Таъқиқланди, аммо давом этяпти

    Фикр 27 октябр 2021 2791

    Бугунги глобаллашув даврида ҳар қандай соҳани таҳлил қилиш ва тегишли хулосалар чиқариш учун бевосита статистик рақамларга мурожаат қилиш ўринли.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил март ойидаги «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонининг 4-бандига асосан, 2021 йил 1 июндан бошлаб, давлат органлари ва ташкилотларига 18 турдаги маълумот ва ҳужжатларни фуқаронинг ўзидан бевосита талаб қилиш расман бекор қилинган эди.

    Булар қандай ҳужжатлар?

    Идоралар ва ташкилотларга юмушлар билан борилганда руҳий касалликлар ва наркология бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги, судланмаганлик (ёки судланганлик), манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш, фуқароларнинг номида шахсий уй-жойи борлиги ёки йўқлиги, фуқаро турар жойининг майдони, солиқ қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги, солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилганлиги, пенсия ва нафақа миқдори, пенсия ва нафақа олувчилар рўйхатида мавжуд ёки мавжуд эмаслиги, никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги ёки никоҳдан ажралганлиги, шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси, шахснинг белгиланган шаклдаги фотосурати, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг маълумотномаларини бевосита талаб қилиш ҳамда меҳнат дафтарчалари ва уларнинг нусхалари, иш ҳақи ва иш стажини тасдиқловчи, олий ва ўрта махсус таълим муассасасида ўқиганликни тасдиқловчи архив маълумотномалар, кадастр ҳужжатлари ва уларнинг нусхаларини аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан талаб қилиб олиш тартиби бекор қилинган.

    Бироқ бу тартиб деярли барча ташкилот ва идораларда ўз амалий ифодасини топгани йўқ. Бир сўз билан айтганда, қўйилган талаб деярли «ишламаяпти».

    Қонун бузилиш ҳолатларини қандай исботлаш мумкин?

    Биргина Фарғона вилояти мисолида оладиган бўлсак, 2021 йилнинг сентябрь-октябрь ойлари давомида вилоятдаги Давлат хизматлари марказлари томонидан аҳолига 13 минг 913 та шу турдаги маълумотлар ва ҳужжатларни бериш юзасидан давлат хизматлари кўрсатилган. Бу эса айни дамларда ҳам ташкилот, корхона ва идоралар вакиллари фуқароларнинг ўзидан бевосита ана шу 18 турдаги ҳужжат ва маълумотномаларни талаб қилаётганидан далолат. Буни эса очиқдан очиқ қонун талабларини бажармаслик дейиш мумкин. Аниқ таҳлилларга ўтамиз:

    Давлат хизматлари марказларига келаётган фуқароларнинг айтишича, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари ушбу турдаги ҳужжат ва маълумотлар сўралган ташкилотларга тақдим этиш мақсадида марказларга мурожаат қилишга мажбур бўлган.

    Масалан, мурожаатларнинг мазмунига кўра, ушбу турдаги маълумотлар ва ҳужжатларни 1983 таси тиббиёт бирлашмаларига, 1435 таси ички ишлар органларига, 1143 таси мудофаа органларига, 912 таси маҳаллий ҳокимият органларига, 886 таси халқ таълими муассасаларига, 805 таси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тизимидаги муассасаларига, 699 таси хусусий фаолият кўрсатувчи нотариусларга, 337 таси Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлимларига, 586 таси бандлик ва меҳнат муносабатлари органларига, 538 таси элчихоналарга, 442 таси солиқ органларига, 234 таси олий ва ўрта махсус таълим муассасаларига, 226 таси Ёшлар ишлари агентлиги бўлимларига, 226 таси тижорат банкларга, 203 таси қурилиш органларига, 145 таси Кадастр агентлиги ҳудудий бошқармасига, 82 таси мактабгача таълим муассасаларига ва 3 031 таси бошқа микрокредит ва хусусий ташкилотларга тақдим этишга зарурият бўлганлигини баён қилган.

    Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 23 мартдаги ПФ-6191-сонли «Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонга мувофиқ, ушбу маълумотлар ва ҳужжатлар масъул давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда, «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олиниши белгиланган.

    Талаблар бажарилмаган тақдирда қонунан жавобгарлик белгиланганми?

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига асосан давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш ҳамда ушбу соҳадаги давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини назорат қилиш Давлат хизматлари агентлигининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

    Шунинг учун Фармонда кўрсатилган ҳужжат ёки маълумотларни аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан талаб қилинган ҳолат аниқланган тақдирда давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузиш деб ҳисобланиб, масъул шахслар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 2155-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилишлари керак.

    Бу каби салбий оқибатларга барҳам бериш мақсадида ушбу масала ДХА Фарғона вилоят бошқармаси раҳбарияти томонидан жорий йил 15 октябрда бўлиб ўтган Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашининг навбатдаги 36-сессиясига ҳам олиб чиқилди. Унда бугунги куннинг энг долзарб 9 та масалалари билан биргаликда бугунги кунда давлат хизматлари марказлари билан ҳамкорликда ишлаётган ташкилотларнинг интеграциялашуви, бу борада соҳада учраётган муаммолар ва таклифлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди. Маъруза давомида давлат хизматларини кўрсатишда ҳамкор ташкилотларда учраётган талай муаммоларга аниқ таклифлар билдирилиб, ечим йўллари кўрсатиб ўтилди. Давлат хизматлари кўрсатилиши ҳолати юзасидан фуқаролардан келиб тушадиган ариза ва шикоятларда кўтарилаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича депутатлик сўрови институтидан кенг фойдаланиш ва ҳар ойда бу борада амалга оширилаётган ишлар, тадбирларни мониторинг қилган ҳолда ўрганиб бориш, натижаларини маҳаллий Кенгашларнинг тегишли доимий комиссиялари йиғилишлари ҳамда Кенгаш сессияларида муҳокама этиб бориш таклифлари билдирилди.

    Шу билан биргаликда, Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси томонидан давлат органлари ва ташкилотларига Фармонда кўрсатилган ҳужжат ёки маълумотларни аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан талаб қилинган тақдирда маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш хатлари киритиляпти.

    Бундан ташқари, Давлат хизматлари марказларига юридик ва жисмоний шахсларга давлат хизматлари кўрсатиши чоғида ушбу турдаги маълумот ва ҳужжатларни талаб этган ташкилотларнинг рўйхати юритилиши ҳамда бошқармага «Махсус хабар» бериш вазифаси юкланган.

    Ҳаётга татбиқ этилаётган ҳар бир Қарор ва Фармонларда инсон ҳақ ҳуқуқлари, қадр қиммати ва уларга яратилажак шароит ва имкониятлар мужассам. Шундай экан, ана шу қонунчиликка халқ вакиллари сифатида ҳар бир идора ва ташкилот раҳбарлари ҳамда ходимлари тенг равишда амал қилишлари эртанги кунда фуқароларимизнинг оғирини енгил қилишларига яна бир қадам бўлади.

    Фарход Нугманов,

    ДХА Фарғона вилоят бошқармаси

    бўлим бошлиғи.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates