Учрашувда қайд этилган фикрлар ва амалий чора-тадбирлар замирида республикамиз тараққиёти марказида ёшлар турганини яна бир бор тасдиқлади. Ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидори ва ташаббусларини рўёбга чиқариш учун яратилаётган имкониятлар эртанги кунга бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди.
Президентимизнинг “...Кейинги йилларда иқтисодиётимиз тез суръатлар билан ўсиб, барча соҳаларда имкониятларимиз ортиб бораётганида, ҳеч шубҳасиз, сиз ёшларнинг ҳам муносиб ҳиссангиз бор. Билагида куч-ғайрат, ҳар бир ҳаракатида азму шижоат жўш урган йигитларимизни, билим ва одобда, ақл-заковатда тенгсиз қизларимизни кўриб, ҳар қандай халқ, ҳар қандай давлат бизга ҳавас қилса арзийди”, деган таъкидида ҳар бир ёшга нисбатан билдирилган эътироф ва ишонч ярқ этиб кўзга ташланади. Чунки ёшлар — бугунги тараққиётнинг, эртанги муваффақиятнинг асосий таянчи.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, мамлакатимизда янги ислоҳотлар бошланган илк кунларданоқ “илм – тарбия – инновация” занжирини яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу уч муҳим йўналиш бир бирига боғлиқ ва изчилликда амалга оширилаётгани аниқ натижа бермоқда. Ёшларимиз дунёдаги нуфузли олийгоҳларда таълим олишда жиддий ютуқларга эришмоқда. Жумладан, бугунги кунда 30 нафар йигит-қизлар ТОП-10, 500 нафари ТОП-100 ва 1500 нафардан ортиғи ТОП-300 талик олийгоҳларда таҳсил олмоқда. Бу тарихий ўзгаришлар нафақат шахсий муваффақият, балки мамлакат интеллектуал салоҳиятининг юксалиб бораётганидан дарак беради. Шунингдек, “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш каби ташаббуслар таълим соҳасидаги миллий дастурлар самарасини кўрсатиб турибди. “Таълим – келажак сармояси” ҳозирги реал ислоҳотлар манбаига айланди.
Иқтисодиётимиз ривожида ёш тадбиркорларнинг ўрни тобора ортиб бораётир. “Ёшлар бизнеси”, “Келажакка қадам” ва “Менинг касбим” каби дастурлар навқирон авлод вакилларини иш билан таъминлаш, уларга ўз иқтидорини намоён қилиш имконини берди десак муболаға бўлмайди. Бунда тадбиркорликнинг ижтимоий функцияси — ёшларга йўл кўрсатиш, устозлик қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Чиндан ҳам, охирги йилларда таълим, фан, спорт, маданият, инновация ва тадбиркорлик соҳаларида ёшларнинг фаол иштироки мамлакатимиз тараққиётининг асосий омили бўлиб хизмат қилмоқда. Айниқса, Президентимизнинг “Биринчи ва Иккинчи Ренессансни буюк аллома ва мутафаккирларимиз яратган бўлса, бугун тарих навбатни сизларга бермоқда", деган юксак эътирофи катта маънавий ва мафкуравий юкка эга. “Сизлар янги тарих яратадиган олтин авлодсиз”, деган ишонч эса ҳар бир ёшга алоҳида куч-ғайрат ва илҳом бағишлайди. Бу сўзлар эътирофгина эмас, шу билан бирга ҳаракатга, изланишга, юксалишга даъватдир.
Бугунги дунё мураккаб, зиддиятли ва хавф-хатарларга тўла. Ана шундай вазиятда тинчлик, инсон қадри ва адолат ҳар қандай жамиятнинг энг олий қадрияти сифатида янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳар қандай давлатнинг келажаги ёш авлоднинг билимли, салоҳиятли ва рақобатбардош бўлишига боғлиқ. Шу маънода, Ўзбекистонда сифатли таълим олиш, хорижий тилларни ўрганиш, замонавий касб ва ҳунарларни эгаллаш учун мактаб ва коллежларда таълим стандартлари янгиланаётгани, олий таълим тизими дунё тажрибасига уйғун равишда фаолият юритаётгани, халқаро таълим дастурлари тобора кенгаяётгани эътиборга молик.
Энг муҳими, ёшларнинг ҳаётда муносиб ўрин топиши учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Бу уларни нафақат ўқитиш, мустақил фикрлайдиган, жамиятда ўз ўрнига эга бўлган шахслар сифатида ҳам камол топтириш демак. Таълим олиш, касб эгаллаш, тил ўрганиш, доимий ривожланиш бугунги ёшлар учун фақат танлов эмас, балки ижтимоий заруратдир.
Илм ва иқтисодиёт билан бир қаторда, ёшларнинг маънавий дунёқараши, маданий салоҳияти ва ижодий қобилиятига ҳам алоҳида эътибор бериляпти. “Ёш китобхон”, “Иқтидор ансамбли”, “Жадидлар изидан” каби танловлар, “Турон” театри фаолияти, 400 мингдан зиёд ўқувчини қамраб олган ижодий дастурлар бу соҳада ҳам туб бурилишлар бўлаётганидан далолат беради. Бундай ишлар ёшларни миллий ўзлик, тарих ва маданиятга эҳтиром, жамиятда фаол позиция эгаллашга ундайди. Ахборот маконида зарарли таъсирлардан асраш мақсадида Болалар контентини ривожлантириш марказининг ташкил этилиши бу йўналишдаги амалий қадамларнинг муҳим намунаси саналади.
Ўзбекистон БМТнинг “Ёшлар – 2030” стратегиясини амалга ошираётган етакчи давлатлар қаторига киргани, Ёшлар тараққиёт индексида эса энг тез ўсиш суръатига эга давлат сифатида қайд этилиши мазкур йўналишдаги ислоҳотларнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинганини тасдиқлайди.
Ёшлар куни муносабати билан Президентимиз томонидан юртимизнинг ташаббускор ёшлари қаторида Бухоро давлат педагогика институти биринчи босқич талабаси Рухшона Деҳқонова “Келажак бунёдкори” медали билан мукофотланди. Шу куни институтимизнинг жисмоний маданият факультети ҳудудида янгидан барпо этилган гандбол, волейбол, мини-футбол спорт майдончалари ҳамда реконструкция қилинган енгил атлетика югуриш йўлакчаси ёшларимиз ихтиёрига топширилди.
2024–2025 ўқув йили давомида 1000 дан ортиқ маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, давра суҳбатлари, “Йил талабаси”, “Талант шоу” “Маърифат майдони”, “Ислоҳотлар билимдони”, Талабалар театр студияси, “Зукко китобхон”, “Заковат” интеллектуал ўйинлари, “Китоб менинг дўстим” “Ректор кубоги”, “Беш ташаббус олимпиадаси”, “Талабалар лигаси” каби спорт мусобақалари ва танловлар ўтказилди.
Азму шижоат, соғлом дунёқараш, бахту иқбол нафақат ёшларнинг, шу билан бирга ота-она, устоз, мураббий ва бутун миллатнинг ютуғи сифатида баҳоланиши чуқур маънавий ва ижтимоий мазмунга эга. Зеро, юксак натижага эришган келажак авлод вакили ортида унга ишонган ва йўл кўрсатган ёши улуғларнинг меҳнати, дуоси ва машаққати бор.
Айниқса, шахсан давлат раҳбарининг илғор, ташаббускор ёшлар билан мулоқот қилиб, уларнинг таклиф ва ғояларини тинглаши, Ўзбекистонда ёшлар фақат ижрочи эмас, балки қарорлар қабул қилинишида иштирок этувчи фаол жамият аъзосига айланаётганини англатади. Бу эса “Ёшлар – мамлакат келажаги” деган ғоянинг амалий ифодасидир.
Президентимиз таъбири билан айтганда, бугун “тарих навбатни ёшларга бермоқда”. Бу сўзлар ортида улкан масъулият, катта имконият ва юксак ишонч ётади. Уларнинг билими, салоҳияти ва фидойилиги мамлакатимиз тараққиётида ҳал қилувчи кучга айланмоқда. Зотан, билим, меҳнат, ижод ва ташаббус билан ўз тақдирини ўзлари белгилаётган, жамиятдаги ислоҳотларнинг реал ижрочиси бўлаётган бугунги авлод янги Ўзбекистон пойдеворини қурувчи ҳақиқий бунёдкорлардир.
Баҳодир МАЪМУРОВ,
педагогика фанлари доктори,
профессор
Ҳамкорлик материали