Қайд этилишича, 2024 йилда олий таълим муассасалари талабалари иштирокида 761 та жиноят содир этилган бўлса, 2025 йилнинг 6 ойи давомида 102 та олий таълим муассасасининг 307 та талабаси томонидан жиноят содир этилгани бу масалага жиддий эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, жиноятларнинг асосий қисмини йўл-транспорт ҳодисалари, ўғрилик, тан жароҳати етказиш, безорилик, фирибгарлик каби жиноятлари ташкил этган.
Ҳудудлар кесимида жиноятларнинг аксарияти Тошкент шаҳри, Тошкент, Бухоро, Наманган, Андижон, Самарқанд, Фарғона, Сурхондарё вилоятларига тўғри келади.
Олий таълим муассасалари кесимида эса жиноятларнинг кўпчилик қисми Тошкент давлат транспорт университети, Ўзбекистон миллий университети, Тошкент давлат техника университети, Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳиссасига тўғри келади.
Айрим олий таълим муассасаларида таълим жараёнини мунтазам назорат қилиш, талабаларнинг дарс машғулотларига қатнашини етарли даражада мониторинг қилинмаганлиги оқибатида талабалар томонидан дарс вақтида, яъни соат 08:00 дан 16:00 гача бўлган давр мобайнида жиноятлар содир этилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 сентябрдаги «Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 563-сонли қарорида тюторларни бириктириш тартиби белгиланган бўлсада, айрим олий таълим муассасалари томонидан ушбу талабга риоя қилинмаган.
Талабаларнинг ётоқхоналарга кириб-чиқиши, яшаши ҳамда тунги вақтда бўлиши устидан назорат етарли даражада эмас.
Бундан ташқари, сўнгги йилларда олий таълим соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганига қарамай, соҳада фаолият юритаётган шахсларга нисбатан коррупция ҳолатлари бўйича қатор жиноят ишлари қўзғатилган.
Бу эса, аҳолининг ҳақли эътирозлари кўпайишига, адолатсизликлар юзасидан фуқароларнинг шикоятлари сони кескин ортишига сабаб бўлаётганлиги сенаторлар томонидан танқид қилинди.









