– ННТ томонидан аёлларни реабилитация қилиш марказлари халқаро стандартлар асосида иш олиб боряпти, – деди Т.Нарбаева. – Биз хотин-қизларга ижтимоий ёрдам беришда уларнинг тажрибасидан ҳам фойдаланишимиз керак. Шунингдек, мазкур йўналишда кадрлар салоҳияти масаласи ҳам муҳим. Кимлар аёлларни реабилитация қиляпти? Кимлар аёлларга психолигик, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам беряпти? Бу борада ҳам етарлича муаммолар бор.
Бундан ташқари, бугунги кунда ёрдамга муҳтож аёлларга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳимоя ордери бериляпти. Лекин ўша аёли бир ойдан сўнг яна зўравон эри билан ҳаётини давом эттиради. Яна бошқатдан аввалги салбий ҳолатлар бошланади.
Шунинг учун биз биринчи навбатда бу тоифадаги аёлларни тўлиқ нормал ҳаётга қайтариш чораларини кўришимиз керак. Уларни «Аёллар дафтари»га киритиб, уй-жой масаласи, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш чорасини кўриш лозим. Бу ҳам инсон ҳуқуқи, аёл ҳуқуқи. Аёлига зўравонлик қилаётган шахсларга нисбатан кўрилаётган чоралар етарли эмас. Гарчанд улар қонунчилигимизда белгиланган бўлишига қарамай. Шундай бўлса ҳам бу бўйича ишларни тизимли назоратга олиш керак.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати.