Тараққиёт ва салоҳият синергияси

    Навоий вилояти ҳақида сўз кетса, кўпинча унга навқирон, деган сифат қўшиб тилга олинади. Албатта, маъмурий бирлик сифатида вужудга келиши жиҳатдан бу таърифга тўла мос келади.

    Чунки, вилоят 1982 йилда ташкил этилган. Орадан олти йил ўтиб маъмурий бирлик сифатида тугатилиб, мустақиллик инояти ва ҳудуд халқи хоҳиш-иродаси ўлароқ, 1992 йил бошида қайта тикланди. Бир сўз билан айтганда, ҳазрат Мир Алишер Навоий номидаги воҳа мустақиллик фарзанди. Таъбир жоиз бўлса, айни кунга келиб, у инновация ва юқори технологиялар асосида ривож топаётган, дунёнинг энг етакчи компанияларини ҳам рақобатда ортда қолдираётган, маънавий-маърифий куч-қуввати жўш урган баркамол авлодлар юртига айланди.

    Табиийки, Навоий вилояти ҳокими Қобул ТУРСУНОВ билан суҳбатимиз ана шу мазмунда давом этишини кутган эдик. Лекин мулоқотимиз мозийни ёдга олиб, иш тутмакдан бошланди.

    — Бу ҳудудни ота-боболаримиз ибтидоий даврдан макон тутиб, минглаб йиллик тарихда Сармишсой дарасидаги қоятош суратлари, Учтут чақмоқтош шахталари, Работи Малик карвонсаройи ва сардобаси, Нуротанинг ноёб меъморий обидалари билан тараққиёт тамаддунида муносиб из қолдиришган. Воҳада не-не алломаю авлиёлар яшаб ўтган, улар номини ёд этиб, дунёнинг турли бурчакларидан одамлар зиёратга келишади. Шу боис у табаррук тарихга эга муаззам заминлар сафида муносиб ўринга эга, десак ҳеч бир янглишмаймиз.

    Президентимиз “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳарири билан суҳбатда “Бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган “Янги Ўзбекистон” ғояси замирида ана шундай улуғ аждодларимиз, умуман олганда, миллий тарихимизда Биринчи ва Иккинчи уйғониш даврларига асос солган аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари ва армонлари ҳам мужассам, десак, адашмаган бўламиз, ”деган фикрни илгари сурди.

    Ҳақиқатда ҳам, шундай. “Янги Ўзбекистон” ва “Учинчи Ренессанс” сўзлари ҳаётимизда ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб янграмоқда, халқимизни улуғ мақсадлар сари руҳлантирмоқда.

    Шу нуқтаи назардан қараганда, Ҳазрат мир Алишер Навоий номидаги вилоятнинг бугунги яратувчанлик кўламлари, бунёдкорлик шиддати, маданий-маърифий камолот йўлидаги жўшқин саъй-ҳарактлари ҳам буюк боболаримизнинг орзулари рўёбга чиқаётганини, Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек вазифаларни бажаришга сидқидилдан ва енг шимариб киришганини яққол кўрсатиб турибди.

    Ўзбекистон харитасига назар ташласангиз, вилоятнинг маъмурий ҳудуди худди порлаб турган маъшалага ўхшаб кетади. Бунда ҳам табиий бир ҳикмат мужассамдай туюлади. Негаки, Навоий вилояти мамлакатимиз иқтисодиётида ўзининг нодир ер ости ва усти бойликлари, улкан иқтисодий салоҳияти жиҳатдан беқиёс ўрин тутади. Бугунги кунга келиб ана шу ноёб бойликлар, уларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, умуман, ишлаб чиқаришда қўлланилаётган юқори технологиялар, амалга оширилаётган янги лойиҳалар қандай эзгу мақсадларга хизмат қиляпти?

    — Ҳақиқатан, Навоий вилоятида Мендельев жадвалидан жой олган барча маъданлар мавжуд. Шу боис ҳудудда кончилик, металлургия, кимё, энергетика, қурилиш материаллари барқарор ривожланган. Навоий кон-металлургия комбинати, “Навоийазот”, “Қизилқумцемент”, “Навоий иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамиятлари ва "Вaht-textile" МЧЖ каби йирик саноат қувватлари фаолият кўрсатади. Уларда йилига 65 триллион сўмликдан зиёд саноат маҳсулотлари тайёрлади.

    Бошқачароқ таърифласак, асосан саноат соҳаси драйвер ҳисобланиб, бу борада республикада ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг бешдан бир қисми айнан вилоятимиз ҳиссасига тўғри келади.

    Эришилаётган бундай ютуқлар билан қанчалик фахрланмайлик, саноатнинг вилоят марказига йиғилиб, барча туманларнинг фақатгина аграр соҳага ихтисослашиб қолганлиги уларда ўта ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни юзага келтирган эди. Хатирчи, Қизилтепа каби деҳқончиликда улкан мактаб яратган аҳоли яшайдиган туманлар узоқ йиллар субвенция ёрдамида йилни йилга улаб келарди. Чунки, уларда етиштириладиган пахта хомашёсидан бирламчи қайта ишловчи корхоналарда қўшимча қиймат яратилиб, уларда ҳам нари борса, 100-150 киши меҳнат қиларди. Бир сўз билан айтганда, пахтанинг ташвиши биздаю даромади тола билан четга чиқиб кетарди. Бу — бир, икки, ҳатто ўн йилнинг эмас, заминимизга илк чигит қадалгандан буён давом этиб келаётган ҳолат эди.

    Мамлакатимиз раҳбари Навоий вилоятига илк ташрифларидан бирида Қизилтепа туманидаги “Тошработ” маҳалласида бўлиб, пахтачиликда кластер усулини жорий этиш, ҳудудларда енгил саноатни ривожлантиришни аҳоли фаровонлиги ва даромадини оширишнинг устувор вазифаси сифатида белгилаб берди.

    Шу асосда “Baht-Tekstile” МЧЖ билан ҳамкорликда “Тoshrabot textile” корхонаси дунё етакчи компаниялари технологиялари билан жиҳозланиб, саккиз ойда ишга туширилди. Бу билан қишлоққа файз, қут-барака ҳам кирди. Боиси, мазкур фабрикада меҳнат қилаётган мингга яқин ёшлар 457 оиланинг вакиллари ҳисобланади. Бу шунча оилага қўшимча даромад кирди, дегани.

    Пахта эндиликда наинки Қизилтепа, балки бошқа ҳудудларда ҳам қўшимча қиймат яратиб, қишлоқларга ободлик, турмушда тўкинлик, фаровонлик имкониятлари эшигини очди. Хусусан, жорий йилда барча шаҳар ва туманларда 28 та тўқимачилик корхонаси ишга тушириб,
    5 минг 800 га яқин иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

    Яна бир муҳим жиҳат, инвестиция ва инновация, улар бир-бирига эш жараён ва ривожланишнинг қўш қаноти. Бунга, ўз навбатида, очиқ ва шаффоф инвестициявий муҳит, ҳуқуқий кафолат, мустаҳкам таянч ҳамда ишонч бўляпти. Мамлакатимизда бу борада олиб борилган туб ўзгаришлар Навоий вилоятида ҳам чет эл капитали оқимининг ошишига, ноанъанавий лойиҳаларнинг ишга туширилишига, маҳсулотлар экспортининг кўпайишига ҳамда янги иш ўринларини ташкил этилишига замин яратмоқда. Қиёслайдиган бўлсак,
    2017 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, вилоят бўйича хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар сони 55 тани ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб бу кўрсаткич 4,6 баробарга кўпайиб, 252 тага етганлиги унинг юқори салоҳиятидан далолат беради. Натижада, вилоятда 211 турдаги янги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди ва уларнинг аксарияти экспорт қилиняпти.

    Вилоятда инвестиция лойиҳаларини жорий этишда ҳам шундай ўсиш жараёнлари юз бермоқда. Масалан, 2018 йилда қиймати 622,7 миллиард сўмлик 402 та инвестиция лойиҳаси ишга тушурилиб, 3,4 мингта янги иш ўрни яратилган бўлса, жорий йилда қиймати 17,5 триллион сўмлик 1342 та инвестиция лойиҳаси ишга тушурилиб, 16,1 мингга яқин янги иш ўринлари яратилади. Лемак, бундан уч йил олдинга нисбатан бу борадаги кўрсаткич
    28 баробарга ошади.

    Мазкур лойиҳаларни соҳалар кесимида олганда, 274 таси саноат, 475 таси хизмат кўрсатиш, 593 таси қишлоқ хўжалигига тўғри келади.

    Истиқбол режалари янада кўламдор. Вилоятда яқин 5 йилда умумий қиймати 61 триллион сўм миқдоридаги 1632 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бунинг натижасида қарийб 8 триллион сўмлик ишлаб чиқариш қуввати барпо этилиб, 29,2 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар, 50,2 миллион долларлик экспорт имкониятлари ҳамда 226 миллиард сўмлик бюджетга тушум захиралари яратилиши кўзда тутилган.

    Улардан бири — Бирлашган Араб Амирликларининг “Abu Dhabi Future Energy Company - Masdar” компанияси томонидан 100 мегаватт қувватга эга қуёш фотоэлектр станциясини қуриш ишлари ниҳоясига етказилаётган бўлса, худди шу компания томонидан Томди тумани яқинида Марказий Осиёда энг йирик ҳисобланган 500 МВт шамол электр станцияси бунёд этилади. Нурота туманида қуввати 200 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши ҳам инновацион лойиҳалар сирасига киради.

    Шулар билан бирга, хом ашё ва технологик жараёнларни ўзаро боғлаган кимё технологик кластери негизида қиймати 1,7 млрд долларга тенг бўлган 3 та йирик лойиҳа амалга оширилди. Жумладан, йилига 660 минг тонна аммиак ва 577,5 минг тонна карбамид, йиллик қуввати 100 минг тонна поливинилхлорид (ПВХ) ишлаб чиқарувчи мажмуа қурилиб фойдаланишга топширилди. Мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида товар ишлаб чиқариш ҳажми 2016–2020 йилларда 3,1 баробар ортишига эришилди.

    Кейинги йилларда луғатимизга бошқа хорижий сўзлар қатори синергия атамаси ҳам кириб келди. Уни грекчадан ўзбекчага ўгирадиган бўлсак, ҳамкорлик, ўзаро муносабат, бирлашиш маъноларини билдиради. Иқтисодий соҳани, хусусан кичик бизнес ривожини ўзаро ҳамкорликсиз, тармоқлараро кооперациясиз тасаввур этиб бўлмайди. Шундай экан, бу борадаги синергия қандай жиҳатлари билан манфаатли ва самарали бўляпти?

    — 2019 йилда Президентимиз фармони билан Навоий вилояти инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришларни мужассам этган эркин иқтисодий зонага айлантирилиши ривожланишнинг янги ўзанларига асос солди. Натижада маҳсулот Учқудуқ ёки Томдининг олис овулида ёки Нурота тоғ тизмаларидаги қувватда ишлаб чиқарилишидан қатъи назар, агар у рақобатдош ва экспортбоп бўлса, индустриал ҳудудлар учун яратилган имтиёз ва рағбатлар берилди, қўллаб-қуватланди. Ана шундай имкониятларнинг яратилиши, улардан самаралари фойдаланиш туфайли вилоятда аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот, саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича республикада биринчи, асосий капиталга киритилган инвестициялар, қурилиш ишлари, кўрсатилган хизматлар ҳажми ва чакана савдо айланмаси бўйича иккинчи, маҳсулот ва хизматлар экспорти бўйича учинчи ўринга чиқди. Жумладан, бугунги кунда “Навоий” ЭИЗ ҳудудида жами 46 та корхона негизида 63 та лойиҳа амалга оширилди. Жорий йилнинг январ-июль ойларида улар томонидан жами 2008,4 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Бу маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 160,1фоизга, экспортнинг 253,5 фоизга ортганлигидан далолат беради.

    Айни давр ҳар бир соҳага дифференциал ёндашувни, синнергияни талаб этяпти. Шундан келиб чиққан ҳолда, вилоятдаги йирик корхоналар билан кичик бизнес субъектлари ўртасида кооперация алоқаларини ривожлантиришга катта эътибор қаратиляпти. Натижада тадбиркорлик субъектлари сони йил сайин ортиб, бугунги кунга келиб улар сони
    20371 тага етди. Бу 2016 йилга нисбатан қарийиб уч баробар, 2017 йилга нисбатан эса 2,6 баробарга кўп демакдир.

    Яна бир эътиборга молик рақам. Вилоятда фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларининг 76,2 фоизи охирги
    3 йилда ташкил этилган. Бу республикада ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича энг юқори поғонада турганимизни намоён этади.

    Бундан ташқари, вилоят маҳаллий бюджет маблағларининг режадан орттириб бажарилган қисмининг ҳудудлар ихтиёрига қолдирилиши йиллар давомида ўз ечимини кутаётган ижтимоий муаммоларнинг ижобий ҳал этилишига самарали ечим бўлди. Агар 2017 йилда маҳаллий бюджет ихтиёрида қолган эркин маблағлар бор-йўғи 11 миллиард сўм атрофида бўлса, кейинги уч йилда мазкур кўрсаткич салкам 1 триллион сўмга етиб, қарийб
    100 баробарга ошди. Бу аҳолини қийнаб келаётган кўп йиллик тўпланиб қолган муамоларнинг ижобий ҳал этилишида муҳим молиявий асос бўляпти.

    Бундан уч тўрт-йил муқаддам ижтимоий оғир муаммо дейилганда, авваломбор, аҳолини уй-жой билан таъминлашдаги қийинчиликлар тилга олинарди. Болалар боғчаси, мактаб, тиббиёт масканлари ҳам етишмас, мавжудларининг кўпчилиги таъмирталаб ёки аллақачон умрини ўтаб бўлган алфозда эди. Вилоятнинг бугунги кундаги ижтимоий йўналиши қандай мазмун-манзара касб этмоқда?

    Бугун республикамизни том маънода улкан қурилишлар майдонига қиёслаш мумкин. Кейинги йилларда бунёдкорликлар кўлами янада ошиб, Навоий вилоятида ҳам 2016-2021 йиллар давомида давлат дастурлари доирасида, ҳамда бюджет маблағлари ҳисобидан умумий қиймати
    3091,1 миллард сўм бўлган 526 та ижтимоий ва бошқа соҳа объектлари қурилиб фойдаланишга топширилди.

    Уй-жой таъминоти аҳоли фаровонлигининг муҳим мезонларидан бири ҳисобланади. Ўз бошпанасига эга кишининг эртанги кунга ишончи мустаҳкам бўлади. Вилоятимизда ҳам кейинги беш йилда 716 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, унинг кўлами 70 фоизга ошди. Мазкур қурилишларга давлат бюджети ва тадбиркорлик субъектларининг маблағлари йўналтирилиб, 11719 та хонадонли арзон ҳамда тижорат уй-жойларининг калити ўз соҳиблари ихтиёрига топширилди. Шу тариқа фуқароларимиз ватан ичра ўз “кичик ватан”ларига эга бўляпти.

    Мамлакатимиз раҳбари ўз лавозимига киришганининг илк кунлариданоқ келажак авлод тарбияси, таълимига алоҳида эътибор қаратиб келади. Мактабгача таълим тизими бутунлай издан чиққанлиги, ушбу даргоҳлар оналар ишга бориб келгунча болаларни сақловчи маскан бўлиб қолганлигини таъкидлаб, болалар қамровини замонавий боғчалар қуриш асосида ошириш вазифасини қўйган эди. Шу ўринда мисолларга мурожаат этсак, вилоятда 2017 йилда 132 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатиб, болаларнинг 34,1 фоизигина қамраб олинган эди. Айни кунларда бу кўрсаткич 78,3 фоизни ташкил этиб, йил якунига қадар уни
    95 фоиздан ошириш режалаштирилмоқда.

    Таълим ва тарбиянинг кейинги босқичи умумий ўрта таълимни ривожлантириш бўйича ҳам муайян ютуқларга эришдик. Чунончи, 2019-2020 ўқув йилида вилоятдаги 361 та мактабни 13044 нафар ўқувчи тамомлаб, уларнинг 4649 нафари (35,6 фоиз) олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинди. Бу республикадаги энг юқори кўрсаткич.

    Таълим соҳасидаги ютуқлар ҳақида сўз бораркан, “Бир миллион дастурчилар” лойиҳаси доирасида вилоятимиздан 33,1 минг нафар ўқувчи ва ўқитувчи якуний сертификатларни қўлга киритиб, республикада энг юқори кўрсаткич қайд этилганини, мазкур лойиҳа доирасида энг фаол информатика ўқитувчилар ТОП-100 талигининг 25 таси ҳудудимиз ҳиссасига тўғри келишини эътироф этмоқ жоиз. Шунингдек, бугунги кунда вилоят бўйича 700 нафарга яқин ёшлар IELTS сертификатини қўлга киритган, уларнинг 170 нафари мактаб ўқувчиларидир. Ушбу ўқувчиларнинг барчаси бугунги кунда муддатидан олдин олий таълим муассасалари талабаси бўлишди.

    Энг ғурурлиси, Навоий вилоятида республика миқёсида ягона бўлган ўқитиш методикаларимиз мавжуд. Мисол учун, вилоятимиз Финляндия билан имзоланган меморандум асосида 2030 йилга қадар 10 000 талаба гранд асосида энг нуфузли фин универститларида таҳсил олади. Финляндиялик ўқитувчилар айни пайтда Зарафшон шаҳридаги мактабда дарс беришмоқда. Шунингдек, IT соҳасини ривожлантириш мақсадида Япониянинг IT-академияси очилган бўлиб, хозирда ўз фаолиятини самарали давом эттирмоқда.

    Албатта, ушбу ютуқлар таълим тизимида ишлар рисоладагидек йўлга қўйилган, дегани эмас. Айниқса, олис ҳудудлардаги ёшларнинг таълим беришда сифат ўзгаришларига эришиш ҳамон долзарблигича қолмоқда. Бу борада Хатирчи тумани Тамабаҳрин маҳалласи бутун республикамизга ўзининг олий таълимга ўқувчиларни тайёрлаш тажрибаси билан машҳур бўлиб, ҳар йили уларнинг 4000 дан ортиқ ўқувчисидан 90-95 фоизи олий таълим бўйича орзу-ниятларига эришяпти. Бу мактаб — маҳалла — оила ҳамкорлигининг ибратли намунасига айланди. Энлиликда бу тажрибани кенг ёйиш устида иш олиб бориляпти.

    Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жорий йилдан эътиборан Навоий давлат кончилик институтида қишлоқ хўжалиги, Навоий давлат педагогика институтида тиббиёт факультетлари ўз фаолиятларини бошлайди.

    Шу ўринда “Ёшлар дафтари” доирасида олиб борилаётган ишларга ҳам мухтасар тўхталиб ўтсангиз?

    Албатта, барча ёшларни таълимнинг олий босқичига қамраб олиш имкони йўқ. Қолаверса, ёшларнинг ҳаммаси ҳам буни исташмайди. Бироқ уларга ҳаётда ўз ўрнини топиши, касбли, ҳунарли бўлишлари учун шароит яратиш, ўзларининг бизнесига асос солишларига кўмаклашиш жамиятнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан жорий этилган “Ёшлар дафтари” айни ана шу эзгу мақсадни назарда тутади.

    Бугунги кунда вилоят бўйича “Ёшлар дафтари”га киритилган 19 минг 602 нафар йигит-қизларнинг 18790 нафари ушбу дафтардан чиқарилди. (Бу юқорида биз келтирган вилоятимиздаги икки ОТМда таҳсил олаётган ёшлар билан қарийб тенг демакдир). Уларнинг 8591 нафари доимий ишга жойлаштирилган бўлса, 4682 нафарига ўз бизнесини йўлга қўйишлари учун имтиёзли кредитлар, “Ҳар бир ёшга бир гектар” тамойили асосида 2097 нафар ёшларга 1 гектаргача ер майдони ажратилди. 383 нафар йигит-қиз “Устоз-шогирд” анъанаси доирасида ҳунармандларга бириктирилди, 11 синф битирувчилари мактаб режасидан ташқари касбга ўқитилиб уларнинг аксар қисми эгаллаган касби йўналишида ўз ишларини йўлга қўишган ва ҳакозо.

    Вилоятда жами 11 та “Ёшлар саноат зонаси”ни ташкил этиш режалаштирилган, бунинг учун 45 гектардан ортиқ ер майдони ажратилди. Мазкур масканларда 292 та лойиҳани татбиқ этиш бўйича иш кетяпти, уларнинг қиймати 235,7 миллиард сўмни ташкил этади. Муҳими, мазкур лойиҳалар доирасида рақобатбардош маҳсулотлар тайёрланиши баробарида 1642 та янги иш ўрни яратилиши ҳам кўзда тутилган.

    Дунёда минг-минг йилдирки вақт билан боғлиқ мезон ўзгармаган. У соат, кун, ой, йил ва асрлар билан белгиланади. Лекин мамлакатимиз тарихининг кейингги йиллари ҳақида ўйласак, янгиланишлар шиддати ва тараққиёт одимидан вақт тезлашгандек туюлади, гўё. Бинобарин, шу қисқа вақт ичида Навоий вилоятида ҳам асрларга татигулик янгиланиш ва ўзгаришлар амалга оширилдики, уларнинг барчасини бир суҳбатга жамлаш ниҳоятда мушкул.

    Албатта, буларнинг барчаси олдимизга қўйилган вазифалар уддаланди, муаммолардан холимиз дегани эмас. Юртбошимиз таъкидланганидек, юксак марралар йўлида уларни четлаб эмас, бартараф этиб боришимиз зарур. Мазкур масалада табиийки, бирдамлик ва дахлдорлик ҳисси муҳим аҳамиятга эга. Бошқачароқ айтсак, бу Янги Ўзбекистоннинг ривожланиш ва салоҳият синергияси, яъни ягона мақсад йўлида кучлар бирлашишидир.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Абдурауф Қоржовов суҳбатлашди

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates