Талабалар турар жойлари кўркам ва шинам масканга айланади

    Университет компусида талабалар учун тун-кун хизмат қиладиган таркибий тузилмалар мавжуд бўлади.

    Тошкент давлат транспорт университетига республика Транспорт прокурори Маъруфхон Ходжаев бориб, университет ректори Одил Абдурахманов ҳамроҳлигида талабалар шаҳарчасидаги шарт-шароитлар билан танишди.

    Университет ректори ва Транспорт прокурори самимий суҳбатида келгусида талабалар турар жойлари кўркам ва шинам масканга айланишига катта эътибор қаратилиши билдирилди.

    1. Социал ҳудудлар ва уларнинг техник таъминоти

    Ҳамма замонларда ҳам таълим ётоқхоналарида социал ҳудудлар — маданий дам олиш хонаси, ошхона, кир ювиш ва қуритиш каби хоналар мавжуд бўлган. Университет ректорининг фикрига кўра, ётоқхоналарда социал ҳудудлар шинам ва ҳар томонлама талабалар учун қулай бўлишига катта эътибор қаратилмоқда. Суҳбат давомида маиший техника билан нафақат таъминланиши, талабалар эҳтиёжидан келиб чиқиб маиший техника ҳаридига буюртма бериш масалаларига урғу берилди. “Қизларимизнинг орасталиги сабаб дастлаб талаба-қизлар ётоқхонасига катта эътибор қаратишимизга тўғри келди”, — деди университет ректори.

    1. Талаба университет ҳудудида ўз уйидай яшаши ва таълим олиши шарт

    — Университет ташкил этилган кундан буён талабанинг эркинлиги ва масъулиятига катта эътибор қаратилди. Шу эркинлик ва масъулият талабалар турар жойларида ҳам бўлиши зарур. 21:00 дан кейин, ётоқхона эшикларини беркитиб қўйиб, уларнинг эркинликларини чекламаслигимиз керак, — деди университет ректори. — Келгусида университет компусида талабалар учун тун-кун хизмат қиладиган таркибий тузилмалар мавжуд бўлади. Масалан, университет кутубхонаси, ошхонаси ва тиббий хизмат кабилар. Талабалар университет компусидан чиқиб кетмаган ҳолда мавжуд хизматлардан фойдаланиш имкониятларини яратамиз. Талаба ўзини уйдагидай ҳис қилсагина, университетни асрайди. Уйдаги шароит туфайли талабаларимиз илмга, таълим олишга рағбат топган. Университет ётоқхоналарида уй муҳитини яратишимиз шарт.

    1. Талабалар турар жойларида кам таъминланган талаба бўлмаслиги чораларини қидираяпмиз

    Бугун университет ётоқхоналарида 61 нафардан зиёд кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари яшаб, таълим олмоқдалар. Янги ўқув йилидан ушбу талабаларни университетнинг бўш ва талабалар бажара оладиган иш жойларига жойлаштириш ниятим бор, дейди университет ректори. Университетда янги иш ўринларини яратиш бўйича қатор чоралари кўрилаяпти.

    Транспорт прокурори ва университет ректорининг дўстона мулоқотидан ва икки раҳбарнинг ётоқхона талабалари билан бўлган суҳбатидан янги ўқув йилидан талабаларни қатор қулайлик ва шароитлар кутаётганини англадик. Университет компуси ичида ТТЖларни зарур кундалик маҳсулотлар ва ўқув қуроллари билан таъминлаш, таълим, маданий ва спорт тадбирлари билан талабаларнинг ривожланишига ҳисса қўшиш, текин интернет масалалари ҳам муҳокамадан четда қолмади. Энг муҳими бўлаётган ўзгаришларни аввалом бор талабалар ҳис қилиши ва қўллаб-қувватлашлари зарурлиги таъкидланди.

    Республика Транспорт прокуратураси раҳбарияти ва ходимлари иш ҳақларидан ажратилган маблағ эвазига олинган маиший техника анжомлари талаба-қизлар турар жойига совға қилдилар. Республика Транспорт прокурори Маъруфхон Ходжаев ҳар доим иқтидорли ва ватанимиз истиқболи учун билим олаётган ёшларни қўллаб-қувватлашга прокуратура ходимлари тайёр эканлигини билдирди.

    Тошкент давлат транспорт университети ахборот хизмати