўлган беш гектарлик икки пайкални 1 июнгача шудгорладик. Ерни экишга тайёрлашда гектар бошига 200 килограмм аммофос фосфорли минерал ва 115 килограммдан калий хлорид ўғитлари солинди, дискали механизмлар билан бороналаш ва молалаш ишлари ўтказилди. Уруғлик чигитни экиш олдидан “Ўзбиогумин” стимулятори билан меъёрида ишлов берилди ва 2-3 июнь кунлари чигит экилди. Бунинг натижасида ниҳолларнинг униб чиқиши 10-15 фоиз тезлашди. ва бир ҳафта ичида текис соғлом кўчатлар ундириб олинди. Чигит экилгандан кейин ОВХ пуркаш мосламаси ёрдамида “Стомп” гербициди сепилиши туфайли пайкалларда бегона ўтлар ўсишининг олди олинди. Ниҳоллар яганалаш ишлари 12 июнь куни ўтказилиб, ғўза вегетацияси даврида 3 марта чопиқ қилинди ва қатор ораларига 4 марта ишлов берилди.

    Лаборатория олимларининг инновацион технологияни қўллашдан пировард мақсади такрорий экилган ғўзаларни ўсиш ва ривожланишини тезлаштириш орқали юқори ҳосил етиштиришга эришишга қаратилган эди. Бунда маҳаллий ва хорижда ишлаб чиқарилган органик асосли стимуляторлардан фойдаланиш қўл келди. Юртимизда ишлаб чиқарилган “Ўзбиогумин” стимулятори ва туркиялик ҳамкорларларнинг препаратларини ғўзанинг 5-6 та барг чиқарган, яъни шоналаш ва гуллаш даврларида қўллаш усули ҳам синовдан ўтказилди.

    — Ғўзанинг шоналаш даврида “Foral BMO” ва “Eckosil” препаратининг қўлланилиши унинг гуллаш жараёнини тезлаштирган бўлса, гуллар сонини ошириш учун “Geophos” қўшиб ишлатилиши яхши самара берди, — дейди лаборотория етакчи ходими, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Файзулла Абдуллаев. — Кўсакларнинг шаклланиш ва ҳосил тугиш даврида ҳам ана шу гуминли стимуляторлар, шу жумладан, “Brentax KCA” билан ишлов берилиши пахта ҳосилдорлигини оширишнинг юқори самарадор технологияси эканлигини амалда на бир карра кўрсатди. Уларни мақбул меъёр ва муддатларда наинки пахтачиликда, балки бошқа экинларнинг униб чиқиши, ўсишини жадалаштириш, ниҳолларни касалликлардан ишончли ҳимоя қилишда қўлланилиши яхши самара беради

    Қизиғи шундаки, мазкур стимуляторлар билан бир қаторда 100 дан кўпроқ бирикмаларни ғўзанинг ўзидан олиш мумкин. Таркибида қарийб 20 хил органик кислоталар бўлган ғўза баргларидан энг қимматли ҳисобланган лимон ва олма кислоталарини ҳосил қилиш ҳам шулар сирасига киради. Бунинг учун пахтани қайта ишлаш заводларида хомашёни тозалаш жараёнида чиқитга чиққан “хазон”лардан фойдаланилади. Гумин асосли стимуляторлар сувда осон ва тез эрийдиган мураккаб таркибли оксидланган амидлардан ташкил топган ва самарадор хусусиятга эгалиги билан ажралиб туради.

    Тажриба-синов даласидаги ғўзалардаги очилган чаноқ ва кўсакларни санаймиз. Ҳар бирида ўртача 12-14 та, айримларида ундан ҳам кўпроқ. Демак, ҳосилдорлик камида 25-30 центнерни ташкил этяпти. Уларнинг аксарияти 18-20 октябрга келиб табиий равишда тўлиқ очилган. Далаларга ўзбек пахтачилигининг тезпишар турлари сифатида танилган янги яратилган С-8295, С-7318, С-7519, С-6580 навлари экилган.

    — Такрорий пахта етиштириш технологияси камхаражат, агар 20 центнердан ҳосил олинганда ҳам 20 миллион сўм даромад келтиради, — дейди Шуҳрат Абдуалимов, — Тола сифати ҳам юқори бўлиши кутиляпти. Келгуси йилдан бошлаб, барча вилоятлар, айниқса, жанубий ҳудудлардаги фермер хўжаликлари ва кластерлар масъулларига бу тажрибамизни синов-кўргазма тариқасида кўрсатиб, улар билан янги тажрибани жорий этиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўймоқчимиз. Яқин истиқболда мамлакатимизда ғалла ва бошқа экинлардан бўшаган майдонларнинг муайян қисмида мазкур технологияни татбиқ этиш имконияти бор. Бу орқали ўрта ҳисобда 800-900 минг тонна қўшимча пахта хомашёси етиштириш мумкин.

    Албатта, бу синов даласида ўтказилган янги тажрибанинг дастлабки хулосалари. Қолаверса, мамлакатимизда тўқимачилк саноатининг жадал ривожланиши туфайли пахта хомашёсига эҳтиёж тобора ортиб боряпти. Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларнинг ўзида пахтани қайта ишлашга қаратилган 350 га яқин йирик фабрика ишга туширилди. Беш йил аввал юртимизда етиштирилган пахта толасининг атиги 40 фоизи қайта ишланган бўлса, бугунги кунда 100 фоиз ўзимизда қайта ишланмоқда. Таҳлилларга кўра, ҳозирнинг ўзида 300 минг тонна тола етмаяпти. Келгуси беш йилда бу эҳтиёж яна 600 минг тоннага ошади. Шундан 300 минг тоннаси сунъий тола бўлса, яна камида 300 минг тонна пахта толаси зарур.бўлади.

    Давлатииз раҳбарининг шу йил 28 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги топшириғига биноан, мазкур эҳтиёжни илм ва янги технологияларга асосланган ҳолда, пахта ҳосилдорлигини ошириш бўйича янги тизимни жорий қилиш орқали қоплаш ишлари бошлаб юборилган. Назаримизда, бу жараённи амалга оширишда Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан синовдан ўтказилаётган такрорий пахта етиштириш каби янги тажрибаларни қўллаш ҳам фойдадан холи бўлмайди.

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

    иқтисодий шарҳловчи

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates