Талабалар юртимиздаги энг ёш газета фаолияти билан танишди

    Ижтимоий ҳаёт 7 апрел 2021 1132

    Бугун ижтимоий тармоқ ривожланган, ахборот оқими тезлашган паллада матбуотлар бироз инқироз ёқасига келиб қолди, деган гаплар кунда-кунора қулоққа чалинади.

    Лекин шундай даврда Ўзбекистон матбуотида яна бир нашр дунё юзини кўрди. Ривожланаётган, учинчи ренессанс пойдевори яратилаётган Янги Ўзбекистонда Президентимиз ташаббуси билан 2020 йил бошида «Янги Ўзбекистон» газетаси ташкил этилди. Қарийб 80 минг нусхада чоп этилаётган ушбу газета ҳозирда ўз муштарийларига эга бўлиб, газетхонлар қўлида қўлма-қўл бўлмоқда.

    Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Сиртқи бўлим Босма ОАВ журналистикаси йўналиши 3-курс талабалари Вазирлар Маҳкамасининг «Янги Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталари таҳририятида бўлиб ижодий жараёнлар билан танишдилар.

    Таҳририят бош муҳаррири Салим Дониёров қизғин ва мароқли суҳбатда ёш журналистларни кўп китоб ўқиши, доимо изланишда бўлиши ва ўз устида тинимсиз ишлаши кераклигини таъкидлади.

    Талабалар таҳририятда газета тайёрланиш жараёни, мақолалар таҳрири, вилоят мухбирлари билан ишлаш каби таҳририятнинг тизимли иш ташкил этиш жараёнлари билан танишдилар.

    Шоҳсултон Тўхтаматов,

    ЎзЖОКУ талабаси.